Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонҲидоят йўлидан озганларни қайтарган аллома

Ҳидоят йўлидан озганларни қайтарган аллома

Хабарингиз бор, шу йилнинг 12 август куни Ўзбекистон Республикаси президентининг «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди. Қарорнинг асосий мақсади – буюк мутафаккир аждодимиз, мотуридийлик таълимоти асосчиси имом Абу Мансур Мотуридий ва унинг издошлари меросини чуқур ўрганиш, уларнинг ақида ва калом илми ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, уларда маънавий ва маърифий қарашларимизга ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтиришдир.

Қарор асносида Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендияни таъсис этилгани, 2020–2024 йилларда Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Йўл харитаси»да ташкилий, илмий-тадқиқот ва маънавий-маърифий тарғибот йўналишларида 29та комплекс чора-тадбир белгилангани ана шу эзгу ишларга хизмат қилади. Уларнинг ижросини таъминлаш орқали ниҳоят, Имом Мотуридий ва унинг издошларининг мусулмон оламидаги машҳур асарлари ўзбек тилига таржима қилинади ва халқимизга етказилади; юртимиз мотуридийшунос олимларининг хорижий мамлакатларда ўтказиладиган халқаро конференцияларда доимий иштироки таъминланади; «Мотуридийлик» маънавий-маърифий, илмий-адабий журнали нашр этилади; дунё қўлёзма фондларида сақланаётган Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига оид қўлёзма асарлар нусхалари жамланади ҳамда уларнинг каталоги яратилади; мотуридийлик таълимотига оид энциклопедия тайёрланади; Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмлар тайёрланади.

Юртимиз азал-азалдан илм-фан, маънавият ва маърифат бешиги бўлиб келган. Айниқса бу табаррук заминда ўрта (IХ-ХII) асрларда ўз кашфиётлари ва таълимотлари билан жумлаи жаҳонни лол қолдирган юзлаб улуғ зотлар етишиб чиққан. Мана шундай машҳур сиймолар силсиласида калом илмининг асосчиларидан бири имом Абу Мансур ал-Мотуридий ҳазратлари алоҳида ўрин эгаллайди. Ҳаёт фалсафасини қарангки, айнан 870 йилда буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони имом ал-Бухорий ҳазратлари вафот топган йили азим Самарқанднинг Мотурид деган маҳалласида илоҳиёт илмининг ёрқин юлдузларидан бири имом Абу Мансур ал-Мотуридий дунёга келади.

Ҳар бир тарихий шахснинг ҳаётини ўрганишда унинг яшаган даврини синчиклаб кўриб чиқиш алоҳида аҳамият касб этади. Имомул–ҳудо (Ҳидоятга элтувчи имом), Қудрату-аҳлис-сунна (Аҳлис-сунна пешвоси), Мусаҳҳиҳу ақоидил-муслимин (Мусулмонлар ақидасини ислоҳ этувчиси), Имомулмутакаллим (Калом илми олимларининг пешвоси), Рабибу аҳлис-сунна (Аҳлиссунна вал-жамоа тарбиясини олган), Ал-Имом аз-Зоҳид (Дунёни тарк этган имом), Аш-Шайх ал-Имом каби шарафли унвонлар соҳиби Абу Мансур Мотуридийнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганар эканмиз, Аллоҳнинг мислсиз қудрати кўз ўнгимизда намоён бўлади. Бундан Мотуридий яшаган даврнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳолати ва вазияти шундай улуғ мутафаккирга эҳтиёж сезаётганини англаш мумкин. Шундай экан,бу улуғ авлиёнинг энг зарур макон ва замонда дунёга келиб, мотуридия ақидасини яратганининг ўзи бир илоҳий мўъжизадир.

Абу Мансур Мотуридий яшаган даврда Ислом оламида эътиқод масалаларида бир-бирига қарама-қарши бўлган хилма–хил ғоялар кенг тарқалган эди. Қадарийлар, шиалар, жаҳмийлар, муътазилийлар, рофизийлар каби ўнлаб оқимлар ўртасидаги тортишувлар баъзан қонли можаролар билан якунланар эди. Ана шундай мураккаб даврда Самарқандда Имом Мотуридий ва у каби улуғ уламолар чиқиб, ўзларининг илму-маърифатлари, чуқур ва теран тафаккурлари билан жаҳолатни енгишга ҳаракат қилдилар. Шу тариқа, соф Исломий ақидани сақлаб қолиш учун ўзларининг бор салоҳиятлари ва куч қувватларини аямадилар. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, улар Қуръони карим ва Суннат таълимотлари асосида ҳамда Муҳаммад (с.а.в) саҳобалари услубида ақийда масалаларини ёрита бошладилар. Улар фиқҳий мазҳабда аҳли сунна вал жамоа сифатида ислом олами тан олган ҳанафийлар, шофеъийлар, моликийлар ва ҳанбалийлар, эътиқодий мазҳабда эса мотуридия ва ашъария калом мактабларига асос солдилар. Хусусан, мусулмонларни тарқоқликга олиб келувчи ақидавий оқимларга қарши шу муқаддас курашда Абу Мансур Мотуридий биринчилар сафида бўлди.

