Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонҲИНД МИЛЛИЙ БАЙРАМИ ЮРТИМИЗДА ХАМ ЎЗИГА ХОС НИШОНЛАНДИ

ҲИНД МИЛЛИЙ БАЙРАМИ ЮРТИМИЗДА ХАМ ЎЗИГА ХОС НИШОНЛАНДИ

Шу кунларда пойтахтимизда Ҳиндистон Мустақиллик кунига бағишланган бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, 15 август куни Тошкентдаги Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчихонасида Ҳиндистон Мустақиллик кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Дастлаб сана муносабати билан Байроқ кўтариш маросими ташкил этилди. Унда сўзга чиққанлар Ҳиндистоннинг мустақиллик йилларида амалга оширилган ишлар хусусида маълумот беришди. Хусусан, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Маниш Прабхат бу хақда шундай фикрларни ифода этди:

– Бугун Ҳиндистон  ўзининг энг катта байрамини 75-маротаба нишонламоқда. 1947 йил 15 августда Ҳиндистон  мустақил давлатга айлангани ҳақидаги акт кучга киритилган ва Деҳли шаҳрининг Ред Форт қалъаси девори устидан уч рангли мустақиллик давлат байроғи кўтарилди. Шу боис Байроқ кўтариш маросими хар йили Ҳиндистоннинг барча шаҳар ва қишлоқларида ўтказилиб, байрам ўзига хос тарзда ташкил этилади. Ушбу маросим демократик Ҳиндистоннинг бирлигини кучайтиришга қаратилган анъанадир. Умуман,  Мустақиллик байрамини  ҳар бир давлат фуқороси ўзининг диний ва миллий келиб чиқишига қарамасдан катта байрам қилади.

Ўзбекистон хам яна бир неча кундан сўнг ўз Мустақиллигини 30 йиллигини кенг  нишонлайди. Узоқ тарихга эга икки давлатнинг барча соҳадаги алоқалари мустаққиллик йилларида янада ривожланди. 2020 йил январь-август ойларида Ҳиндистон билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 198,4 миллион долларни ташкил этган бўлса, бу йил шу давр оралиғидаги хамкорлик кўлами 250 миллион долларни ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳинд капитали иштирокидаги 277 корхона фаолият юритмоқда, улардан 175 таси якка тартибдаги тадбиркорлар ва 102 та қўшма корхоналар.

Европа Иттифоқи томонидан Ўзбекистонга GSP+ бенефициар мамлакат мақомини берилгани, унинг Марказий Осиёдаги улкан иқтисодий салоҳияти ва йирик истеъмол бозорига эга экани ҳиндистонлик сармоядорлар ва ишбилармонларни мавжуд имкониятлардан фаол фойдаланишга ёрдам бераяпти. Илм-фан, Маданий ва гуманитар алоқалар кўлами хам икки мамлакатнинг фаол ҳамкорлиги учун замин яратмоқда. Хар йили 120 дан ортиқ Ўзбекистонлик мутахассислар Айтек дастури орқали Хиндистонда ўз малакаларини ошириб келади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон–Ҳиндистон ҳамкорлиги доирасида бажарилиши 2021-2023 йилларга мўлжалланган илмий-техник лойиҳалар танлови натижалари бўйича Ҳиндистон Республикаси Фан ва техника вазирлиги 23 та лойиҳани молиялаштириш бўйича қарор қабул қилгани хам хамкорликни ривожига хисса қўшади. Туризм йўналишидаги қўшма лойихалар хам янги босқичга чиққан бўлиб, унинг самарадорлиги хозирданоқ сезилмоқда. Уйлаймизки, Ўзбекистон ва Хиндистон ўртасидаги хамкорлик алоқалари барча соҳаларда янада ривож топиб бораверади.

Шунингдек, Тошкентдаги Лаъл Баходур Шастри номидаги Ҳиндистон Маданияти марказида “Ҳиндистоннинг кеча ва бугуни” мавзусида ўтказилган йиғилишда мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг амалий самараси ва Ўзбекистон билан амалий хамкорликдаги саъй-харакатлар бўйича фикр-мулохазалар билдирилди. Шундан сўнг ушбу марказ ҳовлисида Хиндистон Мустақиллик кунига бағишланган фотокўргазма хам очилди.

“Ушбу фото кўргазма икки қисмга бўлинади, биринчи қисмида Ўзбекистон ва Хиндистон ўртасидаги ўзаро дўстлик алоқалари намоён этилган бўлса, иккинчи қисмида Хиндистонга оид тарихий суратлар мужассамдир”, – дейди  Хиндистон Маданияти маркази директори профессор Чандр Шекхар жаноблари. Тадбир якунида ўзбек ва хинд таомлари тортилиб, мехмонларга бадиий концерт дастурлари намойиш этилди.

Нодира Нормуродова

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img