Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонҲиндистоннинг Ўзбекистонга қизиқиши юқори

Ҳиндистоннинг Ўзбекистонга қизиқиши юқори

Яқинда Ҳиндистоннинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида иш бошлаган Маниш Прабҳат мамлакатимиз ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов билан учрашди. Юқори даражадаги ўзаро алоқалар, шунингдек савдо, сармоялар, хавфсизлик, ривожланиш ва маданий ҳамкорлик соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Элчи Маниш Прабҳат минтақавий ҳамкорликни такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги ва ўзига хос маҳсулотлар экспортига алоҳида эътибор қаратиш, шунингдек, ўзаро алоқаларни фаоллаштириш Ҳиндистон-Ўзбекистон бизнес форумида ўзаро савдони янада ривожлантириш усули сифатида кўриб чиқиш муҳимлигини таъкидлади.

21 октябр куни эса Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси ҳамкорлигида онлайн шаклдаги Ўзбекистон – Ҳиндистон бизнес форуми ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Ўзбекистон – Ҳиндистон бизнес форуми ҳамраиси, Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси аёллар ташкилоти собиқ президенти Ҳаржиндер Каур Талвар, Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчиси Маниш Прабхат, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Аҳатов, Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси раиси Мухтор Умаров, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди. Мазкур бизнес форум тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан, халқаро савдо учун қулай шароит яратиш ва Ўзбекистонда бизнес юритиш учун инвестиция ва хорижий шерикларни жалб этиш мақсадида ташкил этилди. 

Ҳаржиндер Каур Талвар хоним иқтисодий алоқалар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири эканини, мазкур тадбир Ўзбекистон ва Ҳиндистон бизнес вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратишини қайд этди. Мамлакатимизда ҳинд капитали иштирокидаги 277 корхона фаолият олиб бормоқда. 2020 йилнинг январь-август ойларида Ҳиндистон билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 198,4 миллион долларни ташкил этди. Бизнес форумда иштирокчилар савдо ва инвестиция соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан суҳбатлашди. Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика бўйича ҳамкорлик муҳокама қилинди. Таъкидлаш жоиз, айни йўналишда Ҳиндистон компаниялари Ўзбекистонда фаол бўлиб, бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Масалан, “Kadila Pharmaceutikals” компанияси билан ҳамкорликда мамлакатимизда қиймати 50 миллион АҚШ долларига тенг фармацевтика корхонаси ишга туширилди. Таълим соҳасидаги ҳамкорлик доирасида АКТ, муҳандислик ва бизнесга ихтисослашган Шарда ва Амити университетлари, дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технопарки фаолият юритаётгани фикримизга яққол далил бўла олади.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img