Бош саҳифаТаҳлилКОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши давлат аппарати ва фуқаролик жамияти институтларининг ушбу хавфли иллат билан курашдаги куч ва имкониятларини бирлаштириш имконини берди.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Коррупция инсонлар ҳуқуқларининг бузилишига, яшаш сифатининг ёмонлашувига, соф бозор механизмларининг бузилишига олиб келади, демократик тамойиллар ва ҳуқуқий тартиботни заифлаштиради, халқаро хавфсизликнинг уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа таҳдидларига кўмаклашади. Бугунги кунда ушбу хавфли ҳодиса жаҳоннинг барча – катта ва кичик, бой ва камбағал давлатларини ташвишга солиб келаётган глобал муаммодир.

Бугунги кунда коррупция жиноятлари бир мамлакат доирасидан чиқиб, глобал муаммога айланган. Ҳатто айрим давлатларда коррупциянинг ривожланиши халқаро муносабатларнинг бузилишига ҳам олиб келмоқда. Шу сабабли, коррупция муаммоси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа кенгаши, Америка давлатлари ташкилоти, Европа иттифоқи ва бошқа халқаро уюшмалар томонидан кўриб чиқилган ва унга қарши курашиш юзасидан бир қанча халқаро ҳужжатлар қабул қилинган. Жаҳон мамлакатлари ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан коррупцияга қарши курашиш мақсадида кўплаб конвенция, пактлар ва бошқа турдаги халқаро ҳужжатлар қабул қилиниб келинмоқда. Дунё миқёсида оррупцияга қарши курашиш бўйича қуйидаги халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим:БМТнинг “Коррупцияга қарши курашиш Конвенцияси”; Европа Иттифоқининг “Коррупция учун жиноий жавобгарлик тўғрисида”ги Конвенцияси; Европа Иттифоқининг “Коррупция учун фуқаровий жавобгарлик тўғрисида”ги Конвенцияси; Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида “Коррупцияга қарши сиёсатнинг қонунчилик асослари тўғрисида”ги модел қонуни; “Осиё Тараққиёт Банки ҳамда Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки Осиё ва Тинч океани коррупцияга қарши ҳаракат дастури”.

Зеро, давлатларнинг сиёсий тузилиши, иқтисодий-ижтимоий ривожланиш даражасидан қатъи назар, коррупция бутун дунёнинг кенг кўламли долзарб муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Коррупциянинг авж олиши оқибатида давлатга солиқ тушумлари камаяди, унинг хизматлари имкониятларидан фойдаланиш қийинлашади, моддий ресурсларнинг хусусий сектордаги тақсимоти кўзбўямачилик билан амалга оширилади ва иқтисодий аҳвол ёмонлашади. Коррупция хорижий сармоядорларнинг инвестция киритмаслигига сабаб бўлиб, халқаро ҳамжамиятда давлат тўғрисида салбий тасаввурларни юзага келтиради

Хўш, коррупция ўзи нима? Этимологик жиҳатдан “коррупция” сўзи лотин тилидаги “corruptio” сўзидан олинган бўлиб, мазмунига кўра “бузиш, сотиб олиш” маъноларини беради ва унинг грамматик жиҳатдан яна бир маъноси “коррозия” яъни “чириш” ёки “занглаш” деган мазмунни англатади. Шундан келиб чиқиб, бу сўзни жамиятга таъсири сифатида “ҳокимиятни бузиш орқали сотиб олиш” маъносида ҳам тушуниш мумкин. Ҳуқуқшунос тадқиқотчилар коррупцияни “ўз ваколати билан савдо қилиш” ёки “мансабфурушлик” деб таърифлайдилар ва унинг оқибатида давлатнинг бошқарув тизими таназзулга учраб, ҳокимият органлари жиноий гуруҳлар назорати остига тушиши мумкин, деб ҳисоблайдилар.

