Бош саҳифаДолзарб"Ҳозирги "Толибон" аввалгисидан мутлақо фарқ қилади"

“Ҳозирги “Толибон” аввалгисидан мутлақо фарқ қилади”

Бугун Афғонистон “Толибон” назоратида. Ҳаракат муваққат ҳукумат таркибини эълон қилди. Ҳукуматни шакллантириш жараёни давом этмоқда. ОАВда эса ҳаракат жангарилари томонидан тинч аҳоли, жумладан, хотин-қизларга нисбатан содир этилаётган ваҳшийликлар ҳақида хабарлар тарқаляпти. Хўш, мамлакатда вазият қандай? Tengrinews.kz мухбири МДҲ олий ўқув юртлари афғон битирувчилари уюшмаси президенти 54 ёшли Саид Мирвайс билан суҳбат уюштирди. Афғон фуқаросининг мухбирга берган жавобларидан бугунги кунда Афғонистонда, хусусан, пойтахт Кобулдаги вазият ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш мумкин.

Мухбир: Сиз Афғонистонда “Толибон”нинг аввалги бошқаруви вақтида ҳам яшагансиз. Ҳозирги режимнинг аввалгисидан фарқи борми?

Саид Мирвайс: Ҳа, ўша пайтларда, “Толибон” давлат тепасига келган пайтда ҳам ватанимда эдим. Назаримда, илгариги толиблар билан ҳозиргиларини мутлақо солиштириб бўлмайди. Биз ҳозир буткул бошқа толибларни кўряпмиз: жуда босиқ, ортиқча ҳаракатлар содир этишмаяпти. Улар ижобий ва яхши томонга ўзгарганликларини кўрсатишни жуда истаяптилар.

Аввалги толиблар ўта тажовузкор эдилар. Гоҳ соқолингизга, гоҳ уст-бошингизга, гоҳ юриш-туришингизга эътироз билдишарди. Ҳозир эса бундай эмас. Энг асосийси: ҳозирда Кобул кўчаларида юрган кўплаб аёлларни учратиш мумкин. Қизлар мактабларга, университетларга боряпти, аёллар эса намойишлар ўтказишга ҳам журъат этишяпти. Бундай ҳолатларни аввалги “Толибон” ҳукмронлиги даврида тасаввур ҳам этиш қийин эди. Бундан кўринадики, толиблар ўзгарган, улар ўзгарганликларини намойиш этмоқдалар.

Мухбир: Оддий кобулликларнинг янги ҳукуматга муносабати қандай?

Саид Мирвайс: Икки хил. Биринчиси, тинчлик ўрнатилишига бўлган умид. Жуда яхши биласиз, мамлакат 40 йил давомида уруш домида қолди, ҳар бир портлашда одамлар ҳалок бўлди. Одамлар бундай ҳолатлар такрорланмаслигини, қон бошқа тўкилмаслигини истамоқда. Ҳақиқатан ҳам “Толибон” келганидан сўнг шаҳарда тинчлик ҳукм сурмоқда, одамлар бемалол кўчаларда юрибди, уларга ҳеч ким тегаётгани йўқ. Очиғини айтаман, толиблар ўзларини жуда яхши тутмоқда, улар аҳолини чўчитмасликка, халқнинг ишончини қозонишга ҳаракат қилмоқда. Мен улар билан деярли ҳар куни мулоқотда бўлганим учун шундай хулосага келдим.

“Толибон” жаҳон ҳамжамиятининг эътирофисиз, давлатни сақлаб туриш қийин эканини яхши билади. Шу сабабли, толиблар аввалги хатоларини такрорламасликка ҳаракат қилмоқда.

Мухбир: Америкаликлар билан ҳамкорлик қилган афғонистонликларни таъқиб этишчи, давом этмоқдами?

Саид Мирвайс: Афтидан, бу масала бўрттириб кўрсатиляпти. Мисол учун, ҳукумат қуролли кучларида ишлаган таниқли командир ва генераллар ҳозир Кобулда хотиржам юришибди. Уларни афв этишди, “Толибон” умумий амнистия эълон қилди. Шахсан ўзим уларни кимдир таъқиб этганини кўрмадим. Рости, бу ҳақда ҳатто танишларим, қўшниларимдан ҳам эшитмадим.

Мухбир: У ҳолда август ойида толиблар ҳукуматга келиши билан одамлар нега америкаликларга қўшилиб мамлакатдан чиқиб кетишни исташди?

Саид Мирвайс: Негаки одамларда ваҳима кучли. “Толибон” ҳукуматга келиши билан одамлар илгариги толибларни эсга олишди, улар ҳаммани ўлдиради, деб ўйлашди. Мамлакатни тарк этмоқчи бўлганлар асосан америкаликлар хизматида бўлганлар бўлди. Бу одамлар АҚШ учун ишлашди, Афғонистон учун эмас. Бунақа одамлардан 100-120 минг нафари олиб чиқиб кетилди, мамлакатда улардан яна 60-70 минг нафари қолди. Афғонистонликларнинг ҳаммаси ҳам қочиб кетишни ўйлагани йўқ.

Мухбир: 15 ёшдан 40 ёшгача бўлган хотин-қизларни ростдан ҳам толибонларга мажбурлаб эрга беришяптими?

Саид Мирвайс: Бу, мутлақо сафсата ва беъманилик. Мен Афғонистонда бунақа ҳолат юз бераётганига ишонмайман. Негаки бунинг учун аввало мамлакатдаги барча эркакларни ўлдириш, кейин уларнинг қизлари, хотинларини, сингилларини зўрлик билан эрга бериш керак. Ғурур, ор Шарқ одами учун ҳамма нарсадан устун туришини билсангиз керак. Худо кўрсатмасин, кимнингдир қизи ёки синглисига нисбатан шундай йўл тутилса, у жонини бериб бўлса ҳам уларни ҳимоя қилади.

