Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонИккинчи жаҳон уруши: айбдор фақат Германия эмас

Иккинчи жаҳон уруши: айбдор фақат Германия эмас

Иккинчи жаҳон уруши оловини Адолф Гитлер ёққанига асло шубҳа йўқ. Бироқ, СССРнинг асосий меросхўри бўлган Россиянинг бугунги ҳукумати қанчалик рад этишга уринмасин, Европада уруш учқуни алангаланишида Совет Иттифоқининг ҳам анчагина ҳиссаси бор. Хусусан, Германия ҳукумати тепасига Гитлер келиши билан Иосиф Сталин уни олқишлаб, нацистлар давлати билан ҳамкорлик ўрнатишга бел боғлаган.

1934 йилда Сталин Европанинг “ожиз” демократик ҳукуматлари раҳбарлари устидан заҳарандалик билан кулгани ҳолда, Гитлега ишора қилиб: «Мана бу доҳий!», – деган эди. 1939 йилда эса, 60 ёшга тўлиши муносабати билан Гитлернинг йўллаган табригига: «Германия ва Совет Иттифоқи халқларининг дўстлиги, қон билан мустаҳкамланган бўлиб, мустаҳкам ва узоқ давом этишига барча асослар бор», – дея жавоб қайтарган эди.

Ваҳоланки, ўша пайтда жаҳон аҳли Германияда юз бераётган воқеликлардан жиддий хавотир олаётган, Гитлер бошчилигидаги фашистлар, нацистлар дунё халқлари бошига ниҳоясиз кулфатлар келтириши кун сайин аён бўлиб бораётган эди…

1939 йил 23 августда Сталин Кремлда немис элчиси И.Риббентроп шарафига уюштирилган зиёфатда қадаҳ сўзи айтиб: “Немис халқи ўзининг фюрерини нақадар яхши кўришини биламан. Шу боисдан, мен унинг соғлиги учун қадаҳ кўтаришни таклиф қиламан”, – деганди. Сталин иккинчи қадаҳни Гиммлер учун кўтариб, у “Герман давлатчилиги хавфсизлигини таъминловчи одам”  эканини алоҳида таъкидлаган. Кейин меҳмонга НКВД жаллодларининг раҳбари Л.Берияни таништириб: “Бу бизнинг Гиммлер”, – деб ҳазил қилган.

Кейинчалик Риббентроп италиялик ҳамкасби  граф Чиано билан учрашганида “Москва  таассуротларини” хотирлаб: “Кремлда мен ўзимни худди қадрдон партиядош ўртоқларим даврасида ҳис этган эдим”, – деган эди.

Яна бир аччиқ ҳақиқат шундаки, Гитлер Европанинг ярмини босиб олган бир пайтда Сталин унга телеграмма юбориб, вермахтнинг ақлни шоширадиган ғалабалари билан табриклаган.

Молотов-Риббентроп шайтоний пакти имзолангандан сўнг Гитлер Геббелсга энди Россияга мутлақо ишонса бўлишини айтиш баробарида: “Сталин биз учун ўзининг генералларини отувга ҳукм қиляпти, бошсиз ва малакасиз Қизил Армия эса энди биз учун ишлайди”, – дейди.

1942 йилнинг августида Гитлер Сталин ҳақида ажабтовур гапларни гапириб, жумладан, шундай дейди: «Менда Сталин ҳақида китоб бор. Алоҳида қайд этиш жоиз у — буюк шахс, темир мушти билан баҳайбат мамлакатни ўзига бўйсундирган ҳақиқий телба. Бироқ, агарда кимдир бу социалистик давлат, деб тасдиқласа, бу даҳшатли ёлғон бўлади. Бу — капиталистик режимга қурилган давлат. Унинг тепасида турган одам 13 миллион инсонни қурбон қилишни катта йўқотиш, деб ҳисобламайди».

Айтганча, юқорида таъкидланган шармандали аҳд-келишувнинг ташаббускори Гитлер эмас, Сталин бўлган. Хусусан, Сталин Гитлер билан ҳамкорлик қилиш истаги ҳақида 1939 йилнинг баҳорида бўлиб ўтган XVIII партия съездида маълум қилиб, Англия ва Франция каби империалистик йиртқичларни кўрарга кўзи йўқлиги ҳақида гапирган.

Бу гаплар дарров немисларнинг эътиборини тортади. Германия Ташқи ишлар вазири Иоахим фон Риббентроп бу ҳақда ўзининг эсдаликларида шундай ёзади: «Сталиннинг 1939 йилнинг мартидаги нутқини ўқиб, шунга амин бўлдимки, у совет-герман муносабатларини яхшилашни истаяпти… Мен фюрерни Сталиннинг бу нутқи билан таништирдим ва ундан менга бу истак ҳақиқат эканини аниқлашга ёрдам берувчи ваколатлар берилишни илтимос қилдим».

Сталин нафақат ушбу шармандали акт имзоланиши ташаббускор бўлган, балки кўп ҳолатлар бўйича Гитлернинг ҳокимият тепасига келиши учун қўллаб ҳам юборган. Бунга ишониш қийин, бироқ рад этиб бўлмас далиллар асл воқеликни хаспўслашга йўл қўймайди.

Мисол учун Сталиннинг калтафаҳмлик  билан юритган сиёсати кўп томондан Гитлернинг ҳокимият тепасига келишига йўл очган. Хусусан, Коминтернга нисбатан зўравонликка асосланган қарор қабул қилиниб, унга кўра ғарблик коммунистларга социал-демократлар билан ҳамкорлик қилишни тўхтатиш буюрилган эди. Бунинг натижасида немис коммунистларининг социал-демократик ҳаракатнинг парчалаши эса Гитлернинг фойдасига ҳал бўлди. Айнан Сталиннинг буйруғи билан Германия коммунистик партиясининг узвий бир бўлаги бўлган Коминтерн герман компартиясини фашизмга қарши социал-демократлар билан эришилган барча келишувларни инкор этишга чақирди ва социал-демократлар олов қаърига улоқтирилишини таъминлади.

1940 йил 14 июнда гитлерчилар Парижни босиб олди. Бу воқеадан уч кун ўтиб, Кремл ўз иттифоқчиларини «ажойиб ғалаба» билан табриклади.

Ўша пайтда Германиянинг СССРдаги элчиси бўлган Вернер фон дер Шуленбург ўзининг раҳбариятига йўллаган телеграммасида бу ҳақда қуйидагиларни ёзган:

«Молотов бугун мени ўзининг кабинетига таклиф қилиб, Германия қуролли кучлари эришган ажойиб муваффақият муносабати билан совет ҳукуматининг қизғин табригини етказди.

(Давоми бор).

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img