Бош саҳифаТаҳлилКоррупция – тараққиёт йўлидаги ғов

Коррупция – тараққиёт йўлидаги ғов

Коррупция давлат ва жамият фаровонлиги, тараққиёт учун энг жиддий хавф-хатарлардан бири. Занг темирни емиргани каби, корруция жамиятни емиради, чиритади. Шу сабабли коррупцияга адолат, тараққиёт тушунчалари бегона. Бу борада ҳамманинг ўзига хос фикри, тасаввури ва тушунчаси бор. Қонун тили билан айтганда, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.

Бугунги даврда ҳеч бир давлат коррупциядан холи эмас. Аммо унга қарши курашмаслик фалокатга элтади. БМТ Тараққиёт дастурида жаҳон иқтисодиёти айнан коррупция ҳолатлари туфайли йилига 2,6 триллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўқотаётганини, жамият тараққиётининг энг хавфли кушандасига айланган бу иллатга қарши фақат биргаликда кураш олиб боришгина кутилган самарани бериши таъкидланган.

Ҳар йили халқаро ташкилотлар коррупцияга қарши кураш борасида дунё давлатларининг вазиятини таҳлил қилиб боради. “Транспаренcи Интернашионал” халқаро ташкилоти шулар жумласидан. 2021-йил учун чиқарган Коррупция индексидан маълум бўлишича, дунё мамлакатларининг 86 фоизи охирги 10 йилда коррупцияга қарши курашда бирор ижобий силжишга эришмаган. 154 давлатда вазият ёмонлашган ёки ҳеч қандай ижобий ўзгариш юз бермаган. Коррупцияга қарши курашда вазият ижобий томонга ўзгарган мамлакатлар ҳам мавжуд. Улар орасида Марказий Осиёдан Ўзбекистон бор. Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон  охирги йилларда коррупцияга қарши кураш бўйича ўз рейтингини яхшилаб бормоқда. 2012-йилдан бери мамлакатимизнинг индексдаги кўрсаткичи 11 баллга ўсган. Демократлаштириш жараёнини жадаллаштириб, шунингдек, ҳукумат идораларида коррупцияга қарши курашни жонлантириб, Ўзбекистон минтақада бошқалар учун намуна бўлмоқда.

“Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш масалаларини самарали ечиш устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.
Шавкат Мирзиёев”

Албатта, ушбу муаммо ва унинг оқибатлари ниҳоятда улкан, зеро коррупция иқтисодиётнинг самарасизлигига ва издан чиқишига олиб келади. Пора миқдорининг ўсиши нарх-навони қимматлаштириб, хизмат ва товарлар сифатини ёмонлаштиради. Ўз навбатида, бундай ҳолат тараққиётга жиддий халақит беради. Шунинг учун суд, прокуратура ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги салоҳиятини мустаҳкамлаш масаласи устувор саналади. Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий муассасалар ва фуқаролик жамияти институтлари билан фаол ҳамкорликни амалга ошириш, шунингдек, бу соҳада ахборот-маърифат тарғиботи ишларини рағбатлантириш мамлакатимизда устувор вазифага айланди.

Коррупция бир неча минг йиллик тарихга эга. Ёзма манбаларда коррупция ҳақида эрамиздан аввалги Шумер подшолиги даврида эслатиб ўтилади. Коррупция бизнинг кунларгача етиб келганлиги шундан далолат берадики, бошқа иллатлар каби, уни ҳам таг-туги билан йўқотиб бўлмайди. Бироқ жамият ривожига хавф солувчи коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашилмаса, палак отиб кетади. Инсон нафсини тиёлмаса, бойликка, зебу-зийнатга ружу қўйса, маънавий оламини бойитмаса, илм ўрганмаса, ҳалол ва ҳаромни ажратишга одатланмаса, бу иллат домидан чиқолмайди.  