Мухбир: Афғонистонликларнинг америкаликларга қандай эътирози бор?

Саид Мирвайс: Америкаликлар бизнинг маданият ва қадриятларимизни билмаган ҳолда, бу заминга демократия олиб кирмоқчи бўлишди. Қандай мамлакатга келиб қолганини англамаган АҚШ катта хатога йўл қўйди. Улар Кобулдан кичкинагина орол ясаб олишди ва бурча маблағни унга сарфлашди, оддий одамлар билан ишлашни исташмади. Бошқа шаҳар, қўрғон ва кичкина қишлоқларга эса бомбалар ёғдиришди.

Улар халқ қаерда тўпланса, бомба ташлашди: дафн маросими бўладими, тўй ёки бошқа тадбир бўладими, бомбага нишон бўлишди. Юзлаб одамлар ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганларнинг яқинлари эса қасос ўтида “Толибон” тарафга ўтиб кетди.

Мухбир: Афғонистон халқи шариат қонунлари асосида яшашга тайёрми?

Саид Мирвайс: Шариат қонунлари биз учун энг тўғри йўл. Унда ҳеч кимнинг ҳуқуқи бузилишига йўл қўйилмайди. Бироқ, шундай кучлар борки, улар шариат қонунларидан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланадилар. Агар шариат қонунларида белгиланганидек иш тутилса, афғон халқи уни бажонидил қабул қилади, деб ўйлайман.

Мухбир: “Толибон”нинг ўтмишдаги бошқаруви даврида Кобулда аёлларни турли гуноҳлари учун шариат бўйича жазолайдиган жой бор эди…

Саид Мирвайс: Биз энди бунақа бўлмаслигини, жуда-жуда хоҳлаймиз.

Мухбир: Ўзингиз ва яқинларингизнинг ҳаёти хавфда эканидан қўрқмайсизми? Афғонистондан кетиш ниятингиз борми?

Саид Мирвайс: Мен ҳаётимга хавф туғилишидан қўрқмайман, чунки, ўғирлик, қароқчилик, бировнинг омонатига хиёнат қилганим йўқ. 36 миллионлик аҳолимизнинг асосий қисми ҳам мен каби яшаб келган. Шунинг учун қўрқадиган жойимиз йўқ. Тўғри, биз баъзи демократик қадриятларни йўқотишимиз мумкин, негаки, янги тартиб-қоидалар ўрнатилмоқда. Бироқ, Афғонистонда умумий тинчлик ўрнатилар экан, бунақа ҳолатлар икир-чикирдан бошқа нарса бўлмай қолади. Чунки, тинчлик ҳамма нарсадан устун туради.

Мухбир: “Толибон” томонидан портлашлар уюштирилаётганига нима дейсиз?

Саид Мирвайс: Буни толиблар қатъий рад этишади. Аниқ маълумотга эга бўлмаганимдан сўнг бу ҳақда бирон нарса дейишим қийин. Афғонистонда 40 йилдан буён портлашлар бўлади ва одамлар ҳалок бўлмоқда. Ойнаи жаҳон эса бир хил маълумот тарқатади: афғон халқининг душманлари портлаш уюштирди, одамлар ҳалок бўлди. Лекин ўша душманни кўрсатмайди. Энг муҳими, ҳозир бундай эмас. Портлатишлар йўқ ва бегуноҳ одамлар қурбон бўлмаяпти. Биз шундан хурсандмиз.

Мухбир: Кобулда ҳозирда қайси давлат идоралари ишлаяпти?

Саид Мирвайс: Бозорлар, озиқ-овқат дўконлари, госпиталлар ва клиникалар, ҳатто гўзаллик салонлари ишламоқда. Мактабларга ҳозирча олтинчи синфгача бўлган қизлар бормоқда, қолганларга ҳали рухсат берилгани йўқ. Университетлар фаолиятини бошлади. Қизлар ҳам, ўғил болалар ҳам дарсларга қатнамоқда. Банкларнинг марказий офислари ишлаяпти.

Мухбир: Жаҳон ОАВлари Афғонистон ҳозир гуманитар ҳалоат ёқасида тургани, тез орада озиқ-овқат, дори-дармонлар тугаб одамлар вафот этиши ҳақида ёзмоқда. Бунга нима дейсиз?

Саид Мирвайс: Умид қиламанки, бундай бўлмайди, негаки сиз билан биз яхши инсонлар кўп бўлган дунёда яшамоқдамиз. Ишонаманки, ёрдам берувчилар топилади. Вазият бу қадар чигаллашганининг сабаби шундаки, охирги 20 йил давомида мамлакатнинг харажати америкаликларнинг гарданида бўлиб келди. Уларнинг ўрнига келган толибларда эса ҳомийлар йўқ. Илгари барча амалдорларга, полиция ходимларига, шифокор ва ўқитувчиларга иш ҳақи америкаликлар томонидан тўланган. Толибларда эса бундай харажатларга пул йўқ.

Дарҳақиқат, гуманитар ҳалокат хавфи мавжуд. Ўйлайманки, жаҳон ҳамжамияти албатта ёрдам беради ва бундай ҳолат юз беришига йўл қўймайди. Толиблар фақат ғалаба билан иш битмаслигини, иқтисодий муаммоларни ҳал этиш зарурлигини жуда яхши тушуниб турибдилар. Халқни боқиш керак. Толиблар гуманитар хавф юз бермаслиги учун қўлларидан келган ҳамма ишни қиляптилар.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img