Бош саҳифаТаҳлилЙўл-транспорт ҳодисалари: унинг кўпайишига ким айбдор?

Йўл-транспорт ҳодисалари: унинг кўпайишига ким айбдор?

Ўтган йили мамлакатимизда ўн мингдан зиёд йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган ва тўққиз мингдан ортиқ фуқаро жароҳат олган, 2,5 мингга яқин одам ҳалок бўлган. Вафот этганларнинг 263 нафарини болалар ташкил этган ва бу ниҳоятда ачинарли, албатта. Хўш, бунга ким айбдор ва ким жавоб беради? Бу ҳолат нима учун камаймаяпти?

Саволлар кўп, аммо уларга жавоб бериш, вазиятни ўнглаш ишлари, афсуски, талаб даражасида эмас, назаримизда. Ачинарлиси, вазият шу даражага етиб келган бўлса-да, мутасаддилар томонидан йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш, бунинг ортидан фуқароларнинг ҳаёти ва мол-мулкини сақлашга қаратилган на аниқ бир чора-тадбирлар таклиф қилинди ва на ишлаб чиқилди.

Одамларни ларзага солган йирик йўл-транспорт ҳодисаларидан кейин ҳам бонг урилмади. Аксинча, тадбирбозликлар билан чекланилди. Вазият шу даражага келдики, тўғрисини айтганда, кейинги вақтда ота-оналар мактабга кетган фарзанди уйга соғ-саломат кириб келмагунча ёки ўғил ё қизи автомобиль ҳайдаб кўчага чиқса, бирон кор-ҳолга учрамай қайтмагунча юрак ҳовучлаб ўтирадиган бўлиб қолди.

Йўлга чиқдикми, демак, биз йўл ҳаракати иштирокчисига айланамиз. У хоҳ пиёда, хоҳ автотранспортда бўлсин бунинг аҳамияти йўқ. Танганинг икки томони бўлганидек, йўл-транспорт ҳодисалари содир этилишида нафақат бошқа омиллар, балки пиёдаларнинг ҳам айби умуман йўқ, деб айтолмаймиз.
Кўп кузатамиз, айрим фуқаролар пиёдалар йўлакчалари ёки тунел орқали ўтиш йўллари бўла туриб, белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтишга уринади. Ва оқибати аянчли якунланган ҳолатлар йўқ эмас, бор. Бу ерда бир нарсага эҳтиёж туғиляптики, аҳоли ўртасида йўл ҳаракати қоидалари, унга риоя этилиши бўйича тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш керак. Ўз навбатида, йўл инфратузилмаси билан боғлиқ муаммоларни ҳам жой-жойига қўйиш вақти келган.

Яна бир масала шундаки, автотранспорт ҳайдовчиларининг йўл-транспорт қоидаларини менсимаслиги ёхуд уларни яхши билмаслиги, билса-да амалда риоя этмаслиги ҳолатлари билан боғлиқ. Аслида ҳар бир автотранспорт бошқарувчиси йўл ҳаракати қоидаларига доир қонунларни, талабларни ҳурмат қилиши керак. Бу ҳам энг оғриқли нуқталардан бири. Шу билан бирга, йўл-патрул хизмати соҳасига кадрларни саралаш ҳам жуда долзарб. Бу хизмат фаолияти жуда масъулиятли, бундай жойларда, очиғи, ҳақиқий ватанпарварларгина ишлай олади. Улардан талаб этиладиган нарса шуки, касбига фидойилик, маданияти, билимли, умуман, чин маънода, ватанпарвар бўлиши лозим. Бундай ходимлар кам эмас.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ вазият халқимизни қаттиқ ташвишга солаётгани таъкидланди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан йўл-транспорт ҳодисалари сабаблари, соҳадаги муаммолар комплекс таҳлил қилиб берилди. Президентимиз бу соҳага ҳам илмий ва таҳлил билан ёндашилса, кутилган натижага эришиш мумкинлигини айтиб, пойтахтимизнинг Юнус-ота кўчасида 2020 йилда тўртта автоҳалокат содир бўлган бўлса, бир дона светофор ўрнатиш орқали ўтган йилда бирорта авария бўлмагани, Кичик ҳалқа йўлининг лак-бўёқ корхонаси қаршисида қарама-қарши йўлни ажратувчи тўсиқ ўрнатиш орқали аварияларга барҳам берилганини мисол қилиб келтирди. Шу жиҳатдан, соҳани илмий ёндашув асосида такомиллаштириш мақсадида Илмий-амалий марказ ташкил этилиши маълум қилинди.

Масаланинг муҳимлиги инобатга олиниб, Бош вазир раҳбарлигида Республика комиссияси ташкил этилади ва Ички ишлар вазири унга ўринбосар бўлади. Давлатимиз раҳбарининг таъкидлашича, бундай комиссия ҳудудларда ҳам тузилади ва уларга вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда ички ишлар бошқармалари, бўлимлари бошлиқлари раҳбарлик қилади. Эътиборли жиҳати, комиссиялар томонидан йўллар ҳолати ҳамда мавжуд инфратузилма, авария ўчоқлари, содир этилган қоидабузарликлардан келиб чиқиб, ҳар ойда ҳаракат хавфсизлиги, транспорт ва йўл соҳаларига масъул идора раҳбарларининг ҳисоботи танқидий эшитилиб, маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилиб борилади.

Давлатимиз раҳбари пойтахт ҳамда йирик шаҳарларнинг марказий кўчаларида тезлик чекловлари илмий асосланган ҳолда белгиланиши лозимлигини қайд этди. Мисол учун, мактаб ва боғчалар олдида тезлик соатига 30 километрдан ошмаслиги шартлиги, айрим гавжум кўчаларда эса 60 километргача тушириш зарурати борлигини билдирди.
Йиғилишда йўл ҳаракати воситалари соҳасидаги ишларни молиялаштириш учун ЙҲХБ тизимида “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика ва вилоят жамғармалари ташкил этилиши маълум қилинди. Негаки, ЙТҲларга кўп ҳолларда йўллар ҳолати ҳамда инфратузилмасидаги муаммолар ҳам сабаб бўлмоқда. Хусусан, транспорт воситалари серқатнов бўлган 2 мингдан ортиқ чорраҳа ва 9,5 мингта пиёда ўтиш жойлари светофор ёки бошқа воситалар билан жиҳозланмаган. Давлатимиз раҳбари бу ҳақда тўхталиб ўтаркан, Самарқанд шаҳридаги 59-сонли кўзи ожизлар махсус мактабида овозли махсус светофорлар ўрнатилганини, бундай тажрибани барча ҳудудларда жорий этиш шартлигини маълум қилди.

Йўллар ҳолати ва инфратузилмасининг яхшиланиши, албатта, йўллардаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилади. Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Наманган, Навоий, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида ЙТҲ энг кўп содир бўлишига айнан йўл инфратузилмасининг талаб даражасида эмаслиги сабаб бўлаётир.

Умуман, Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида халқимиз кутаётган таклифлар билдирилди, зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. Буларнинг барчаси йўлларимизда бахтсиз ҳодисалар юз беришининг олдини олиш, фуқароларимизнинг ҳаёти, мол-мулки хавфсизлиги ишончли таъминланишига хизмат қилади.
Тошпўлат МАТИБАЕВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раисининг ўринбосари

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img