Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонКелажакни тоғорага тиқманг!

Келажакни тоғорага тиқманг!

(Вестминстер талабасидан келган мактуб. Кўзларимга ёш келди, сўнг шундай мард ва илмпарвар қизлар борлигидан хурсанд бўлдим, хатни бироз ўзгартирдим).

“Мен 19 ёшимда турмушга чиққанман! Тўғриси, мен учун ҳаммаёқ оқ кўйлакдек чиройли ва ҳашамдор кўринарди. Ҳамма ота-онамдек бўлса керак, деб ўйлардим. Бутун умр шундай кўйлакда юрмаслигимни билардим, лекин бахтсизликни тасаввур қилиш мураккаб ёш қиз учун. Энди билдим, қиз болада мустақил фикр, албатта, шаклланиши керак, ота-онасидан ҳам кўра олган илмига ишониши керак, бўлмаса ҳаёт қўғирчоқ қилади, худди мен каби!

Куёв ҳам Чилонзордан, ўзимизнинг маҳалламиздан экан, учрашувда танидим мактабда бир-икки марта кўрганман, кейин  учратмаган эканман. Адам билан ойим қўймади, яхши жой, пулини гапиришди, машинасини. Ўқишингни ҳам давом этишига рози, фалон-фалон, дейишди.

Ота-оналар бизни ҳаддан ташқари кўп яхши кўргани учун яхшисини илинишади. Аммо бу ҳар доим ҳам улар ўйлагандек тўғри бўлавермайди. Улар биз учун танлашади, эски қолипларни замон синдириб йўқ қилишини билмайди.

Биласиз, Вестминстернинг контрак суммалари жуда баланд, менинг эса иккита укам бор, ота-онам улар билан бўлиши керак, деб ўйладим. Ва ўша пайт ўзим билмаган, ҳали ўрганмаган одам билан бутун умр яшамоқчи бўлдим. Аслида, битта муаммодан қутиламан деб, улкан муаммони яратдим.

Мен ёшлигимдан ўқиган ўзбек ва чет эл китобларидаги хулосаларга амал қилмай, “ўзбекчиликка” кўндим. Натижада ўзимни, оиламни, эримнинг ҳаётини барбод қилдим. “Ўзбекчилик” дегани ўйламай иш қилиш дегани эмас, аслида, барчасига ўзим айбдорман!

Тўйдан уч ой ўтиб нималар бўлди: ҳомилам муттасил азоблар, тонгда туриб, совуқ сувда барча жойни ювишим туфайли кучли шамоллашдан тушиб қолди, руҳий босимлардан йиғлоқи бўлиб қолдим. Ўқишдан қайтишда оёғим қалтирарди. Катта йўлдан уйимизгача 300 метр, аммо шу йўл тугамаслигини, мен ўша қизил катта дарвозани очмасликни жуда хоҳлардим. Кўзим хира тортиб борарди. Буни эрта тонг Паркентдан келадиган сут соғувчини танимаганимдан сезиб қолдим ва яна йиғладим.

Вестминстерга кўп бора олмадим, пулини тўлашганини айтиб эзиб юборишарди, мен бир оғиз гап қайтармадим ҳам, кулмадим ҳам. Кула олмасдим!

Бир куни эса ҳаммаси ўзгарди! Ўша куни курсдошларим Лондондан махсус келган ўқитувчидан маъруза тинглашаётганда, мен қайнонамнинг қуйруқ тўла қайноқ сомсасини кўтариб, навбатдаги чақириққа тандирдай семириб кетган холалар билан кетишга мажбур бўлдим. Иссиқ сомса ва семиз хотинлар орасида ёниб кетай дедим, қайт қилдим. Шунда бирдан ичим исёнга айланди. Сомса менинг қўлларимни эмас, бутун қисматимни куйдирарди. Тоғорада биқтирилган сомса эмас, менинг келажагим  эканлигини англадим ва ўша бекатда тоғорани ташлаб ўз йўлимда кетдим. Ҳамма ҳайрон, қуда холаларга гап топилганди!

Мен кўп қийин йўллардан ўтдим. Эрим бир марта ҳам сўраб келмади, мен бундан хурсандман. Ҳозир ҳаётимни йўлга солиш учун курашяпман. Фирмам бор, унда асосан оиласи босимлар туфайли бузилган аёллар ишлайди ва улар Ўзбекистонда минглаб топилади. Менинг ҳозирча ишчиларим 100 та, улар бахтиёр бўлишни истаётган инсонлар!

Мен оилани яхши кўраман ва ўз тенгимни топишга инонаман. Мени тушунадиган ва замонга теран нигоҳ билан боқа оладиган одамлар билан яшашни истайман. Тоғорани ўша бекатда қолдирганимдан шодман, акс ҳолда сомса каби менинг келажагимни ҳам йўқ қилиб юборишарди”.

(Javlon Jovliev каналидан)

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img