Бош саҳифаТаҳлилКонституция – фуқаролар дам олиш ҳуқуқининг кафолатидир

Конституция – фуқаролар дам олиш ҳуқуқининг кафолатидир

Ўзбекистон Республикасида инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият эканлиги эътироф этилиши ва барча нарсалар инсоннинг бахт-саодати ҳамда фаровонлигига бўйсундирилиши лозимлиги, инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ”деган инсонпарвар ғояни жамиятда кенг қарор топтирилиши янгича инсоний ва ижтимоий муносабатларни юзага келишига, воқеа-ҳодисаларга янгича ёндашувларга сабаб бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 38-моддасига мувофиқ ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эгадирлар. Дам олишга бўлган конституциявий ҳуқуқ меҳнат муносабатлари соҳасида амалга ошади, унга тўсқинлик қилиш меҳнат ҳуқуқи нормаларини бузиш ҳисобланади. Суд амалиёти ҳали меҳнат таътилидан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқбузишлар камаймаганлигини ва айрим нормаларни қўллашда ноаниқликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 2021 йилда ўтказилган текширишлар ва ўрганишларда 52530 та меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш қонун талаблари бузилганлиги аниқланган. Шундан меҳнат таътиллари бўйича қонун талаблари бузилганлиги 4,89 фоизни ёки 2568 тани ташкил қилган.

Юқоридаги тахлилларга кўра, бозор талаблари ва тамойилларининг ижтимоий ҳаётимизга тобора чуқурроқ сингиб бораётгани, иқтисодиётда хусусийлаштириш ролининг ортиши, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий эркинлигини таъминлаш, шартномавийликнинг кенгайиши меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишда янги моделларни ишлаб чиқишни тақозо қилмоқда. Таъкидлаш лозимки, ушбу чоралар дам олиш вақтини ҳуқуқий тартибга солишга ҳам тўла тааллуқлидир.

Дам олиш ҳуқуқи инсоннинг табиий ва ажралмас ҳуқуқи сифатида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пакт, Европа ижтимоий хартияси, шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг бир қатор конвенцияларида мутаҳкамланганлиги, шунингдек, Хитой, Беларус, Қозоғистон ва бошқа давлатлар конституцияларида ўз аксини топганлигини қайд этган ҳолда, Янги Ўзбекистон Конституцияси мамлакатимизда юз бераётган барча ижобий ўзгаришлар ва эришаётган ютуқларимизни ўзида акс эттириши, энг муҳими, инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳар нарсадан улуғ эканлиги ҳақидаги ғояларимизга асосланган бўлишига эришиш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 38-моддасига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши лозим деб ҳисоблаймиз: ҳар бир шахснинг дам олиш ҳуқуқига эга эканлиги, меҳнат шартномаси бўйича ишлайдиган ходимга қонунда белгиланган иш вақтининг давомийлиги, дам олиш ва байрам кунлари, ҳақ тўланадиган ҳар йилги таътилнинг кафолатланиши.
М. Усманова,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги
университети профессори.
Б. Ярашев,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети кафедра бошлиғининг ўринбосари

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img