Одатда мансабдор шахс томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан, шунингдек, бу билан боғлиқ расмий нуфуз мақомидан, имкониятлар ва алоқаларидан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва ахлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади. Жамиятда коррупция оддий халқ вакилларининг юқори амалдорларга ёхуд давлат амалдорларининг ўзаро бир-бирларига бўлган муносабатидан келиб чиқади. Ушбу салбий ҳолатнинг ҳар қандай кўриниши жамиятни ҳалокат ёқасига олиб бориши муқаррардир. Коррупсиянинг тарихи антик даврларга бориб тақалади. Қадимги Юнонистон давлатида оддий халқ вакиллари оқсоқолларга ва турли даражадаги амалдорларга совға-саломлар беришган. Худди шундай ҳолатлар қадимги Мисрда ҳам кузатилган: бу ерда эркин деҳқонлар, ҳунармандлар ва ҳатто ҳарбий аъёнларга нисбатан ҳам ўзбошимчалик ва зўравонлик ишлатган ҳамда қонунбузарликларни ўзига касб қилиб олган амалдорлар бюрократик аппарати юзага келганди.

Миллий қонунчилигимизда мазкур атаманинг аниқ ҳуқуқий таърифи мавжуд бўлмасада, қонунларимизда коррупцияга мос келувчи хатти-ҳаракатга оид тушунчалар киритиб ўтилган. Асосий қонунимизнинг 2, 15, 30, 44 ва 58-моддаларида коррупцион ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий меъёрлар белгиланган. Масалан, Конституциянинг 2-моддасида “…мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъулдир”, 15-моддасида “Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар”, 44-моддасида “Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади” каби ҳуқуқий нормалар қатъий белгилаб ўтилган. Шунингдек, Ўзбекистон 2008 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2003 йил 31 октябрда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш конвенцияси”ни ратификация қилган.

Коррупция тушунчасининг ҳуқуқий жиҳатдан тарифланиши 2017 йил 3 январида қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда ҳам алоҳида изоҳлаб ўтилганлигини айтиб ўтиш зарур. Унда, “Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш”, дея тариф бериб ўтилган. Бундан ташқари, қонунда коррупция ҳаракати билан боғлиқ ҳолда кузатилувчи “коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик”,“манфаатлар тўқнашуви” каби тушунчалар ҳам бериб ўтилган.

Юқоридаги тариф ва таснифлардан келиб чиқиб, демак, коррупция – амалдаги ҳокимиятнинг обрўсизланишига, жамиятнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада давлатга нисбатан норозиликнинг шаклланишига сабаб бўлади. Бошқача айтганда, жамиятда коррупциянинг ривожланиши ўша давлатнинг, энг аввало маънавий таназзулига олиб келади.

Халқ тилида соддагина қилиб – коррупция, деб аталувчи ҳодиса барча ислоҳотлар илдизига болта ураркан, уни келтириб чиқарувчи сабаб ва қарши кураш чораларини билишимиз лозим бўлади.

Коррупциянинг келиб чиқиш илдизи қаерда?
Унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, коррупцияга қарши курашнинг самарали йўлларини топиш бўйича мутахассислар, турли институтлар ва халқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар ўтказилган. Ўзига хос рейтинглар тузилиб, ҳар хил кўрсаткич ва рақамлар қайд этилган жадваллар яратилган. Ҳатто коррупциянинг хилма-хил кўринишидаги формулалари ҳам ишлаб чиқилган. Ҳанузгача, барча миллатлар учун қўл келадиган қарши курашда асқотадиган ягона ечим йўқ.

«Коррупциянинг келиб чиқиши инсон нафсиданми?
Албатта, бизнинг бу эҳтимолимиз бежизга эмас. Чунки инсоният пайдо бўлибдики, уни нафси бор, нафс бўлган жойда суиистеъмолчиликлар бўлади. Келинг, шу ўринда, коррупциянинг келиб чиқиш сабабларига эътибор қаратайлик. Тадқиқотчилар коррупциянинг асосий сабаблари сифатида тўртта омилни кўрсатадилар.

