Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонКОНСТИТУЦИЯ — ЖАМИЯТ ҲАЁТИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ

КОНСТИТУЦИЯ — ЖАМИЯТ ҲАЁТИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ

Конституция ─ бу давлатнинг энг асосий қонуни ҳисобланади. У ўзида давлат, хокимият, халқ, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, уларнинг кафолатлари, бурчлари, жамият, ташқи сиёсат каби барча жабхаларни қамраб олади. Қонун устуворлиги, албатта конституцияга таянган холда юксалиб бораётган давлат бошқарувида ифодаланади.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев асосий қонуннинг моҳияти тўғрисида фикр юритиб қуйидагиларга эътибор қаратган: “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда. Ўзбекистонимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади, том маънода улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди. Ана шу машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимизни, энг аввало, Конституциямиз билан боғлашимиз, албатта, бежиз эмас. Нега деганда, Асосий қонунимиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб берди . Шу ўринда бизда Конституция тушунчаси бўйича сўз юритиш лозим. Конституция сўзи ўзининг узоқ тарихига эга бўлиб, у лотинча “constitution” сўзидан олинган ва «тузиш», «тузук», «низом», «тузилиш», «яратиш» деган маьноларни англатади . Қадимги даврларда ҳам конституция сўзи сиёсий тузумни билдирган. Жумладан, Қадимги Римда императорнинг қарорлари қонун кучига эга бўлган бўлса, XIV-XV асрларда эса марказий халқлар давлатларининг холатига хал қилувчи таъсир ўтказган “Темур тузуклари” шариат билан бир қаторда амал қилган алоҳида шаклдаги конституциявий хужжат бўлган.

XVII асрда Францияда “конституция” атамаси билан “давлатнинг тузилишини” ифодалай бошлаганлар Ҳуқуқшунос олимлар А. Саидов ва У. Тожихоновлар конституцияларни 2 гурухга бўлади: Биринчи гурухга бугунги кундаги конституциялардан кескин фарқ қиладиган шароитларда қабул қилинган конститусиялар. Бундай конституцияларнинг энг ёрқин намунаси ─ 1787 йилги АҚШ Конституцияси, 1831 йилги Бельгия ва 1874 йилги Швейцария конституцияларидир.
Иккинчи гурухга XX асрнинг иккинчи ярмида қабул қилинган “Янги авлод” конституциялари киради. “Янги авлод” конституциялари дастлабки конституциялардан ҳуқуқ ва эркинликлар институтининг, конституцияни мухофаза қилиш ва ижтимоий муаммоларга мурожаат этиш механизмларининг кенгайиш оқибатида конституциявий жихатдан тартибга солиш ҳажмининг кенгайиши билан фарқ қилади.

ХХ асрнинг бошларида Туркия, Эрон, Миср каби шарқ мамлакатлари давлат мустақиллигининг шаклланиш жараёда Европанинг конституциявий шаклларини ривожланган фуқаролик ҳуқуқи анъанавий мусулмон ҳуқуқи билан уйғунлаштирган ҳуқуқ қадриятларини ўзида мужассамлаштирган конституциявий тип вужудга келтирилган.
Осиёда мустақил давлатларнинг иккинчи даври 1940-1950 йиллардаги конституцияси аралаш холда ташкил топган. Мисол учун Британия қонун ижодкорлиги Франция, Италия конституциясининг фуқаролик холатига тегишли бўлган қисми билан уйғунлашган. Ҳиндистон конституцияси бунинг ёрқин ифодасидир.
АҚШ конституциясида биринчи бор етарлича тўла мустахкамланган федерализм принципининг таъсири кўзга ташланади . Ғарб мамлакатларининг кучли таъсири бўлишига қарамасдан Осиё мамлакатлари ўз конституцияларида миллий хусусиятларни сақлаб қолганлар.

Шундай давлатлар хам бор-ки, улар конституциянинг зарурлик жихатини инкор этишга харакат қилишади. Саудия Арабистони, Уммон, Ливия каби исломий давлатлар ислом учун ёт бўлган ҳуқуқий ахамиятга эга бўлган хужжатларни рад этиб, унинг жамият хаётидаги ўрнини камайтиришга уринганлар. Мисол учун 1973 йилда 1968 йилги Свазиленд Конституцияси бекор қилинган.
Ўзбекистон худудида илгари Туркистон ССРнинг 1918,1920 йиллардаги, Ўзбекистон ССРнинг 1927, 1937, 1978 йилларда амалда бўлган барча конституциялари Ўзбекистоннинг мустақиллигини, ундаги барча халқ ва элатларнинг эркинлини таъминлайдиган конституциялар эмасди. Ушбу конституциялар РСФСРнинг 1918 йилда қабул қилинган Конституциясидан тўлақонли асос қилиб олинган. Шунинг учун хам ушбу конституцияларда халқнинг ижтимоий-сиёсий, маданий хаёти, миллий ўзига хослиги ва ҳуқуқий ҳимоясига доир масалалар ўз аксини топмаган.

