Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонИлгари сурилган ташаббуслар тараққиёт қанотидир

Илгари сурилган ташаббуслар тараққиёт қанотидир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 январь куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ташаббуси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаб ташкил этилган Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарларининг видеоанжуман шаклидаги саммитида сўзлаган нутқида давлатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларига юқори баҳо берди. Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарларининг бўлиб ўтган онлайн саммитида муҳокама қилинган масалалар, илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар томонлар ўртасида дўстлик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги манфаатлари алоқаларни янада ривожлантириш, янги босқичга олиб чиқиш гаровидир.

Боз устига, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 30 йиллиги барча томонлар учун муҳим сана ҳисобланади. Мазкур саммит минтақада иқтисодий ривожланиш ва барқарорликни сақлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Марказий Осиё минтақаси ўзининг жуғрофий жойлашувидан келиб чиққан ҳолда янги самарали транспорт йўлакларини янада ривожлантириш учун ҳали ҳаётга тадбиқ этилмаган катта салоҳият ва имкониятларга эга.

Ўзбекистон Президентининг «Хитой – Марказий Осиё» янги иқтисодий мулоқоти бўйича қўшма стратегияни ишлаб чиқиш ташаббуси Марказий Осиё давлатларидан Хитойга савдо-сотиқни тўсиқсиз таъминлаш ва тайёр маҳсулотлар етказиб бериш ҳажмини ошириш, шунингдек, саноат кооперацияси ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг умумий маконини шакллантириш бўйича мақсадли чора-тадбирлар кўрилишига хизмат қилади.

Анжуманда Ўзбекистон етакчиси онлайн саммит иштирокчилари эътиборини яна бир бор минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масаласига қаратди. Марказий Осиё минтақаси хавфсизлиги жаҳон хавфсизлигининг муҳим омилидир. Мамлакатимиз Президентининг нутқида эътиборимни тортган яна бир жиҳат озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи бўлди. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишини рағбатлантириш ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш бугунги кунда айниқса долзарб бўлиб қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. COVID-19нинг иқтисодий оқибатлари жаҳон озиқ-овқат секторидаги мураккаб вазиятни янада кучайтирди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон томонининг БМТ Бош ассамблеясининг пандемияда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича алоҳида резолюцияси қабул қилишни биргаликда бошлаш таклифи ҳам ўз вақтида илгари сурилди, дейишга асос беради. Энг муҳими, Ўзбекистон Президенти онлайн саммит иштирокчилари эътиборини яна бир бор минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масаласига қаратди. Марказий Осиё минтақаси хавфсизлиги жаҳон хавфсизлигининг муҳим омилидир.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорликка келсак, ўтган йиллар мобайнида ушбу икки давлат ўртасидаги стратегик муносабатлар ўсувчан ва барқарорлик моҳиятини касб этди. Ўзаро яқин ва изчил алоқалар ҳурмат ҳамда дўстлик тамойилларига асосланган. Деярли барча соҳаларда салмоқли натижаларга эришилди. Пандемияга қарши курашиш бўйича мувофиқлаштирилган ишлар амалга оширилди, жуда қисқа вақт ичида коронавирусга қарши Ўзбекистон-Хитой қўшма вакцинасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Саммитда Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши Марказий Осиё ва Хитой давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги ва истиқболли йўналишларини очиб беради.

Саммит якунлари бўйича қабул қилинган Қўшма баёнот амалий тажрибани умумлаштирди ва келажак учун ўзаро ҳамкорликнинг истиқболларини белгилаб берди. Ушбу муҳим сиёсий ҳужжат томонлар ўртасида муаммоли ва ҳал этилмаган масалаларнинг мавжуд эмаслигини ҳамда тенглик, дўстлик ва мустақиллик, суверенитет ҳамда ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилиш бўйича ўзаро қўллаб-қувватлаш асосидаги стратегик шерикликни қуриш мақсад қилинганини тасдиқлайди.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга ва «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилиши лойиҳаси амалий жиҳатдан ҳаётга тадбиқ этилишининг муҳимлигига ҳам эътибор қаратди. Шу маънода, «Бир макон, бир йўл» ташаббусининг келажакда муваффақиятли амалга оширилиши Ўзбекистонга Эрон, Яқин Шарқ ва Жанубий-Шарқий Осиё давлатларига кириш имконияти бўлган янги халқаро қуруқлик транспорти ва транзит йўлагида стратегик ўрин олиш имконини беради. Демак, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўл қурилиши лойиҳасини амалда амалга оширишнинг вақтлироқ бошланиши ҳам жуда муҳимдир.

Ўзбекистоннинг Афғонистондаги инфратузилма лойиҳаларини хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширишга тайёрлиги ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдан доимо манфаатдор бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлади.

2017 йили Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан бошланган Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ишонч ва дўстликни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсати минтақанинг барча давлатлари томонидан бирдек қўллаб-қувватланмоқда ва бу 2022 йилдан эътиборан Марказий Осиёнинг яхлит минтақа сифатида ривожланишида янги даврни бошлаб беради.
Тошпўлат МАТИБАЕВ,
социология фанлари доктори, профессор

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img