Имом ал-Мотуридий яшаган давр — тўққизинчи асрнинг иккинчи, ўнинчи асрнинг биринчи ярми — том маънода исломий илмлар ва маърифатининг турли соҳалари, жумладан калом илми ҳам гуллаб-яшнаган, айтиш мумкинки, ушбу илмнинг олтин асри бўлган эди. Замон тақозоси билан айни шу даврга келиб илм фанда ҳур фикрлилик алоҳида аҳамият касб этади. Олиму уламолар ўз қарашларидан келиб чиқиб, диний эътиқод ва унинг усуллари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини эмин-эркин ифода қила бошлайдилар. Бу ҳол ўз навбатида турли-туман гуруҳлар ва фирқалар, уларнинг тарафдорларига ўз ақидаларини ошкора изор қилиш имкониятини яратади. Айнан шу асрларда Мовароуннаҳрда турли-туман диний гуруҳлар ва фирқалар пайдо бўлади. Улардан кенг тарқалганларидан бири муътазила оқими эди. Аслида муътазила оқими калом илмидаги дастлабки йирик йўналиш сифатида VIII – IX асрларда араб халифалигининг диний-сиёсий ҳаётида салмоқли ўринга эга бўлган. Ундан кейин пайдо бўлган қатор оқимлар — жаҳмийлар, қарамийлар, муржиълар ва бошқа тоифалар иймон-зътиқод ва билиш назариясидаги хато қарашларга эга эдилар. Бинобарин, имом ал-Мотуридийнинг илмий-маънавий меросида ақлий далил ва исботларга таянган ҳолда Ислом дини ақидасининг софлигини ҳимоя қилиш ва ҳидоят йўлидан адашган мазкур оқимларга қарши қураш алоҳида аҳамият касб этган.

Имом ал-Мотуридийнинг биэгача етиб келган икки йирик асари — “Китоб ат-Тавҳийд” ва “Таъвийлот аҳли ас-сунна” буюк аллома меросини ўрганишда алоҳида аҳамиятга эгадир. Мазкур асарларда ислом динининг фалсафасини ташкил этувчи калом илмининг турли масалаларида тўғри фикрлар илгари сурилган, ақидавий ҳақитатдан адашган фирқалар илмий нуқтаи назардан танқид қилинган. Имом ал-Мотуридий фикрича, инсонларнинг ёмон хулқли ишлари гуноҳлари Аллоҳнинг иродаси билан (чунки Аллоҳ шу ишларни тақдир қилган), лекин унинг розилигисиз амалга оширилади. Аллоҳ таоло инсонларга ўз эркини қўлига берган ҳолда яратган, яъни унинг ҳаракатлари азалдан тақдир этиб қўйилган бўлсада, инсоннинг баъзи ишларига соҳиб ихтиёрлигини ҳам бергандир. Бу ишларни имом ал-Мотуридий “афъоли ихтиёрий, яъни инсонда ирода эркинлиги мавжуд” деб атайди. Буюк ватандошимиз, Аллома имом ал – Мотуридий ҳазратларининг бундан ўн бир аср муқаддам айтган бу ажойиб фикри бугунги кунда ҳам ғоятда долзарб бўлиб, инсон ақл – заковати ва тафаккурининг имкониятлари чексиз эканлигига ишоратдир. Аллома фаолиятида юқорида айтилганидек, муборак ислом динимизнинг ҳаётбахш мазмун – моҳиятини тўғри талқин қилиш, турли бидъат ва хурофотларга ботган гуруҳ ва тоифаларга қарши кураш алоҳида ўрин эгаллайди. Шу нуқтаи назардан ҳам имом ал-Мотуридий илгари сурган ғоялар бугунги кунда ҳам ғоятда долзарб бўлиб, нафақат илмий, балки катта амалий аҳамиятга эгадир.

