Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳон“Ҳинд халқининг ҳам севимли ижодкори эди...”

“Ҳинд халқининг ҳам севимли ижодкори эди…”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, ҳайкалтарош Яков Иосифович Шапиро 83 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Санъат арбоби ҳақида «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» халқаро мультимедиа лойиҳаси маълумот тарқатди. Маълумотга кўра, таниқли ҳайкалтарош 1937 йилда Украинанинг Житомир вилояти Олевск шаҳрида туғилган. Иккинчи жаҳон уруши вақтида оиласи билан Ўзбекистонга эвакуация қилинган. Дастлаб Марғилонда яшаб, сўнгра ота-онаси билан Тошкентга кўчиб ўтади. 1944 йилда ортга, ватанига қайтади ва санъат ўрта мактабида таҳсил олади.

Бўлажак ҳайкалтарош Киев санъат билим юртини тамомлаб, Санкт-Петербургдаги И. Е. Репин номидаги Давлат академик рассомлик, ҳайкалтарошлик ва архитектура институтига киради. Таҳсил олиш мобайнида дунё бўйлаб сафар қилади. Кейинроқ институтдаги таҳсилини давом эттирган ҳолда Тошкентга кўчиб ўтади. Унинг ижод намуналари Ўзбекистон, Россия, АҚШ, Франция, Италия, Исроил, Япония ва бошқа давлатларда ўрнатилган. Тошкентда Яков Шапиро метронинг бешта станцияси, жумладан «Мустақиллик майдони» ва «Буюк ипак йўли» станциялари учун паннолар тайёрлади. Бундан ташқари, ҳайкалтарош Ўзбекистон пойтахтидаги Максим Горький, Шота Руставели, Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов, Лал Баҳадур Шастри, Ботир Зокиров, Бухородаги Хўжа Насриддин Афанди ҳайкаллари муаллифи ҳисобланади.

Ҳайкалтарош кўплаб дунё халқлари қатори ҳинд ҳалқининг ҳам севимли ижодкори эди. Хусусан, Ҳиндистоннинг йирик давлат арбоби Лал Баҳадур Шастрининг қатор бюст ва ҳайкалларини яратиб, икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада жипслашишига хизмат қилди. Шу боисдан, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Яков Шапирога яхши тилаклар билдириб, махсус совға тақдим этган. Ўзим ҳам Яков Шапиро билан ижодий ишлари юзасидан мулоқотда бўлганман. Суҳбатимиз жуда самимий ва дўстона тарзда ўтган. Айтиш лозимки, у киши ўз касбининг фидоийси эди. Биз унинг ижодини жуда қадрлаймиз, – дейди Тошкентдаги Лаъл Баҳодир Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази директори, профессор Чандер Шекхар.

Дарҳақиқат, Яков Шапиро ўз ҳаёти давомида қатор архитектура-ҳайкалтарошлик ансамбллари, жумладан, юлдузлар мавзусидаги Она Замин, Икар, Улуғбек, Циолковский, Қиролича, Гагарин ҳамда космонавт, икки карра Совет Иттифоқи қаҳрамони Владимир Жонибеков бюсти композицияси устида ишлади.  Яков Шапиро хотираси халқимиз ёдида сақланиб қолади.

Абдувоҳид Ачилов

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img