Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонИроқ Қувайтга Форс кўрфазидаги урушдан кўрган зарари учун қарийб 50 млрд тўлайди

Ироқ Қувайтга Форс кўрфазидаги урушдан кўрган зарари учун қарийб 50 млрд тўлайди

1990-1991 йиллардаги Форс кўрфазидаги урушда кўрган зарари учун Ироқ Қувайтга товон сифатида 49,5 млрд доллар тўлаб беришга рози бўлди. Ироқ Бош вазирининг молия масалалари бўйича маслаҳатчиси Мазгир Муҳаммад Солиҳнинг айтишича, Боғдод аввалига Қувайтга 2,5 млрд доллар тўлаб беради. Қолган маблағлар эса нефтнинг жаҳон бозоридаги нархига қараб бир ёки бир неча йиллар давомида тўлаб борилади.

Табиий савол туғилиши мумкин: Ироқ Қувайга нега бу қадар йирик миқдорда товон тўлаяпти? Гап шундаки, 1990 йилда Ироқ президенти Саддам Ҳусайн Қувайтни Ироқ нефтини ноқонуний қазиб олаётганликда айблади. Бунинг эвазига у Боғдоднинг Ал-Қувайт олдидаги 14 млрд долларлик қарзидан воз кечиш ва камига 2,5 млрд доллар тўлаб бериш шартини қўяди. Бундан ташқари, Ҳусайн Қувайт ҳудудининг маълум қисмига даъвогарлик қилади. Бу борадаги шартлар Ал-Қувайт томонидан рад этгач, Боғдод армияни ишга солди ва икки кун ичида Қувайтни босиб олди. Халқаро коалициянинг аралашуви билан Ироқ армияси Қувайтдан етти ойдан сўнг сиқиб чиқарилди. Саддам Ҳусайн қўшини чекинаётган пайтда инфраструктурани издан чиқарди, биринчи навбатда, нефт қудуқлари ва конларига ўт қўйди. Бу билан Қувайтга зарар етказиш баробарида, уни даромаддан ҳам маҳрум қилди.

Икки давлат ўртасидаги муносабатлар илиқлашуви 2003 йилда – Қувайт ҳукуматида ўзгариш юз берганидан сўнг бошланди. Ал-Қувайт Боғдоднинг янги ҳукуматини қўллаб-қувватлади ва орадан бир неча йил ўтиб, қўшничилик ҳаққи-ҳурмати Ироқнинг урушгача бўлган қарзидан воз кечди.

Ҳозирги кунда Боғдод-Ал-Қувайт алоқалари тобора ривожланиб бормоқда. Икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги, саноат соҳаларида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Ироқ ва Қувайт уруш пайтида бедарак кетган қувайтликларнинг тақдирига ойдинлик киритиш масаласида ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img