Биринчиси – иқтисодий сабаблар. Бу ҳақда, муҳтарам Президентимиз ўзларининг чиқишларида кўп маротаба сўз юритиб келади. Коррупциянинг бу кўриниши ижтимоий ва иқтисодий ҳаётни бевосита маъмурий йўл билан бошқаришга интилган ҳокимият ва бюрократиянинг мавқеи баланд бўлган давлат шароитида ривож топади. Иқтисодий фаолиятга нисбатан ўрнатилган турли хилдаги чеклашлар, амалдорларнинг кенг, назоратдан холи, чекланмаган ёки рухсат бериш, ёки тақиқлаш ваколати коррупцияга замин яратади. Шу билан боғлиқ ҳолда, йирик маблағларга эга бўлган айрим ишбилармонлар ўз даромадларини кўпайтириш мақсадида ва рақобатда алоҳида имтиёзларга эга бўлиш учун ҳукумат амалдорларини пора эвазига сотиб олиб, уларни ўз ихтиёрларига бўйсундиришга интиладилар.
Иккинчиси – ҳуқуқий сабаблар. Коррупциянинг ривожи қонунларнинг сифатига боғлиқдир. Мукаммал бўлмаган қонунлар ишламайди ва айрим уддабуронлар бундан усталик билан фойдаланадилар.
Учинчиси – институционал сабаблар бўлиб, уларга аввало, давлат бошқаруви тизимидаги нуқсонлар, демократик институтларнинг кучсизлиги, шунинг натижасида, ҳукумат фаолиятининг ёпиқлиги ёки фуқаролик назоратидан холилиги киради.
Тўртинчиси – ижтимоий сабаблар ёки жамиятдаги муҳит, аҳолининг ҳуқуқий билими, маданият даражаси, маънавияти, уюшқоқлиги ва жамоат фаоллиги пастлиги каби омиллардир.

“Транспаренcи Интернашионал” халқаро ташкилотининг 2021-йил учун чиқарган Коррупция индексидан маълум бўлишича, дунё мамлакатларининг 86 фоизи охирги 10 йилда коррупцияга қарши курашда бирор ижобий силжишга эришмаган. Коррупция чуқур илдиз отган мамлакатлар айни пайтда инсон ҳуқуқларини поймол этишда ҳам етакчи экани қайд этилган. Ҳуқуқлар поймол этилиши натижасида демократия заифлашиб, коррупциянинг янада чуқур илдиз отишига сабаб бўлади. Коррупциянинг глобал ўртача кўрсаткичи 100 балли тизимда 43 баллни ташкил этган. Жами давлатларнинг учдан икки қисмида бу рақам 50 дан паст. Рақам қанча паст бўлса, коррупция янада кенг томир ёзганини англатади. Коррупция энг кам деб топилган давлатлар рўйхатини Дания (88), Финляндия (88) ва Янги Зеландия бошқармоқда. Рўйхатнинг энг қуйи қисмида, яъни коррупцияга чуқур ботган ўлкалар қаторида Сомали (13), Сурия (13) ва Жанубий Судан (11) турибди.

Ўтган 10 йил ичида 154 давлатда вазият ёмонлашган ёки ҳеч қандай ижобий ўзгариш юз бермаган. Коррупцияга қарши курашда вазият ижобий томонга ўзгарган мамлакатлар ҳам мавжуд. Улар орасида Марказий Осиёдан Ўзбекистон бор. Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон охирги йилларда коррупцияга қарши кураш бўйича ўз рейтинги(28)ни яхшилаб бормоқда. 2012-йилдан бери мамлакатимизнинг индексдаги кўрсаткичи 11 баллга ўсган. Демократлаштириш жараёнини жадаллаштириб, шунингдек, ҳукумат идораларида коррупцияга қарши курашни жонлантириб, Ўзбекистон минтақада бошқалар учун намуна бўлмоқда, дейилади ҳисоботда.

БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили бутун дунёда салкам 1 триллион доллар ҳажмидаги маблағ пора учун сарфланмоқда. Ушбу маълумотнинг ўзиёқ ўзиёқ, мазкур жиноятга қарши курашишиш ҳатто жаҳон миқёсида қанчалик мураккаб кечаётганидан, долзарблик касб этаётганидан дарак. Албатта ушбу муаммо ва унинг оқибатлари ниҳоятда улкан, зеро коррупция иқтисодиётнинг самарасизлигига ва издан чиқишига олиб келади. Пора миқдорининг ўсиши нарх-навони қимматлаштириб, хизмат ва товарлар сифатини ёмонлаштиради. Ўз навбатида, бундай ҳолат тараққиётга жиддий халақит беради. Шунинг учун суд, прокуратура ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги салоҳиятини мустаҳкамлаш масаласи устувор саналади. Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий муассасалар ва фуқаролик жамияти институтлари билан фаол ҳамкорликни амалга ошириш, шунингдек, бу соҳада ахборот-маърифат тарғиботи ишларини рағбатлантириш зарур.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6257-сон Фармонига мувофиқ ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилишини самарали ташкил этиш мақсадида: 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда (кейинги ўринларда — давлат органлари ва ташкилотлари) ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилди.

