Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонХавфсиз маҳалла – хавфсиз жамият

Хавфсиз маҳалла – хавфсиз жамият

Обод маҳалла, шубҳасиз, обод хонадон, кўчадан бошланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев мазкур масалага кўп бора тўхталаётгани боиси ҳам шунда. Азалдан маҳалла институти юртимизда ҳукм сураётган тинч-осо­йишта ҳаёт, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, ёшларни миллий ҳамда умуминсоний  қадриятлар – дўстона қўшничилик ва ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, ёрдамга муҳтож инсонларга ғамхўрлик ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялаш жараёнига залворли ҳиссасини қўшиб келади. 

Маҳалла институти чет эл тажрибасини андоза қила олмайдиган ягона тизимдир. Буни хорижлик экспертлар ҳам эътироф этиб, уни ўрганиш кераклигини таъкидлайдилар. Хусусан, ўтган йили АҚШ, Жанубий Корея, Хитой, Франция каби давлатларда намойиш қилинган “Ўзбекистонда маҳалла институти: тарихий тажриба ва ҳозирги кун” ҳужжатли фильм тақдимоти ҳам ўзбек маҳалласи ҳақиқий маънода халқ­чиллиги, адолат масканига айланганлигининг исботидир. Шу билан бирга, ютуқлар билан бирга сўнгги йилларда халқимиз менталитетига зид бўлган ҳолатлар, жумладан, пароканда оилалар, қаровсиз болалар, ҳуқуқбузарликлар, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраётганлиги ачинарли ҳолдир. “Оила – муқаддас” деган азалий ва эзгу ғоя қадрсизланиб, минг йиллик миллий қадриятларимиз завол топар экан, бу каби оғриқли ҳолатларни камайтириб бўлмайди. Бунинг учун маҳалла катта ижтимоий куч сифатида майдонга чиқиши керак. Чунки фаоллар, кўпни кўрган оқсоқоллар, тажрибали нуронийларимиз, агар истаса, жамоатчилик билан биргаликда ҳар қандай муаммони ҳал қилишга, хато қилган ёшларни тўғри йўлга солишга қодир.

Лекин вақтлар бўлдики, маҳалла юки ортиб кетди. Айниқса, маҳалла фуқаролар йиғинлари зиммасига 200 дан ортиқ вазифалар юкланганлиги, лекин уларни бажариш учун бор-йўғи икки штат бирлиги ажратилганлиги, жамоатчилик асосида номига ишлаб келган ўнга яқин турли комиссиялар фаолияти, маҳалла ҳисоб рақами очилган-у лекин унга пул тушириш механизмлари ишлаб чиқилмаганлик ҳолатлари маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари  ҳамда аҳолининг асосли эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Энг ачинарлиси, бундай ҳолат маҳалла фаолларининг ўзига бўлган ишончини сўндирарди.

Айнан шу каби масалалар жорий йилнинг 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектр йиғилишида танқидий муҳокама қилинди. Давлат раҳбари томонидан маҳалла тизимини “Обод ва хавф­сиз маҳалла” тамойили асосида ислоҳ қилиш, ушбу соҳага масъул алоҳида давлат идораси – Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этиш таклифи берилди.  Эндиликда маҳалла институтининг иқтисодий-молиявий асослари мустаҳкамланмоқда, моддий-техника базаси замонавий жамламалар билан тубдан янгиланмоқда. Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юклатилган бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг 50 дан ортиқ хос бўлмаган вазифа ва функциялари олиб ташланди. Хусусан, маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш борасидаги амалий тизимни самарали ташкил этиш, иморат қуриш учун қонунчиликда назарда тутилган ҳужжатларнинг мавжудлиги ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари асосида қурилганлигини аниқлаш, фермер ва деҳқон хўжаликларига консалтинг, ахборот йўсинидаги ва бошқа хил хизматлар кўрсатиш каби вазифалар шулар жумласидандир.

Маҳалла фуқаролар йиғинларининг эндиликда “Обод ва хавф­сиз маҳалла” тамойилини амалиётга жорий этиши, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва осойишталикни таъминлаши, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириши, азалий қадриятларни тиклашда намуна бўлиши, “Бир болага етти қўшни ота-она” тамойилини ҳаётга татбиқ қилишда жонбозлик кўрсатиши давр талабидир.  Ўтган давр мобайнида маҳалла тизими фаолиятини ривожлантириш, «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган янги тизимни ҳар бир маҳаллада жорий этиш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳаллаларда ишни тўғри ташкил этиш, камбағалликни қисқартириш, томорқадан самарали фойдаланиш, ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича бир қанча дастур ва режалар ишлаб чиқилган.