Бозор иқтисодиёти тизими кушандаси, давлатлар ўртасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик, бизнес ҳамда инвестиция ривожида шафқатсиз тўсиқ ҳам айни шу коррупция ҳисобланади. Ҳар йили у ёки бу давлатда ўнлаб қўшма корхоналарнинг очилиши ва ёпилиши замирида ана шу “кўринмас қўллар” ётади. Коррупция даражаси юқорилашган давлатга чет эл инвестициясини киритиш камайиб бораётганининг асл сабабларини ҳам шу хавфли иллатдан излаш лозимга ўхшайди. Олдин Ғарб, кейинроқ Осиё давлатларида бу масала чуқурлашиб, жамиятда “касаллик” ҳудуди, кўлами ва даражаси кучайиб бораётган экан, нима қилмоқ керак, деган доимий савол пайдо бўлади. Нима қилса, дунёни эгаллаб, мамлакатлар иқтисодиётига рахна солаётган бундай бало-қазонинг таъсир доираси камаяди?! Мамлакатда коррупция схемалари, меҳнат қилмасдан тезда бойиб қолиш механизмлари, ишланган усуллари “занжири” узиб ташланмас экан, давлатимизнинг ҳар қандай сиёсий, иқтисодий ислоҳотини ҳаётга олиб кириш, халқни фаровон қилиш вазифаси қоғозда қолиб кетаверади.

“Нозик”, “чигалроқ” ушбу масалада давлатнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари бирмунча ҳушёр, зийрак бўлиши, шунингдек, нодавлат ташкилотлари, турли комиссиялар, журналистлар, мустақил судлар тизими фаолроқ ишлаши ҳақида тадқиқотчилар анчадан бери ёзиб келади. Сиёсатчилар, социологлар, психологлар, тарихчилар, давлат ҳамда жамоат органлари, сиёсий партиялар, энг муҳими, амалиётчилар масалани таҳлил этиш ва ечимини топиш устида бош қотириши лозим.

Порахўрлик ва коррупция ўзбек жамиятининг ривожланишига, хусусан, демократик янгиланиш ҳамда модернизациялаш жараёнига ҳар жиҳатдан халақит бермоқда. Гарчи бу масала узоқ йиллардан бери таъкидланиб, “қўлга тушган” амалдорлар телевидение ва матбуотда намойиш этилганига қарамасдан, суд, прокуратура, идора раҳбарлари ҳамда оддий фуқароларнинг қон-қонига сингиб кетган феодализм сарқитлари, тамагирлик, бюрократия жамиятимиз ҳаётидан йўқолиб кетмаяпти. Коррупция, биринчидан, жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этмай қолмайди; иккинчидан, фуқароларимизда ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишини кўпайтиради; учинчидан, сиёсий институтлар, жамоат ташкилотлари шаклан демократик мезон, Ғарб андозасига ўхшаса-да, мазмун-моҳиятига кўра, замон талабидан орқада қолмоқда, бу камчилик эса олдинга силжишимизга халақит беради. Давлат ва жамиятда инсон онги, дунёқараши билан боғлиқ муаммолар таҳлилидан келиб чиқсак, собиқ иттифоқдан мерос қолган коррупция иллатига қарши курашда ҳали анча азият чекишга тўғри келади. Сабаби Хитой ва Сингапурникига ўхшаган юқоридан қуйигача қатъий ишлайдиган иерархия тизими ҳали тўлиқ ишга тушмаган. Лекин бу табиий жараённи сунъий равишда секинлаштирмаслик ёки айрим кучларнинг тазйиқи остида “тўхтатмаслик” лозим.  

Жамиятда устувор соҳа — таълим тизимида таҳсил оладиган ўсмирлар, ёшлар онгида коррупция, порахўрлик энг ёмон иллат эканини очиб бериш лозим. “Жамиятда порахўрлик иллатини енгиб бўлмайди”, деган фикр ёшлар онгида шаклланиб қолгани энг катта камчилигимиз. Бу борада ўнгланиш, силжиш қилмасак, миллатимиз обрўсига коррупция иллати соя солиб тураверади. Токи, биз оилада, боғчада, мактабда ўғил-қизларимиз онгига, руҳиятига тамагирлик, порахўрлик ёмон иллатгина эмас, балки у жамиятимиз таназзули, иқтисодиётимиз орқага кетиши сабаби эканлиги ҳақида кўпроқ тарбиявий ва тарғибот ишларини олиб бормасак, мақсад-муддаога эриша олишимиз қийин. Коррупцияга қарши кураш барча ташкилот ва идораларда изчиллик билан олиб борилиши зарур.

