Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонЖон Болтон Трампнинг оёғига болта урмоқчи

Жон Болтон Трампнинг оёғига болта урмоқчи

Оқ уйда миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаган Жон Болтон “Америка Овози” билан суҳбатда Доналд Трампни “беқарор”, қайта сайланиш учун мамлакат хавфсизлигини оёқ ости қилишга тайёр раҳбар дея тасвирлади. “Назаримда, унинг қарор қабул қилиш усули хавфли”, – дейди у. Қарийб 1,5 йил президент маслаҳатчиси бўлган, 2019 йилнинг сентабрида Оқ уйни тарк этган Жон Болтоннинг “Воқеаларга бой хона” деб номланган китоби яқинда сотувга чиқди. Ўзининг 576 саҳифадан иборат китобида 71 ёшли Жон Болтон АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятида ўтказган 17 ойи ҳақида сўз юритган. Унда Трамп ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар, ташқи сиёсатда қўпол хатолар қилгани тасвирлаб берилади. Президентга кўра, Болтон Оқ уйда ишлаган даврда унинг радикал руҳдаги тавсиялари рад этилгани ва ишдан ҳайдалгани учун дарғазаб. Трамп китобни “ёлғон ва тўқимадан иборат тўплам” дея атаб, собиқ маслаҳатчисини махфий маълумотларни ошкор этиш орқали қонунни бузганликда айблади.

Болтоннинг таъкидлашича, Трамп ташқи таъсирга берилувчан, қобилиятсиз ҳамда ўз мавқеини кўтариш учун Эрон ва Шимолий Корея каби душман давлатларга ён босишга тайёр раҳбардир. “У Ким Чен Ун билан ўтириб гаплашишни истагани каби, доим оятуллалар билан ҳам учрашишга розилик бериш илинжида юради”, – дейди собиқ расмий. Болтон оъз мемуарида хавотирга арзигули суҳбатларга гувоҳ бўлгани ҳақида ёзади. Масалан, Трамп Хитой Президент Си Цзиньпиндан қайта сайланишда кўмак сўраган, “ўзи ёқтирган диктаторларга илтифот сифатида” жиноий терговларни тўхтатишга тайёрлигини билдирган, Венесуэлани босиб олиш фикридан қайтиб, бу давлат раҳбари Николас Мадурони “ақлли ва қаттиққўл” дея мақтаган. Шунингдек, Трамп сиёсий рақиблари ҳақида кир қидириш учун Украина президентига босим ўтказганига гувоҳ бўлганман, деб ёзади Болтон. АҚШ президенти йил бошида шу масала туфайли импичмент қилинган эди.

Трамп маъмурияти китобни тақиқлаш учун судга фавқулодда мурожаат йўллаган, бироқ федерал судя талабни қондирмади. АҚШ Давлат котиби Майк Помпео баёнотида Болтонни “ярим ҳақиқат ва очиқ ёлғонларни” тарқатаётган “хоин” деб танқид қилмоқда.

Хитой ва уйғурлар
Болтон китобида даъво қилишича, Трамп Хитой президентидан Америка қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпроқ сотиб олиш орқали унга қайта сайланишга ёрдам беришни сўраган. Шунингдек, Хитойнинг уйғурлар учун “меҳнат лагерлари” қуриш режасига кўз юмган. Оқ уйнинг савдо бўйича музокарачиси Питер Наварро Трампнинг Хитойга нисбатан юмшоқлиги ҳақидаги даъволарни инкор этади. Бу давлат маҳсулотларига тарифлар қўйганимиз тўғри қарор, дейди у. Шу ой Трамп маъмурияти уйғурларнинг оммавий қамалишига алоқадор айрим Хитой амалдорларига санкциялар қўйди.

Россия ва Путин билан муносабатлар ҳақида
Болтоннинг ёзишича, Трамп президентлиги давомида халқаро аренада аниқ стратегия юзага келмаган. «Трамп қандайдир глобал стратегия ёки умумий траектория асосида иш тутгани йўқ.

«Трамп Россиянинг АҚШ сиёсатига аралашувини тан олиш 2016 йилдаги ишларда у Россия билан тил бириктирганини билвосита тан олишни англатади деб ўйларди», — деб ёзади Болтон. АҚШ сиёсатига аралашув масаласи фонида, америкалик сиёсатчилар россиялик дипломатлар билан алоқа қилмай қўйишган. «Антонов (Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов) ёлғиз одам эди, чунки Вашингтондаги одамлар россияликлар билан гаплашиб, жамият эътиборига тушиб қолишдан қўрқардилар», — эслайди Жон Болтон. АҚШ махсус прокурори Роберт Мюллер томонидан олиб борилган ишда расмий Москва 2016 йилги президентлик сайловларида аралашганликда айбланган эди. Трамп билан Путин 2018 июлида Хельсинкида учрашганида, мулоқот давомида 90 фоиз Путин гапирган ва Трамп асосан эшитувчи вазифасини бажарган, дея таъкидлайди Болтон ўз китобида.

