Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонЖаҳон банки Ўзбекистонга 500 млн доллар қарз беради

Жаҳон банки Ўзбекистонга 500 млн доллар қарз беради

Ўзбекистон ҳукумати ва Жаҳон банки ўртасида мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш лойиҳасини амалга ошириш учун йўналтириладиган умумий қиймати 500 миллион долларлик қарз битими имзоланди.

Лойиҳа Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан тегишли равишда 276 миллион ва 224 миллион доллар миқдорида молиялаштирилади.

Мазкур лойиҳа туфайли Ўзбекистоннинг барча минтақаларидаги фермерлар ва агро корхоналар вакиллари учун замонавий технологиялар, техник маслаҳат, ишлаб чиқариш, агрологистика, фитосанитариянинг турли босқичларида қўллаб-қувватлаш хизматларидан, шунингдек, савдо ҳажмини ошириш учун зарур ахборот манбаларидан фойдаланиш имконияти яратилади. Натижада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлиги ва экспорт салоҳияти ўсиши ҳисобига уларнинг ички ва халқаро бозорларда иштироки кенгаяди.

Шунингдек, лойиҳада маҳаллий тижорат банклари иштироки туфайли маҳаллий ишлаб чиқарувчилар интенсив боғдорчиликни ривожлантириш, иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ҳамда маҳсулотни сақлаш, қадоқлаш ва қайта ишлаш қувватларини яратиш ҳамда энергетик ва сувни тежайдиган технологиялар, қишлоқ хўжалиги техникалари сотиб олишни назарда тутган ҳолда экспортга йўналтирилган қўшимча қиймат занжири ҳалқаларини кўпайтириш учун улардан фойдаланиш истиқболи билан узоқ муддатли кредит ресурсларини жалб қилиш имконига эга бўладилар.

Лойиҳа Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институтларини модернизация қилиш, амалий тадқиқотларни ўтказиш ва тармоққа илғор ишланмаларни жорий этишга ёрдам беради. Тегишли тадбирлар уруғчиликни ривожлантириш, ер ва сув ресурсларини бошқариш, муайян ҳудудларга мўлжалланган агроэкологик иқлимга чидамли технологияларни жорий этиш, қолаверса, Ўзбекистондаги ўсимликларнинг ноёб генетик материалларини сақлаш масалаларига қаратилади.

Қайд этиш керак, 2017 йил Ўзбекистонда ислоҳотлар бошланиши билан Жаҳон банкининг мамлакатимизга молиявий ва техник кўмаги кўлами сезиларли даражада кенгайди. Ташкилотнинг умумий қиймати 4,4 миллиард долларга тенг 23 та лойиҳадан иборат Ўзбекистон бўйича дастури бугунги кунда тузилманинг Туркиядан кейин Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик дастури ҳисобланади.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img