Айни пайтда глобаллашув давридаги воқеликлар, хусусан, баъзи янги мустақил давлатларда юз бераётган сиёсий силсилалар оқибатида коррупция миллий хавфсизликка ҳам жиддий таҳдид солаётгани яққол намоён бўлмоқда.
Албатта, коррупциянинг вужудга келиш, умумий жиҳатлари, ўхшашликлари ва ривожланиш сабаблари турли мамлакатларда тарихий босқич ва ижтимоий-иқтисодий эврилишлар даражасига мутаносиб равишда турлича бўлиши мумкин. Шу сабабли коррупциянинг олдини олиш ва унга барҳам беришнинг ҳаммабоп, яъни ягона йўриқномаси мавжуд эмаслиги боис унга қарши универсал маъмурий-ҳуқуқий воситаларини ишлаб чиқиш амалда мураккаб масала.

БМТ Тараққиёт дастури жаҳон иқтисодиёти айнан коррупция ҳолатлари туфайли йилига 2,6 триллион доллар маблағ йўқотаётганини, жамият тараққиётининг энг хавфли кушандасига айланган бу иллатга қарши фақат биргаликда кураш олиб боришгина кутилган самарани келтиришини бот-бот таъкидлаётгани ҳам бежиз эмас.

МДҲ мамлакатларида ҳам коррупция даражаси жуда юқори. Шу сабабли ҳам 2010 йили Россия Федерациясида “Коррупция – биринчи рақамли душман”, деб эълон қилинган. Масалага бундай кескин ёндашув бежиз эмас, албатта. Бир гуруҳ тадқиқотчиларнинг фикрича, МДҲга аъзо давлатларнинг бозор иқтисодиётига ўтиш даврида коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг келиб чиқишига асосан иқтисодий соҳадаги қуйидаги омиллар сабаб бўлди:
биринчидан, давлат бошқарув органлари мансабдор шахсларида даромад декларациясининг йўқлиги, уларнинг коррупция йўли билан топилган маблағларини ўзганинг номидан банкка қўйиб, юқори фоизлар асосида жамғармаларни кўпайтириб олишга имкон берди;
иккинчидан, давлат бюджетини тўлдириш ва бюджет маблағларини тақсимлаш жараёни устидан жамоатчилик назоратининг йўқлиги давлат бошқарув органлари хизматчилари томонидан мансаб ваколатларини суистеъмол қилиб, ундан пора-хўрлик мақсадларида фойдаланилишига олиб келди;
учинчидан, экспорт ёки импорт операцияларининг бажарилиши тизимли равишда йўлга қўйилмаганлиги сабабли ташқи иқтисодий алоқаларни амалга оширувчи давлат бошқаруви органларида коррупциянинг кучайишига имкон яратиб берди;
тўртинчидан, хўжалик юритувчи субъектларга кўплаб имтиёзлар берилиши давлат бошқарув органлари масъулларининг коррупция мақсадларида фойдаланишида қўл келди;
бешинчидан, тижорат банкларидаги мансабдорларнинг коррупционер кимсалар билан ўзаро ҳамкорлик қилиши давлат бошқарув органларидаги маъсул шахслар томонидан имтиёзли кредитларни олиш вақтида хизмат ваколатидан фойдаланиб, сунъий босим ўтказиш орқали қўшимча имкониятларга эга бўлишига олиб келди;
олтинчидан, давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнининг етарли даражада назоратга олинмаганлиги, мансабдор шахслар томонидан давлат мулкининг паст нархларда ўзаро келишув асосида баҳолаб сотилиши, ишончли шахслар орқали давлат мулки объектларининг ўзлаштириб олинишига олиб келди;
еттинчидан, давлат томонидан қабул қилинган айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупция ҳолатининг олдини олиш бўйича тегишли моддаларнинг мавжуд эмаслиги.

Шубҳасиз, агар коррупция иллати соф ҳуқуқий ҳодиса бўлганида эди, унга қарши қонун-қоидаларни кўпайтириш ва жазо чораларини кучайтириш орқали уни мағлуб этиш мумкин бўларди. Дейлик, Хитойда коррупция жиноятини содир этганлик учун ўлим жазоси белгиланган. Аммо шунга қарамай, бу иллатнинг илдизи буткул йўқ бўлмаяпти. Зеро, ҳар қандай мамлакатда коррупцияга қарши кураш ва унинг жамиятдаги салбий оқибатларининг олдини олиш долзарб масалалардан бири бўлиб ҳисобланади. Айниқса, давлат бошқарув органларининг самарали ва натижали фаолият юритиши учун қонун устуворлиги тамойилига амал қилиниши шахс, жамият ва давлатнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини амалга оширилишини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир.

