Бош саҳифаТаҳлилИссиқ ҳаммомдан саримсоққача...

Иссиқ ҳаммомдан саримсоққача…

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус инфекцияси пандемияси шароитида одамларни қизиқтирган бир қанча саволларга жавоб қайтарди. Уларга амал қилиш, нафақат ўзимизни касалланишдан, балки яқинларимизга вирус юқишидан ҳам асрайди.

Бадантарбия вақтида тиббий ниқобдан фойдаланса бўладими?
Жисмоний машқлар бажараётган вақтда тиббий ниқоб тақиш тавсия этилмайди. Чунки у эркин нафас олишга имкон бермайди. Тер ажралиши оқибатида ниқоб намиқиб қолиши, бу эса микроорганизмларнинг кўпайишига сабаб бўлиши мумкин.
Бадантарбия билан шуғулланаётганда энг яхши профилактик чора – атрофдагилардан камида бир метрлик масофа сақлаш ҳисобланади.

COVID-19 вируси пойабзал орқали юқиши ҳам мумкинми?
Пойабзал орқали коронавирус юқтириб олиш эҳтимоли жуда кам. Уйида ёш боласи, жумладан, эмаклаб юрадиган кичкинтойлари бўлган оилалардаги катталар оёқ кийимларини кириш жойида қолдирганлари маъқул. Бу чора болаларни турли инфекциялар билан зарарланишининг олдини олади.

Антибиотиклар қабул қилишнинг фойдаси борми?
COVID-19 қўзғатувчиси бактерия эмас, вирус ҳисобланади. Антибиотиклар эса вирусларга таъсир қилмайди.
Коронавирусга чалинган айрим беморларда касаллик асорати сифатида бактериал инфекциялар аниқланиши ва бундай ҳолларда шифокор антибиотиклар тайинлаши мумкин.
Ҳозирча COVID-19 касалини даволашга қодир дори воситаси мавжуд эмас.

Алкоголли ичимликлар вирусдан ҳимоя қиладими?
Алкоголли ичимликларни истеъмол қилиш COVID‑19 дан ҳимоя қилмайди, аксинча, ушбу “профалактика” соғлиққа хавф туғдириши мумкин. Меъёридан ортиқ спиртли ичимликлар истеъмол қилиш соғлиққа зарарли эканини таъкидлашга ҳожат бўлмаса керак.

Тепловизион термометрлар ёрдамида COVID‑19 га чалинганларни аниқлаш мумкинми?
Йўқ. Тепловизион термометрлар истимани, яъни танада юқори ҳарорат мавжудлигини самарали аниқлайди. Уларнинг ёрдамида одам COVID‑19 га чалинганини аниқлашнинг имкони йўқ.

Таомларга қалампир қўшиб истеъмол қилиш касалликка чалинишдан асрайдими?
Афсуски, бу борадаги гап-сўзларда ҳам асос йўқ. Қалампир COVID‑19 вирусидан асрамайди ҳам, уни даволамайди ҳам. Такрор бўлсада, айтиш керак, янги турдаги коронавирус инфекциясидан ҳимояланишнинг энг самарали йўли – ижтимоий масофани сақлаш, қўлларни тез-тез ва тавсияга амал қилган ҳолда ювиб туришдир. Бундан ташқари, иммунитетни кўтаришга ёрдам берадиган таомларни истеъмол қилиш, етарлича суюқлиқ ичиш, бадантарбия билан доимий шуғулланиш ва тўйиб ухлаш касаллик юқиш эҳтимолини камайтиради.

Ҳашоратлар, масалан, чивинлар COVID-19 ташувчилари бўлиши мумкинми?
Чивинлар янги турдаги вирус ташувчилар ҳисобланмайди. Ҳозирда буни исботловчи биронта далил йўқ. COVID 19 вируси асосан касалликка чалинган киши йўталганда, аксирганда ва гаплашганда ҳаво томчилари орқали бошқаларга юқиши мумкин. Бундан ташқари, одамнинг вирус билан зарарланган юзаларга қўли тегиб, кейин қўлни ювмасдан кўз, бурун, оғизга текизса ҳам касаллик юқиши мумкин.

Хлорли сувда оғиз чайқашнинг фойдаси борми?
Оғиз бўшлиғи, юқори нафас йўлларини буғга тутиш, хлорли сув билан чайқаш ёки бошқа турдаги дезинфекцияловчи воситалар билан ишлов бериш COVID-19 га чалинишдан асрамайди. Аксинча, бу турдаги воситалардан кўр-кўрона фойдаланиш кўз ёки нафас йўлларининг шикастланишига сабаб бўлиши мумкин. Яхшиси, дезинфекция воситалари билан яқин-атрофингиздаги юзаларни тез-тез артиб туринг.
Шуни ёдда тутингки, метанол, этанол ёки хлорли суюқлик COVID‑19 профилактикаси ва даволаш воситаси ҳисобланмайди. Улар заҳар ҳисобланади ва ушбу воситаларни қабул қилиш соғлиққа жиддий путур етишига, ҳатто ўлимга сабаб бўлиши мумкин.

Ҳаво ҳарорати 25 даражадан юқори бўлса, касаллик тарқалиши камайиши ростми?
Дунё бўйлаб янги турдаги коронавирус тарқалиши бошланган даврда, ушбу омилга умид боғланганди. Афсуски, ҳозирга келиб, касаллик тарқалиши суръати ҳаво ҳароратига боғлиқ эмаслиги маълум бўлди. Ҳатто иқлими доимий иссиқ мамлакатларда ҳам COVID-19 га чалиниши ҳолатлари кузатиляпти.

Касалликдан буткул соғайиб кетиш мумкинми?
Коронавирус касаллиги (COVID-19) давосиз дард эмас. Янги турдаги коронавирус инфекцияси билан зарарланиш, одам унинг умрбод ташувчиси бўлиб қолганини англатмайди.
COVID-19 билан оғриган аксарият одамларнинг соғайиб кетаётгани, вирус уларнинг организидан буткул чиқиб кетаётгани кузатилмоқда.

Иссиқ ҳаммом қабул қилиш касаллик юқишидан асрайдими?
Йўқ. Бу восита ҳам касаллик юқишига тўсиқ бўлолмайди.

Саримсоқ коронавирусдан ҳимоя қиладими?
Саримсоқ – микробларга қарши курашиш хусусиятига эга бўлган, инсон организми учун фойдали сабзавот ҳисобланади. Афсуски, янги турдаги коронавирус инфекциясини бартараф этишда у ҳам ожиз.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img