Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон“In vitro” - аграр соҳадаги инновацион лойиҳа

“In vitro” – аграр соҳадаги инновацион лойиҳа

Умумий қиймати 2,6 миллион АҚШ доллари бўлган Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги “Sag Agro” масъулияти чекланган жамиятининг “In vitro” лабораторияси 2019 йил ишга туширилган. Мазкур лаборатория мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Бу ерда илгари хориждан олиб келинган мевали ва манзарали дарахт кўчатлари маҳаллий шароитда етиштирилади.

Лойиҳанинг эътиборга молик муҳим икки жиҳати бор. Биринчиси, четдан келтирилаётган кўчатлардаги турли касалликларнинг юртимизга кириб келиши ва тарқалишининг олди олинади. Иккинчиси, маҳаллий лабораторияда етиштирилган кўчатлар хорижникига нисбатан анча арзон бўлади. Мисол учун, чет элдан олиб келинган ёнғоқ кўчатининг бир донаси 5 доллардан 20 долларгача бўлган бўлса, бу ерда етиштирилаётгани 3-3,5 долларни ташкил этади.

24 гектар майдонда жойлашган “In vitro”нинг  2 гектарида иссиқхона барпо этилган. Яна 3 гектар майдонда янги иссиқхона қуриш режалаштирилган. Қолган майдонда эса мамлакатимизда учрамайдиган 65 хил мевали дарахтлар кўчати олиб келиниб, парвариш қилинади. Лабораториянинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 15 миллиондан 20 миллион донагача пайвандта ҳамда пайвандланган кўчатлар етиштириш имконини беради. Айни пайтда бу ерда ёнғоқ, бодом, шафтоли, гилос, ўрик, нок, олма каби экспортбоп меваларнинг касалликдан холи, иқлим шароитимизга мос кўчатлари етиштирилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу корхона фаолияти билан танишди. “Бу қўшилган қиймат яратишда инқилобий усул. Биз ўттиз йил шунга интилдик. Илмий ёндашув билан самарадорликни ошириш керак”, – деди Президент корхона фаолиятига баҳо бериб.

Қайд этилдишича, жорий йилда корхонада 2 миллион дона турли мевали ва манзарали кўчат, 500 минг дона ёнғоқ ва бодом кўчатларининг истиқболли пайвандалари етиштирилади. Лаборатория 2024 йилда тўлиқ қувват билан ишга туширилиб, йилига 20 миллион дона кўчат етиштирилади.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img