Маҳалла вакилларининг ўз вазифаларини янада уюшқоқлик билан олиб бориши учун, аввало, ишга бўлган муносабат ва масъулиятни ошириш, ҳудудлардаги ишларни тўғри ташкил этиш, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, «Маҳалла – адолат мезони эканлиги, уларнинг иши адолат мезонларига таяниши лозим»лигини ҳар доимо юракдан ҳис қилиш зарур.

Дарҳақиқат, обод маҳалла — бу бизнинг, энг аввало, фаровон оилаларимиз, қадриятлар бешиги бўлган маҳаллада ўсиб-улғаяётган маънавий ва жисмоний баркамол ёшларимиз, кўркам қишлоқларимиз, замонавий ва файзли масканларимиздир. Аммо ўтган йиллар давомида соҳада ечимини кутаётган масалалар йиғилиб қолганди. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги эса бу борадаги муаммоларга катта ечим бўлиш билан бирга, маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларни оқилона ҳал этиш, тинчлик-осойишталикни асраб-авайлашда бизга берилган катта имконият  бўлди. Бир сўз билан айтганда, бунинг натижасида жойларда муаммоларни ҳал қилишнинг яхлит ва таъсирчан вертикал тизими яратилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир оила, кўча ва маҳаллаларимизда «Обод хонадон», «Обод кўча», «Обод маҳалла» тамойилларини кенг жорий этиш бўйича белгилаб берилган вазифаларни барчамиз, аввало, ўз иш услубимиз учун асосий тамойил сифатида белгилаб олишимиз, бу ғояларни кенг жамоатчилигимиз орқали халқимиз турмуш тарзи ва маданиятига сингдиришимиз лозим. Натижада мамлакатимизнинг барча ҳудудларида обод гўшалар, кўркам масканлар, маҳаллаларимизда намунавий хонадон ва кўчалар сони ортиб бораверади. Ана шундагина одамларимизнинг ҳаётга ишончи юксалиб, яшашга, келажакка интилиши янада кучаяди. Бир сўз билан айтганда, ободлик бор жойда файзу барака, ривожланиш бўлади. Жойларда тегишли топшириқлар ижросини таъминлаш доирасида карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда маҳаллалардаги ҳар бир кўчани ободонлаштириш, хонадон ва томорқа маданиятини ривожлантириш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган қатор тадбирлар олиб борилмоқда ва амалий чоралар кўрилмоқда.

Мазкур хайрли ва савобли ишларга туман ва шаҳарларда ташкил этилган Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари аъзоларининг ҳам фаол жалб этилаётгани эътиборга молик. Шунингдек, кам таъминланган ва камбағал оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини касб-ҳунарга ўргатиш, иш билан таъминлаш, даромад манбаини шакллантириш орқали уларни камбағалликдан чиқариш чоралари ҳам амалга оширилмоқда. Ижтимоий фаол кекса авлод вакилларини кенг жалб этган ҳолда ёшларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш, уларнинг маънавиятини юксалтириш, ватанпарварлик  руҳида тарбиялашга қаратилган тадбирлар маҳалла ободлиги ва хавфсизлигига, ўз навбатида юрт тинчлиги ва осойишталигига хизмат қилади.

«Саломатлик учун беш минг қадам» шиори остида ҳар куни кечки пайт маҳаллаларда ташаббускор нуронийлар ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирокида пиёда юриш тадбирлари ташкиллаштирилаётгани ҳам соғлом турмуш тарзини шакллантириш ишига хизмат қилмоқда.

“Ҳар бир оила тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Ҳунармандчилик” дастурлари доирасида маҳаллаларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун арзон кредит маблағлари ажратилаётгани, бу маблағлар ҳисобига сартарошхона, новвойхона, шунингдек, ҳунармандчилик, тикув, қандолатчилик цехлари, оталар чойхонаси, гузар масканлари ташкил этилаётгани ҳам юртимиз кўркига кўрк қўшмоқда. Зеро, маҳалла фуқаролар йиғинлари “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини амалиётга жорий этиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва осойишталикни таъминлаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, томорқалардан унумли фойдаланиш, ер участкаларини ноқонуний эгаллашнинг олдини олиш, ҳудудни ободонлаштириш каби масалалар билан шуғулланмоқда.
Тошпўлат Матибаев,
халқ депутатлари Тошкент
шаҳар Кенгаши депутати,
социология фанлари доктори, профессор

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img