Айни пайтда коррупцияга қарши изчил кураш олиб боришда иқтисодий-сиёсий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга ошириш долзарб аҳамият касб этади. Жумладан, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли тизимли ислоҳотлар жамиятда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлиб, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди. Бироқ, ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб қолмайди. Чунончи шахс ҳамда жамият манфаатларини янада самаралироқ ҳимоя қилиш, коррупциянинг олдини олишнинг ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш эҳтиёжини вужудга келтирди.

Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек “Албатта, биз режлаштираётган барча ўзгаришларнинг ниҳоятда кўп қиррали ва ўта муҳим эканини мен чуқур тушунаман. Бироқ йўлимизда қандай тўсиқ ва қийинчиликлар, кескин ва долзарб муаммоларга дуч келсак ҳам, шошма – шошарлик билан, пала – партиш қарорлар қабул қилишга, яхши ўйлаб кўрилмаган хатти – ҳаракатларга йўл қўйишга ҳаққимиз йўқ”.
Шак-шубҳасиз, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда бу иллатга қарши курашнинг ҳуқуқий механизми яратилган бўлиб, унда давлат ва жамият тақдири, халқ келажагига, қолаверса, ҳар бир фуқарога дахлдор бўлган ҳуқуқий-норматив муҳим ҳужжатдир.

2020 йил 29 июнда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бу борада давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш билан бирга, ана шу кўрсаткични яхшилаш устида кўп ишлаши керак. Бунда бир омилга аҳамият берилиши, яъни кўчмас мулк сотиб олинаётганда пулларнинг келиб чиқиши қонунийлиги текширилиши зарур.

Бундан ташқари, аҳоли табақалари даромадларининг фарқланиш миқдори кескин ўзгаргани иқтисодчиларни ташвишга солмоқда. Расмий маълумотларда 10 фоиз энг бадавлат кишилар даромади энг камбағал фуқароларнинг даромадларидан 10-15 марта ошиб кетганлиги маълум бўлмоқда. Кўплаб экспертлар “яширин иқтисодиёт” ҳисобга олинганда, ўртадаги ҳақиқий тафовут 25-40 маротаба эканлигини қайд этмоқда. Ҳозирги кунда яшаш минимумидан паст даражада кун кечираётган камбағал аҳоли 15 фоиздир. Бу масалада 2019 йилдан бошлаб катта силжиш кузатилган, ҳатто бутун бир вазирлик ишлаётган бўлса-да, ўртадаги фарқнинг кучайиб бориши жамият қатламларида турли фикрларни пайдо қилиши мумкин. 2020-2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида коррупцияга қарши ички назорат тизими (“комплаенс-назорат”)ни босқичма-босқич жорий этиш чоралари кўрилиши соҳада туб ўзгаришларга туртки бера бошлади. Агентликка халқаро конвенция талабларини бажариш мақсадида ушбу йўналишдаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий координатори вазифа ва ваколатлари юклатилиши, мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиши идоранинг мақом ҳамда нуфузини янада оширишга хизмат қилади. Демак, миллий тараққиётга тўсиқ бўлиб келаётган коррупцияни бартараф этиш йўлида дадил қадамлар ташланмоқда. Энг асосийси, коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз.

Шу билан бир қаторда коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбияни кучайтириш давр талабидир. Зеро, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти етук бўлган фуқаролар коррупцияга йўл қўймайдилар. Шу сабабли ҳам биз жамоатчилик назоратини, давлат фаолияти, яъни, унинг ҳуқуқ-тартибот идоралари устидан ҳам жамият, жумладан, сиёсий партиялар ва депутатлар назоратини ҳар томонлама кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Ана шунда коррупцияга қарши кураш изчил ва тизимли равишда амалга оширилади.
Ташпўлат Матибаев,
социология фанлари доктори, профессор,
халқ депутатлари Тошкент шахар Кенгаши раиси ўринбосари

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img