Конституция олий юридик кучга эга норматив хуқуқий хужжат ҳисоланади. У давлатнинг сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ҳуқуқий тизимини белгилаб беради. Азалдан барчамизга маълумки, мустақиллигини қўлга киритган ҳар қандай давлат ўз конституцияси, ўз давлат рамзларига эга бўлишга интилади. Шу муносабат билан ҳам Ўзбекистон Республикаси 1991 йилда мустақиллигини қўлга киритгач давлат конституциясини қабул қилиш каби оғир масала турарди. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қабул қилиш учун мухокамаларни бошлаб юборилади, шу бўйича 1992 йил сентябрь ҳамда ноябрь ойларида умумхалқ муҳокамаси ўтказилади. Умумхалқ мухокамасида мамлакатимизнинг турли вилоятларидан 6000дан ортиқ таклифлар келиб тушади. Таклиф ва мулохазалар ўрганиб чиқилиб, унинг якуний хулосаси ўнинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида 1992 йил 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан ушбу асосий қонунда мустахкамланди.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Конституциянинг асосий мохияти шундаки, у жамият ва унинг аъзолари олдиган мақсад қўяди. Ана шу эзгу мақсадга эришишнинг йўлларини озида мужассам этади. Шу ўринда давлат, оила ва жамият манфаатлари, соддароқ қилиб айтсак, давлат ва инсон манфаатлари уйғунлашиб кетмас экан, ривожланиш сари олға силжиб бўлмайди” деб таъкидлаган.

Шу муносабат билан мустақил Ўзбекистон Конституцияси қабул қилиниши бир қатор жихатлар билан тавсифланади: 1) Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгандан сўнг муқаррар равишда ўзининг Асосий қонунини қабул қилишга зарурат туғилган, чунки ҳар бир мустақил давлат ўзининг конституциясига эга бўлиши керак; 2) бозор иқтисодиёти томон одимлаб, бутунлай янги иқтисодий тузумга ўтишда жамиятнинг сиёсий, иқтисодий, маънавий ҳаётидаги энг асосий муносабатлар Конституция билан тартибга солинади; 3) Конституция мустақил равишда жаҳон ва тарихий конституциявий тажриба ва амалиётдан келиб чиқиб тайёрланди; 4) Асосий қонунимизда янги конституциявий институтлар ўз аксини топган, бундай институтлар жумласига президентлик ва хокимлик институлари, конституциявий суд, сайлов тизимидаги ўзгаришлар, кўппартиявийлик, мулкчиликнинг хилма хиллиги кабилар киради. 1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши дунё сиёсий харитасида янги суверен давлат қарор топганлигини ифодалаб, ушбу давлватнинг мустахкамланиши ҳамда ривожланишининг ҳуқуқий асосини ташкил этди.

Асосий эътиборга молик жиҳати шундаки, Конституция ўзида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлиги ғоясини мужассам этди. Давлат суверенитети ва халқ ҳокимиятчилиги, ҳокимиятни ташкил этиш, давлат билан шахс, жамият билан инсон ўртасидаги муносабатларнинг барчасини инсон энг олий қадрият эканлиги татқиқ этилади . Ўзбекистон Республикасининг Конституциси 6 бўлим, 26 боб ва 128 моддадан иборат бўлиб, Конституциянинг муқаддимасида унинг асосий мақсади ва қоидалари ифодаланган. “Ўзбекистон Республикасининг Конституциси энг демократик, халқаро миқёсда эътироф этилган меъёр ва талабларга жавоб беради” Конституциямиз жахон конституциявий тажрибасига таяниб, ундаги энг ижобий жиҳатларни ўзида акс эттиради, у милий қонунчилигимиз асоси, мустақил давлатчилигимизнинг асосий қонунидир. Ҳар қандай давлатнинг Конституцияси унда яшовчи халқнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради.  Шунинг учун Конституциямизда ўзига хос жиҳатлари, энг аввало, унда тарихий давлатчилигимиз тажрибаси ва миллий қадриятларимиз, маданиятимиз, ахлоқимиз сингдирилганлигидан келиб чиқади . Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олиниши ҳамда бирорта ҳам қонун ёки норматив-ҳуқуқий хужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келмаслиги жамиятимизда қабул қилинаётган янги қонунлар, ҳуқуқий ахамиятга эга хужжатлар учун шпаргалга вазифазини ўтайди.

Конституция ва қонунларнинг пировард мақсади инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборат бўлмоғи лозим. Зотан улуғ бобомиз Амир Темур таъкидлаганидек, “Қаерда қонун хукмронлик қилса, шу ерда эркинлик бўлади” .
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, конституция жамиятнинг бош пойдевори ва асоси ҳисобланади. Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини билиш даражасини ошириш, ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилишига йўл қўймаслик, ёшларни Конституция ва қонун нормаларига риоя қилиш рухида тарбиялаш каби чоратадбирларни амалга ошириш жамиятимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшиши шубҳасиздир.
Сабина Турсунова,
Жамоат хавфсизлиги университети Жамоат хавфсизлигини таъминлаш кафедраси катта ўқитувчиси
Умиджон Таллибаев,
Жамоат хавфсизлиги университети Жамоат хавфсизлигини таъминлаш кафедраси ўқитувчиси

 

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img