Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонҲукумат олти ой чидаб бериши керак

Ҳукумат олти ой чидаб бериши керак

Афғонистон президенти Ашраф Ғани Осиё мамлакатларида хавфсизликка таҳдид пайдо бўлишида АҚШни айблади. Сиёсатчи «Толибон» ҳаракатининг ҳарбий муваффақиятларини Америка қўшинининг тўсатдан мамлакатни тарк этиши билан изоҳлади.

Афғонистон етакчиси бу ҳақда парламент йиғилишида тинчликни сақлаш бўйича янги режа тақдимотида гапириб ўтган. Ашраф Ғанининг айтишича, ҳукумат бўлғуси олти ой мобайнида мамлакатда назоратни сақлаб тура олади ва айнан ушбу муддат ўтгач, АҚШ Кобулга ёрдам кўрсатишга ваъда берган.

Мамлакатдаги муҳим иншоотларни душман қўлига ўтиб кетмаслигини таъминлаш ҳамда вазият янада мураккаб тус олишига йўл қўймаслик режанинг бир қисми бўлиб, бошқа тафсилотлар жамоатчилик учун очиқланмаган.

Ашраф Ғани нутқи ниҳоясида халқни ҳимоя қилиш бурчи эканини ва бу мақсад учун охиригача курашишини маълум қилган. Президент тақдим этган хавфсизлик режаси парламентнинг иккала палатаси томонидан қўллаб-қувватланган ва қонун чиқарувчилар “инсон ва аёллар ҳуқуқлари”ни, сўз эркинлигини, халқ учун ўз жонини ҳимоя қилаётган миллий армияни ҳимоя қилишга содиқ эканликларини намоён этганлар.

«Толибон» ҳаракати президентнинг нутқига муносабат билдириб, уни “сафсата” деб атаган. «Бу ўз қўрқувини ва оғир вазиятни хаспўшлашга уриниш. Миллат хоинларни таъқиб этиш ва жавобгарликка тортишга аҳд қилган. Уруш эълон қилиш, айблов ва ёлғонлар Ғанининг умрини узайтира олмайди. Худонинг хоҳиши билан унинг вақти ниҳоясига етмоқда», — дейилади ҳаракат баёнотида.

Айни пайтда ҳукумат ва «Толибон» жангарилари ўртасида Қандаҳор, Ҳирот ва Ҳилмонд вилоятларида оғир жанглар давом этмоқда.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img