Бош саҳифаДолзарбКонституция ва қонун устуворлиги

Конституция ва қонун устуворлиги

Ҳар қандай жамиятда ҳокимият тизимида давлат ҳокимияти алоҳида ўрин эгаллайди. Сабаби давлат ҳокимиятининг манбаи алоҳида гуруҳ, сиёсий партия, жамоат бирлашмалари эмас, халқдир. Яъни, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир, ягона манбаидир. Айни ҳолат ким-кимга хизмат қилиши, нима устувор эканлигини белгиловчи асосий шартидир.

Конституциянинг 14-моддасида “Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади” – деб белгиланганлиги ҳам халқ билан давлат муносабати қандай бўлишини белгиловчи қоидадир.

Ўзбекистонда қурилаётган ҳуқуқий давлатнинг, фуқаролик жамиятининг ўзига хос хусусияти адолат билан қонунийликнинг мужассамлаштириш, уларнинг мутаносиблигига эришишга бўлган интилишда кўринади. Чунки, ҳамма вақт ҳам адолат билан қонунийликка тўла эришиб бўлмайди. Ҳаётда адолат қилинса қонунийликни бузилиши, қонунийликка амал қилинса адолатни бузилиши ҳолатлари ҳам учраб туради. Бундай ҳолатга йўл қўймаслик эса асосий вазифа бўлиб, қилинаётган ишлар, ислоҳотлар шуни амалда таъминлашга қаратилган.

Адолат ўзбек миллий давлатчилигининг муҳим хислатларидан бўлиб, айниқса адолат ва қудрат тимсоли бўлган Амир Темур даври давлатчилигида қўлланилган тамойилдир. Унинг натижасида амалдорларнинг оддий халққа муносабати белгиланган. Узоқ йиллар мустамлака чет эл босқинчилари зулмида яшаган халқ эркинликда, ижодкорлик, меҳнат билан машғул бўлиш имкониятига эга бўлган.

Президент Шавкат Мирзиёев “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиш керак”, деган иборани ишлатганда адолат ва қонунийликни хаётимизнинг асосий ғояси бўлиши кераклигини назарда тутди. Мамлакатимизда охирги йилларда бўлаётган ўзгаришлар, шу йўлдан қатъий бораётганимизни кўрсатади.

Буни “Халқ қабулхоналари” ва Президентининг виртуал қабулхоналарининг ташкил этилиши, 2017 йилдан бошлаб барча даражадаги хокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тартиби жорий қилинганида ҳам кўриш мумкин.

“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши, фуқароларнинг мурожаат қилишга бўлган конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ таъминлаш мақсадида оммавий учрашувлар ташкил қилиниб уларда мурожаатлар қабул қилиш тажрибасини амалиётга киритилиши, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фуқаролар олдидаги маъсулиятини кучайтирувчи воситалардан деб қаралиши мумкин. Бундай учрашувларда мурожаатлар фақат қабул қилиниб қолинмасдан, улардаги аксарият кўпчилик муаммоларни шу пайтнинг ўзида, яъни жойида ҳал қилиниши халқ ишончини янада кучайтиради.
Ўткир Давлетов,
Жамоат хавфсизлиги университети Фуқаровий-
ҳуқуқий фанлар кафедраси бошлиғининг ўринбосари,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img