Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон"Ҳокимларни халқ сайлаши керак"

“Ҳокимларни халқ сайлаши керак”

Бугун, 24 сентябр куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда иқтисодий комплексга кирувчи вазирлик ва муассасалар “тадбиркорга хизмат қилувчи” ташкилотга айланиши зарурлиги таъкидланди. “Қониқарсиз” деб баҳоланган туман ва шаҳарларнинг салоҳиятини юзага чиқариш, “яхши” ҳудудларнинг тажрибасини оммалаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Мисол учун, Самарқанд туманида ҳудудий саноат маҳсулотлари ҳажми 1,1 триллион сўмни ташкил этиб, аҳоли жон бошига 4,5 миллион сўмдан тўғри келган. Бу Самарқанд вилоятидаги энг юқори кўрсаткичдир. Шунингдек, 508 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, янги иш ўринларининг 71 фоизи кичик бизнесда очилган. Маҳаллий бюджет тушумлари сўнгги уч йилда 2 баравар ортган.

Шунингдек, Қамаши туманида сўнгги уч йилда 802 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, ишламаётган 132 та корхона қайта тикланган. Экспорт ҳажми ўтган йилгига нисбатан 1,5 баробар ошган.

Аксинча, Нукус, Балиқчи, Бекобод, Ховос, Бахмал, Мирзачўл, Янгиқўрғон, Шовот, Касби, Қумқўрғон, Учтепа каби туманлардаги аҳвол қониқарсиз. Аслида уларда ҳам етарлича салоҳият ва инфратузилма бор.

Масалан, Қумқўрғон тумани тадбиркорлик кўрсаткичлари бўйича Сурхондарё вилоятида энг охирги ўринлардан бирида. Лекин у ерда 124 минг гектар яйлов ва 48 минг гектар оборотдан чиққан ер бор. Улардан самарали фойдаланиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмаган.

Бекобод туманида ҳам кичик бизнес улуши республикадаги энг сўнгги ўринлардан бирида. Туманда йилига 10 минг тонна пахта, 100 минг тонна дон етиштирилса-да, қайта ишланмайди.

– Одамларимиз турмушини яхшилашга ҳаракат қилмаган раҳбар бир кун ҳам ишламайди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз.

Йиғилишда янги корхоналар ташкил этиш, борларини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img