Бош саҳифаЯнгиликларХорижда меҳнат қилаётган фуқаролар қўллаб-қувватланади

Хорижда меҳнат қилаётган фуқаролар қўллаб-қувватланади

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раислигида хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Қайд этилишича, ушбу масала Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба бундай форматда муҳокама қилинмоқда.

Кейинги йилларда хориждаги ватандошларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шароитларини яхшилашга эътибор кучайди. Россия, Қозоғистон, Туркия, Япония ва Бирлашган Араб Амирликлари билан меҳнат миграцияси борасида халқаро шартномалар имзоланди. Чет элларда ишлаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида жамғарма ташкил этилиб, 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Шу билан бирга, ташқи меҳнат миграция масалалари бўйича Бош вазир маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Шунга қарамай, ечимини кутаётган муаммолар ҳали кўп.

Хусусан, хорижда ўзбекистонликлар муносиб шароитларда меҳнат қилиши учун йирик иш берувчи компаниялар билан алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Бунинг учун, аввало, ўша корхоналар талабига мос малакага эга ва тил биладиган мутахассислар тайёрлаш зарур.

Мутасаддиларга хорижий давлатлардаги йирик иш берувчилар билан музокара ўтказиб, ишчи ва мутахассислар юборишни кўпайтириш, меҳнат мигрантларига йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун 10 миллион сўмгача паст ставкада кредитлар ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 11 августда қабул қилинган қарорида аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, тадбиркорлик асослари ва хорижий тилларга ўқитиш чора-тадбирлари белгиланган эди. Йиғилишда мазкур қарорнинг амалий жиҳатларига тўхталиб ўтилди. Жумладан, чет элда ишлашни истаган фуқароларнинг малакасини ошириш, бунинг учун касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, махсус курслар ва моно-марказлар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Бу масканлардаги ўқув дастурлари, малака кўникмаларини хорижий иш берувчиларнинг талабига мослаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Меҳнат мигрантлари ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш учун Хориждаги фуқароларни ҳимоя қилиш жамғармасидан маблағ ажратиш бўйича кўрсатма берилди.

Хорижда ишлаб, малака орттириб қайтган фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди. Шу мақсадда улар билан манзилли ишлайдиган, молиявий қўллаб-қувватлайдиган тизим яратилиши белгиланди.

Бунинг учун сектор раҳбарлари, меҳнат ва маҳалла идоралари вакиллари ўз ҳудудидаги шундай ташаббускорлар рўйхатини шакллантириб, уларнинг бизнес лойиҳаси билан танишади. Рўйхатдан ўтишга кўмаклашиб, 3 ойгача ижара тўловлари бўйича субсидия берилади. Шунингдек, тадбиркорликни бошлаш учун кредит ресурслари ажратилади ҳамда банк кредитлари таъминоти бўйича суғурта полиси харажатларининг бир қисми қоплаб берилади. Бу мақсадларга Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан йил якунига қадар 25 миллиард сўм, кредитлар учун 100 миллиард сўм ажратилади.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img