Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонҲиндистон элчиси табрик йўллади

Ҳиндистон элчиси табрик йўллади

Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, жаноб Маниш Прабхат Янги йил муносабати билан табрик йўллади. Унда жумладан шундай дейилади:

Кириб келаётган Янги йил муносабати билан Ўзбекистон халқига энг самимий тилакларимни йўллайман. Янги йилда Ўзбекистон халқига мустаҳкам соғлиқ, фаровонлик ва бахт тилайман. Бу Ҳиндистон халқининг ҳам тилакларидир. Мен Ҳиндистон халқи номидан Ўзбекистон халқига табрикни етказаётганимдан мамнунман. 

Ҳиндистон ва Ўзбекистон етакчилари яхши дўст ва яқин шериклар эканидан қалбим ғурурга тўлади. Ҳиндистон Бош вазири жаноб Нарендра Моди ва Ўзбекистон Президенти жаноб Шавкат Мирзиёев доимий мулоқотда. Сизларга маълумки, шу йилнинг 11 декабрида мамлакатларимиз раҳбарлари ўртасида виртуал учрашув ўтказилди, саммит чоғида ҳамкорлигимизни мустаҳкамлашнинг йўл-йўриқлари муҳокама қилинди. Ҳиндистон ва Ўзбекистон стратегик шериклар ҳисобланади. Ушбу йўналишларда, айниқса, савдо ва инвестиция, БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро майдон платформаларида, шунингдек, таълим, маданий-гуманитар алмашув, ҳарбий ҳамда хавфсизлик соҳаларида чамбарчас ҳамкорликни оширмоқчимиз. Бугунги кунда Ҳиндистон ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг қўл урилмаган соҳалари қолмади ҳисоб. 

Шунингдек, мамлакатларимиз ёшлари ўртасида ахборот технологиялари, ахборот-коммуникация технологиялари, таълим соҳаларида алоқалар йўлга қўйилмоқда. Ёшларимиз – бу икки динамик мамлакатнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб, ўз саъй-ҳаракатларини минтақа фаровонлиги, тинчлик ва барқарорликка эришиш уринишлари йўлида бирлаштирмоқда.

Умид қиламанки, келаётган 2021 йилда ҳам Ҳиндистон ва Ўзбекистон яқин шерик сифатида майдонга чиқишади. Биз ковид-19 пандемияси тарқалиши билан боғлиқ умумий муаммога қарши курашда ҳам ўз интилишларимизни бирлаштирдик, шу маънода, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлигимиз ҳам мустаҳкамланмоқда. 

Ишончим комилки, янги 2021 йил тинчлик, фаровонлик ҳамда Ҳиндистон ва Ўзбекистон халқларининг тараққиёт йили бўлади. Азиз дўстлар, яна бир бор сиз ва оилангизни Янги йил билан табриклашга, сизларга мустаҳкам саломатлик ва бахт тилашга ижозат бергайсиз.  

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img