Хуллас, эътирозга ўрин қолдирмайдиган ақлий ва нақлий далилларга таяниб, имом ал-Мотуридий ҳазратлари ислом аҳли ақидасини соғлом фикрга, рушди-ҳидоятга ва дини исломнинг асл мазмун-моҳиятига мос келадиган мустақил йўлга бошлади. ўзининг улуғвор ҳаётбахш таълимотлари билан миллионлаб мусулмон аҳли ақидасини бир бирига зид бўлган бузғунчи, фосиқ ғоялардан сақлаб қолди. Шу боисдан бўлса керак буюк ватандошимиз ақидавий масалалардаги беназир хизматлари учун, эҳтимол, жаҳоннинг биронта ҳам алломасига насиб этмаган “Мусулмонлар ақидасини тузатувчиси” (“Мусаҳҳиҳ ақоид ал-муслимийн”), “Хурофот ва бидъатга асосланган уйдирмаларни илдизи билан қўпорувчиси” (“Қолиъ азолийн ал-фитна ва-л-бидъат”) деган ўта шарафли лақабларга сазавор бўлган алломадир. Чунончи имом ал-Мотуридий таянган асосий манба – бу Қуръони Каримнинг чуқур маъноли ёрқин оятларидир.

Аллома турли хил ақидавий масалаларни мана шу кенг қамровли Қуръоний аҳкомларни ақлий далиллар билан уйғунлаштирган ҳолда талқин қилади, зарур ҳолларда ўз ғоявий мухолифларига кескин ва асосли раддиялар билан жавоб қайтаради.

Юқорида келтирилган мулоҳазалардан аён бўлаётир-ки, имом ал-Мотуридий бир томонлама фикр юритиб, залолат йўлларига кириб кетган турли гуруҳларни, хато қарашларни қиёсий равишда чуқур ўрганиб, улардан мантиқий, адолатли хулосаларни чиқарди ва ўзига хос мактабга асос солди, ўзининг тўғри, илмий қарашларини суннийлар ақидасига сингдирди. У киши ўз замонасидаги мусулмонлар орасида пайдо бўлган нотўғри тушунчаларга ечим топди. Ўша вақтдаги бузғунчи фирқалар ақийда бобида сочаётган заҳарлардан пайдо бўлган ақийдавий дардларни даволашга ҳаракат қилди. Душманларнинг кирдикорларини фош қилиб, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг ҳақиқатини очиқ-ойдин кўрсатиб берди. Имом ал-Мотуридийнинг ўлмас таълимоти дастлаб Мовароуннаҳрда, сўнгра Туркия, Афғонистон, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа қўшни юртларда ҳам кенг кўламда тарқалди. Миллионлаб мусулмонлар қалбига муборак ислом динининг ҳаётбахш ғояларини сингдиришда буюк ватандошимиз имом ал-Мотуридий ҳазратлари ва у асос солган ал-Мотуридийя мактабига мансуб алломаларнинг хизматлари бениҳоя каттадир.

Имом ал-Мотуридий фаолиятида муборак ислом динининг ҳаётбахш ғояларининг софлиги, эътиқодий масалаларини бир томонлама ва хато талқин залолатга ботган ҳар хил тоифалар ва оқимларга қарши кураш, Қуръони Карим ва Ҳадиси Шарифга таянган ҳолда асосли раддиялар бериш салмоқли ўринни эгаллайди. Шу боисдан алломанинг ўлмас таълимотлари бугунги кун учун ҳам катта амалий аҳамият касб этиб, ҳидоят йўлидан адашган баъзи бузғунчи гуруҳларни фош этишда муносиб ҳиссасини қўшиши шубҳасиздир.

Имом ал-Мотуридийнинг ўзига хос таълимотини ўрганиш учун олимларимиз катта имкониятларга эгадирлар. Чунончи алломанинг асосий асарининг қўлёзмалари ва уларга ёзилган баъзи шарҳлар нафақат Миср, Туркия, Ҳиндистон, Англия каби мамлакатларда, балки Республикамиздаги қўлёзмалар хазинасида ҳам сақланади. Демакки, Президентимизнинг қарори буюк алломанинг асарларини чуқур ўрганиш, уларни халқимиз орасида ва жаҳонда кенг тарғиб этиш, ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, уларда маънавий ва маърифий қарашларимизга ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш ишига хизмат қилади.
Ташпўлат МАТИБАЕВ,
социология фанлари доктори, профессор

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img