Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонҲинд аскарлари Хитой сари юзланди

Ҳинд аскарлари Хитой сари юзланди

Ҳиндистон Қуролли кучлари Ладакх ҳудудида жойлашган Шаксгам-Қорақурум довони орқали Хитойдан кутилаётган эҳтимолий ҳужум ортидан 12 та Т-90 танки ва бошқа оғир зирҳли техникаларни, шунингдек, қўшимча равишда 4000 мингга яқин аскарни Давлат-бег-Олди туманига жойлаштирди.

Қайд этиш керак, бундан аввал мазкур баҳсли ҳудудга Хитой Халқ озодлик армиясининг 50 000 нафар аскари ва ҳарбий техникалари келтирилган эди. Бундан ташқари, сунъий йўлдошдон олинган фотосуратлардан маълум бўлдики, хитойлик ҳарбийлар Тибет автоном улкасида катта ҳарбий кучларни тўпламоқда. Бу ерда тикучарлар қўниб-учишига мўлжалланган янги майдонча барпо этилганидан ташқари, фойдаланиш мақсади номаълум бўлган ерости иншоотлари жадаллик билан қуриляпти.

Сўнгги ойларда Хитой-Ҳиндистон ўртасида кескин баҳсларга сабаб бўлаётган Ладакх чегара ҳудудида вазият қалтис бўлиб қолиш билан бирга, икки мамлакат ҳарбийлари ўртасида қуролли тўқнашувлар ҳам бўлиб ўтди. Жумладан, баҳсли ҳудуддан қўшинларни олиб чиқиш ҳақидаги Хитой-Ҳиндистон келишувига эришилганидан 45 йил ўтиб, икки давлат қуролли кучлари ўртасида июн ойи бошларида тўқнашувлар юз берди ва оқибатда 20 нафар ҳиндистонлик аскар ҳалок бўлди. Айни пайтда эса, юқорида айтилганидек, икки қудратли давлатнинг бир неча минглаб аскарлари баҳсли ҳудуднинг бир нечта нуқталарида юқори жанговар ҳолатда пайт пойлаб турибди.

1962 йилдан буён давом этаётган чегара масаласидаги баҳс-тортишувлар узоқ жимликдан сўнг, 2017 йилда яна кескинлашган эди. Ўшанда хитойликлар Бутаннинг тоғли Доклам туманида йўл қуришни бошлаган, Ҳиндистон эса бу лойиҳага халақит бериш учун ҳарбийларини ушбу ҳудудга юборган эди. Бу кескинлик, 2018 йилда Ухан шаҳрида ХХР раиси Си Цзинпин ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг юмшаган эди. Бироқ, кўп ўтмай Хитой Ҳиндистон назоратидаги 90 минг. квадрат километр жойга даъвогарлик қилиб чиққани, кескинликнинг яна пайдо бўлишига ва кучайишига олиб келди.

Агарда баҳсли ҳудуд масаласида Ҳиндистон-Хитой ўртасида уруш келиб чиқса, бунинг оқибати нафақат, ушбу икки қудратли давлат, балки бутун минтақа учун ҳам ҳалокатли бўлиши муқаррар. Шу босидан, БМТ, жаҳондаги бир қатор етакчи давлатлар Ҳиндистон ва Хитойни босиқликка, ўртадаги муаммони жанг майдонида эмас, музокара столи атрофида ҳал этишга даъват этаяпти. Бу борада Қўшма Штатлар воситачилик қилишга тайёр эканини ҳам маълум қилди.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img