Унинг айтишича, иккала томон ҳам асосан россиялик ва америкалик бизнесменлар ўртасида иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва мулоқот ўрнатиш имкониятига катта эътибор қаратишган. Трамп маслаҳатчисининг фикрига кўра, бундай ташаббуслар амалга ошиши қийин бўлган, чунки «АҚШда Россиянинг сиёсий ва иқтисодий ботқоғига шўнғимоқчи компаниялар кўп эмас эди». Болтоннинг мемуарларида ёзилишича, АҚШ ва Россия вакилларининг кўп сонли учрашувларида одатда муносабатлардаги хатарларни камайтириш масаласи муҳокама қилинган, лекин диалогда сифатли ўзгаришлар юз бермаган.

Трамп Путин ҳақидаги ўз шахсий фикрларини Болтон билан бўлишмаган. «Мен ундан Путин ҳақида қандай фикрда эканлигини сўрамаганман: эҳтимол, эшитишим мумкин бўлган нарсадан қўрққаним учундир. Путин бўйича унинг шахсий муносабатлари мен учун жумбоқлигича қолди», — дейди у. Жон Болтоннинг ёзишича, Путин Москванинг миллий манфаатларини жуда яхши тушунади, шунинг учун уни Трамп билан бирга-бир қолдириш мумкин эмас эди.

Европадаги иттифоқдош давлатлар ва НАТО ҳақида
Болтон ўз мемуарларида Трампнинг Германия, Европа Иттифоқи ва НАТОга нисбатан танқидий муносабатда бўлганини ёзади. Хусусан, АҚШ президенти Германия канцлери Ангела Меркель билан суҳбатда Nord Stream қувурларини қуришга рухсат бериб, Германия «йиртқич ҳайвонни боқаётганини» таъкидлаган. НАТО мамлакатлари доим Вашингтондан Москвага нисбатан янги санкциялар жорий этишни сўрайдилар, немисларнинг ўзлари эса Nord Stream 2 учун «Россияга миллиард доллар тўлашмоқда», дея норозилик билдирган Трамп. «Трамп Россия барчамизни аҳмоқ қилаяпти деб ўйларди», — деб ёзади Болтон.

Маслаҳатчилари билан бўлган суҳбатларда Трамп агар Nord Stream лойиҳаси амалга ошса, НАТОдан чиқиб кетиш билан қўрқитган. «Трамп Германияни Россия қўлига тушиб қолган деб ҳисоблаши кўзга кўринар эди», — деб эслайди Болтон. Унинг таъкидлашича, Америка президенти НАТОдаги иттифоқдош давлатларни ўз мудофааларига кам маблағ сарфлаганликлари учун доимо танқид қилиб келган. Меркель Германиянинг ҳарбий харажатлари 2030 йилга келиб ЯИМнинг 2 фоизини ташкил этиши бўйича прогнозларни эълон қилганида, Трамп бундан норози бўлган. Европадаги асосий иттифоқдош давлат сифатида Болтон Нидерландия давлатининг бош вазири Марк Рюттени айтади. «Рютте Трампнинг позициясини доимо тўғри деб баҳолаганини ва у ҳамкорларнинг НАТОга харажатларини ошириш масаласида —кечиктириб бўлмаслик ҳиссини ярата олганини таъкидлаган», — дейилади Болтоннинг мемуарларида.

Импичмент
Жон Болтон йил бошида импичмент тергови доирасида Трампга қўйилган айбловлар асосли бўлганини тасдиқламоқда. Яъни президент қайта сайланиш илинжида Украинадан ёрдам олмоқчи бўлган. “Трампнинг Украинага диққати сиёсий рақиблари Ҳиллари Клинтон ва Жо Байденга зарар етказишга қаратилган эди. Украинадаги коррупцияга ҳеч қандай алоқаси йўқ эди”, – дейди Болтон.

Трамп сиёсий рақиблари ҳақида маълумот талаб қилиб, Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатганликда айбланган ва Вакиллар палатасида импичмент қилинган. Аммо ўз партиядошлари ёрдами билан президент Сенатда оқланди. Болтон Конгрессда гувоҳлик беришдан бош тортиш қарорини ҳимоя қилмоқда. Тергов партиябозликка айланиб кетди, менинг иштироким ҳеч нарсани ўзгартирмаган бўларди, дейди у.