Шу нуқтаи назардан биз Тошкент шаҳар ҳокимиятида ходимлар учун тегишли ҳужжатлар, низом ва йўриқномаларни ишлаб чиққанмиз, қолаверса, тарғибот-ташвиқот ишларини мунтазам ўтказаяпмиз. Давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларида манфаатлар тўқнашувини бошқариш бўйича НИЗОМ, Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши
курашиш бўйича сиёсати Давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш УСЛУБИЁТИ, Давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларида коррупцияга қарши кураш тизимининг ҳолати тўғрисидаги ҳисоботни шакллантириш ва тақдим этиш бўйича НИЗОМ, Давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларига алоқа каналлари орқали коррупциявий хатти-ҳаракатлар тўғрисида келиб тушган хабарларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш РЕГЛАМЕНТИ, Давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларида Коррупцияга қарши тартиб-таомилларнинг самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиш УСЛУБИЁТИ, Давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг ҳудудий ва таркибий бўлинмалари ходимларининг коррупциявий хатти-харакатлари ва одоб-аҳлоқ қоидаларини бузиш ҳолатлари устидан хизмат текширувлари ўтказиш бўйича РЕГЛАМЕНТ шулар жумласидандир.

Бу ҳужжатларнинг барчасида коррупциянинг олдини олиш, таниш билишчилик, уруғ-аймоқчилик, қарнидошларни ишга солиш каби коррупциянинг олдини олишга хизмат қиладиган чора-тадбирлар белгиланган.  Шунингдек, биз туман ҳокимликларида бот-бот давлат муассасаларида учрашувлар ўтказиб, ходимларни коррупцияга қарши муросасиз бўлишга чақириш билан бирга, учраётган коррупция ҳолатлари, айрим ходимлар томонидан амалга оширилган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фош этган жиноий ҳаракатлар тўғрисида маълумотлар бериб бораяпмиз. Тадбирларда бу каби иллатларнинг олдини олиш, меҳнат жамоаларида виждонан ҳамда ҳалол хизмат қилиш борасида сўз юритаяпмиз.

Шубҳасиз, давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши давлат ҳокимиятининг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозиликка сабаб бўлади. Бошқача айтганда, муайян давлатда коррупциянинг ривожланиши ўша давлатнинг иқтисодий-маънавий таназзулига, халқаро майдонда обрў-эътиборининг сусайишига олиб келади.

Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда бу иллатга қарши муттасил кураш олиб борилмоқда. Хусусан, 2022 йил 1 январдан бошлаб, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун тегишли ҳуқуқлардан фойдаланиш имконияти берилгани эътиборга молик. Биринчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг электрон маълумотлар базаларидан коррупцияга оид маълумотларни олиш ҳуқуқига, иккинчидан, тадқиқотлар ва маъмурий суриштирувлар ўтказиш ҳамда таҳлилий материаллар тайёрлаш бўйича қўшма ишчи гуруҳларини тузиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жиноят ишини қўзғатиш  ёки бошқа таъсир чораларини кўриш учун коррупция фактлари тўғрисидаги хабарларни юбориш ва ушбу хабарларни текшириш натижалари бўйича қабул қилинган қарор тўғрисида маълумотни талаб қилиб олиш ҳуқуқлари берилмоқда.  

Бугун ҳар биримиз жирканч иллатга қрши кураш масаласида ҳушёрликни қўлдан бой бермаслигимиз зарур. Бефарқ, лоқайд бўлар эканмиз, тараққциётга тўғаноқ бўлаётган бу иллатдан халос бўлолмаймиз. Уни бартараф этмас эканмиз, жамият дарахти мева тугиб, гуркираб ўсолмайди. Келажак авлод бу дарахтнинг саховатидан баҳраманд бўлолмайди. Коррупция муқаррар фалокатдир. У келажакка ишонч, умид руҳини сўндиради. Жамиятда руҳсиз ва кайфиятсиз инсонларнинг кўпайишига, ўғрилик, каззоблик, айёрлик каби иллатларнинг палак ёзишига сабаб бўлади. Ислоҳотни маиший коррупцион ҳолатларнинг олдини олишдан бошлашимиз даркор. Коррупцияга қарши фақат сиёсат билан эмас, жамиятда соғлом фикрлашни йўлга қўйиб, курашсак мақсадга эришамиз. 

Мухтасар айтганда, коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий ва молиявий механизмларини такомиллаштирилаётгани, бу жараёнга жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини жалб қилиш ҳамда коррупциянинг олдини олиш бўйича идоралараро ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар албатта, ўз самарасини беради. Энг асосийси, коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз.

Шуҳрат Турдиқулов,
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Коррупцияга қарши ички
назорат бўлими бошлиғи

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img