Бош саҳифаТаҳлилКиев Россиянинг Херсонга ҳужумини кутмоқда

Киев Россиянинг Херсонга ҳужумини кутмоқда

Украина мавзуси жаҳон матбуотида тез-тез тилга олинмоқда. Бу сафар Украина ва Россия ўртасида уруш юз бериши муқаррарлиги ҳақида овозалар тарқалмоқда. Бунга Киевдаги айрим юқори мартабали ҳарбийларнинг баёнотлари ва янги кемаларга қарши ракеталарнинг пайдо бўлгани ҳақидаги хабарлар ҳам мой сепмоқда.

Украина ҳарбий-денгиз кучлари Россия билан кенг қамровли жанговар ҳаракатларга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда мамлакат ҳарбий флот қўмондони Алексей Неижпапа “Думская” газетасига берган интервьюсида сўз юритган. Бош қўмондоннинг таъкидлашича, “Украина Қримни қайтариб олади ва Россия билан урушга тайёрланмоқда. “Йўқотишлар кўп бўлади — жангчиларимиз ва фуқароларимиз орасидан”, – деган флот қўмондони. Унинг таъбири билан айтганда, Киев Россия армиясининг Херсон вилоятига ҳужумини кутмоқда. Бундан мақсад, Днепр дарёсининг сувини Қримга киритишдир.

Аслида Украинанинг Россия билан урушишга руҳи етмаса керагу, аммо Қримга Украинанинг сув бермай қўйгани рост гап. Россиянинг Шимолий Қрим каналини яриморол билан қайта боғлашга уриниши зиддиятнинг қайта бошланишига ишора ҳисобланади. “Бизнинг бўлинмаларимиз шундай ҳаракатларга тайёрланмоқда. Барча режаларни очиқлай олмайман, аммо сизга кичкинагина факт: “Нептун” ракета мажмуасининг учиш узоқлиги уни Украина қуруқлигидан Севастополга юришда қўллаш имконини беради. Ўшанда кўрамиз”, — деган Неижпапа.

Украина сиёсатчилари ва ҳарбийлари халққа берган ваъдаларини бажаролмаганидан, тушиб кетган обрўларини кўтариш мақсадида вақти-вақти билан баландпарвоз баёнотлар беришга одатланишган. Кремлни ишғол қиламиз, Қрим кўпригини портлатамиз, қабилидаги дўқ-пўсипасаларига ҳам анча вақт бўлди. Аммо 2014 йили рус қўшинлари Қримни эгаллаганида улар Украина ҳарбий денгиз кучларининг порт иншоотларини ва эскириб кетган совет намунасидаги украин кемаларини катта тезликда эгаллаб олишганди. Аннексия якунланганидан кейин Украинада битта катта ҳарбий кема — узунлиги 123,5 метрли «Гетман Сагайдачный» фрегати ва бир неча ўнлаб кичик кемалар қолди. Россия ҳарбий-денгиз кучларининг кемачилик таркибидан сони бўйича ортда қолаётган Украина денгиз флоти артиллерия қуроллари бўлган бир неча турдаги соқчилик қайиқларини сотиб олишни кўзда тутган қуролланиш дастурини ишга туширди.

Айрим мутахассислар наздида Россия Украинанинг ушбу патрул кемаларидан эмас, балки Киев сотиб олишни режалаштираётган кемаларга қарши ракеталаридан чўчиши керак. Украина ҳарбий денгиз кучлари камида учта турдаги соқчи кемаларни сотиб олмоқчи. Биринчидан, бу «Гюрза-М» тоифасидаги қайиқ бўлиб, у Украина корхонасида қурилади. Киев 20 ва 23 метрли соқчи кемалар қуриб, уларга 30 миллиметрли пушкаларни ўрнатоқчи. Аммо 2020 йилда атиги 7 та қайиқ ишлаб чиқарди холос.

Коронавирус пандемияси мамлакатга катта иқтисодий талофат етказаётган ҳозирги шароитда кемачилик аҳволи ҳамҳаминқадар аҳволда. 2018 йилнинг ноябридаги Россия назорат қилаётган, Қора ва Азов денгизларини бирлаштириб турадиган Керч бўғозида Украинанинг бу каби кемалари рус денгиз кемалари олдида мушук боласига ўхшаб қолган, ҳибсга олинган иккита катери икки йил Россия ҳудудида қолиб кетганди.

Мувозанатни тиклаш учун Вашингтон 1,5 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакети доирасида Киевга хизматдан ўчирилган, яроқсиз қирғоқ қўриқлаш соқчилик қайиқларидан тўрттасини топширди. Июнь ойида эса Пентагон Киевга яна «Марк VI» типидаги қайиқлардан 16 тасини 600 миллион доллар эвазига сотиши эҳтимоли ҳақида гапирди. Бундан ташқари, Киев ва Вашингтон «Айленд» русумидаги яна учта катернинг олди бердиси борасида музокаралар олиб бормоқда. Барча қайиқларнинг Украина ҲДК таркибига келиб қўшилганидан кейин яна битта фрегат ва бир неча ўнлаб замонавий патрул кемалари кириши мумкин.

Аммо шунда ҳам украин қуролли кучлари Россия ҲДКнинг Қора денгиз флоти билан тенглаша олмайди, унинг ихтиёрида ракета крейсери, катта қайиқларга қарши кема, бешта ракета катери, еттита сувости кемаси ва 20 та соқчилик қайиқлари бор. Улар таркибига қўшимча куч сифатида Босфор орқали Қора денгизга Россия жўнатиши мумкин бўлган қўшимча кучлар ҳақида гап бораётгани йўқ.

Соғлом ақл билан вазиятни баҳолайдиган бўлсак, ҳарбий вақтларда Украина ҲДК Россиялик ҳамкасблари билан тўғридан-тўғри жангга киришини ҳеч ким тасаввур эта олмайди. Киевнинг ҳарбий флоти бунинг учун мўлжалланмаган. Бир сўз билан айтганда, бу кемалар душман кемасини топиш ва аниқлаш тизимининг бир қисми холос.

Аммо Украина “Луч” конструкторлик бюроси кемаларга қарши “Нептун” номли Р-360 ракета комплексини ишлаб чиқмоқчи. Ракета синовлари 2019 йилда бошланган. Комплекснинг давлат синовлари июн ойида ҳам давом этди. Украина ҳукуматининг баёнотига кўра, “Нептун” ракета мажмуи эсминец, фрегат, корвет, десант ва танкдесант туридаги жанговор кемаларни оддий ва мураккаб об-ҳаво шароитида ҳам, куннинг ва йилнинг истаган вақтида ҳам йўқ қилишга қаратилган. Сезиш қийин бўлган “Нептун” ракетаси радиолокацион тизим билан бирга кемаларни 280 чақирим масофадан туриб кунпая-кун қила олади, бу эса ўз ҳудудидан туриб Қора денгиз акваториясининг ярмигача бўлган ҳудудда турган нишонга таҳдид сола олади. “Нептун” ракеталарининг сонидан келиб чиққан ҳолда, бу минтақани Россия кемалари учун ракета “тузоғи”га айлантириши борасида гап сўзлар юрибди.

Бироқ Россия ўзининг ҳудудига ёки муҳим стратегик объектларига хавф туғилса, ҳар қандай ракетани бешигидаёқ янчиб ташлаш салоҳиятига эга.
Абдували САЙБНАЗАРОВ

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img