Болтоннинг қарашлари
Трампнинг ташқи сиёсатдаги камчиликларини танқидга олган Болтоннинг муросасиз позицияси шундан иборатки, фақатгина кучли иқтисодий босим ва ҳарбий таҳдид Эрон, Шимолий Корея ва Венесуэла сингари давлатларда авторитар раҳбарларни ўзгаришга мажбур қила олади. Бироқ ташқи сиёсат бўйича кўпгина мутахассислар бундай қарашдан йироқ. “Жон Болтоннинг бутун карьераси хатолардан иборат”, – дейди сиёсатшунос Майкл Оханлон. Экцремист режимлар босим остида кўпинча таслим бўлмайди.

Болтон 2018-йилда Трампнинг Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан учрашиш қарорига қарши чиққан. Трамп Жанубий Корея билан қўшма ҳарбий машқларни бир томонлама равишда тўхтатишини эълон қилганда, дейди Болтон, унинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари бундан бехабар бўлган. Икки раҳбар Сингапурда Кореянинг қуролсизланиши тўғрисида тарихий келишувга эришди. Бироқ кейинги музокаралар натижа бермади. Вашингтон Шимолий Кореяга қарши иқтисодий санкцияларни бекор қилишдан бош тортгач, Ханойда ўтказилган иккинчи саммит тўсатдан якунланди. Эрон ҳақида гап кетданда, Болтон Трамп ва Президент Ҳасан Руҳоний ўртасидаги эҳтимолий учрашувга қарши бўлгани, шундай режа Оқ уйда муҳокама қилингани, музокарани бошлаш учун санкцияларни юмшатиш таклифи кўриб чиқилгани ҳақида ёзади. Болтон Толибон билан тинчлик битими имзоланганидан кейин Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиқишга ҳам эътироз билдирган.

Ён беришга тайёр
Америка президентлари одатда ташқи сиёсатдаги ютуқларидан ички сиёсатда ўз мавқеини ошириш учун фойдаланади. Болтонни хавотирга солган нарса шуки, дипломатик ютуқ ҳақида жар соламан деб Трамп узоқ муддатли хавфсизлик приоритетлари бобида ён беришга доим тайёр. Трампни олдинги президентлардан ажратиб турадиган жиҳати шундаки, унинг кўплаб қарорлари нафақат шахсий манфаатидан келиб чиқади, балки чет эллик раҳбарлар билан мулоқотларида бу ҳақда очиқ гапиради ҳам.

Жон Болтон 2019-йилнинг сентябрида Эрон бўйича сиёсат юзасидан Трамп билан келиша олмай Оқ уйдаги лавозимини тарк этган. Болтон ўз хоҳиши билан кетганини, Трамп эса унинг ишдан ҳайдалганини таъкидлайди. Болтоннинг ишдан ҳайдалишига биргина Эрон масаласи сабаб бўлгани йўқ. Болтон ва унга ўхшаган Американинг “қирғий” сиёсатчилари ҳар доим АҚШ ташқи сиёсатида зўравонлик ва куч ишлатиш устувор бўлишини исташган. Эрон, Шимолий Корея, Сурия ва Венесуэла каби давлатлардаги режимларни ағдариб ташлашга, Россияга қарши санкцияларни давом эттиришга, унинг чегараларига яқин давлатларда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини жойлаштириш тарафдори бўлиб келган. Бу эса шубҳасиз, жаҳон барқарорлиги ва хавфсизлигига раҳна солади. Трамп эса АҚШ энди дунёда полициячи ролини бошқа ўйнамаслиги, фақат, АҚШ манфаатларини ҳимоя қилиш учунгина муаммоларга аралашиши мумкинлигини айтиб келади.

Демак, президент ва маслаҳатчи йўллари айро тушган. Аввалги президентларни ўз маслаҳатига кўндира олган Болтоннинг бу сафарги омадсизлиги унинг қалбига қаттиқ ботди. Жон Болтон ўз эсдаликларини чиқариш орқали америкалик сайловчилар фикрини ўзгартириб, Жо Байденнинг ғалаба қозонишига ҳисса қўшмоқчи. Морж мўйловли, Рейган ҳамда катта ва кичик Бушлар даврида ҳам катта лавозимларида ишлаган консерватив, қонга ташна сиёсатчининг мемуарларига сайловчи кўп ҳам ишонавермаса керак.
Абдували САЙБНАЗАРОВ

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img