Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонЖАҲОН МИНБАРИДА ЯНГРАДИ ЖОН ҚАДАР АЗИЗ ТИЛИМ!

ЖАҲОН МИНБАРИДА ЯНГРАДИ ЖОН ҚАДАР АЗИЗ ТИЛИМ!

Шундай лаҳзалар бўладики, улар том маънода тарихга муҳрланади. Хусусан, 2020 йилнинг 23 сентябрь санаси юртимиз тарихида, халқимиз ҳаётида олтин ҳарфлар билан битилди. Шу куни Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлади. Тараққиёт ва юксалиш йўлидан дадил одимлаётган, илғор ва ташаббускор мамлакатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаётган Ўзбекистон дунё минбарида ўз сўзини ўз она тилида айтиши оддий ҳодиса эмас, албатта. Бу аждодлари меросини бениҳоя қадрлайдиган, миллат шаъни ва ғурурини юксак тутадиган ҳар бир ўзбек учун шарафдир! Неча-неча асрлар мобайнида эътибордан четда қолиб келган, энди-энди қаддини ва қадрини тиклаётган она тилимизнинг жаҳон саҳнасида янграшидан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Бинобарин, тил — миллат ва давлатнинг бойлиги, унинг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини белгилайдиган воситадир.

Эътироф этиш жоизки, ушбу нутқни юртдошларимиз билан бир қаторда жаҳонда ўзбек тилида сўзлашувчи аҳоли вакиллари ҳам чексиз ҳаяжон билан тинглади. Президентимизнинг ўзбек тилида, аниқ ва дадиллик билан умумбашарий масалаларга оид киритган таклифлари сессия иштирокчилари томонидан муносиб кутиб олинди.

Ушбу чинакам тарихий воқеа бизга ўзлигимиздан, теран илдизларга туташган миллатимиздан ғурурланишни ўргатди. Томиримиздаги қонимизда, вужудимиздаги жонимизда яшаётган тилимизнинг ҳар он, ҳар лаҳза биз учун азиз эканини англатди. Мамлакатимизда давлат тили нуфузи ва мавқеини ошириш, қадр-қимматини юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг нақадар муҳим эканини яна бир карра намоён этди. Зеро, Ватанни ва миллатни севган инсон унинг қадриятлари ва бойликларини ҳам кўз қорачиғидек асраб-авайлайди.
Ҳидоят ЖЎРАЕВА,
“Дори-Дармон” АК Бошқарув Раисининг маслаҳатчиси

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img