Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонХалқимизнинг жипслиги ва аҳиллигини намоён этадиган янги мажмуа

Халқимизнинг жипслиги ва аҳиллигини намоён этадиган янги мажмуа

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Қибрай туманида барпо этилаётган боғ ҳудудига ташриф буюрди. Янги боғ барпо этилиши тадбирида давлатимиз раҳбари: “Худо хоҳласа, мана шу баҳаво жойда 104 гектарлик боғ барпо этмоқчимиз. Бу хайрли ишнинг бошланиши ҳозирги улуғ айём кунларига тўғри келгани ҳам хосиятли, деб ўйлайман”.

Давлатимиз раҳбари жамоатчилик билан бирга янги боққа кўчатлар ўтқазди. Унда депутатлар ҳам иштирок этгани қувонарли ҳол, албатта.

Дарахтзорлар – юртга чирой берадиган, ҳаёт сифатини оширадиган манбалардан. Шу мақсадда шаҳар ва туманларимизда янги боғ ва сайилгоҳлар ташкил этилмоқда. Бундай “яшил ҳудудлар” сўнгги йилларда кўплаб қурилишлар бўлиб, тобора ривожланиб бораётган Тошкент шаҳри учун, айниқса, муҳим. Қолаверса, кўчат экиб, боғ яратиш халқимизнинг азалий қадриятларидан бири. Экилаётган ҳар бир ниҳол эртанги кунга бўлган умид ва ишончимизни ошираверади. Бу хайрли амал келажак авлодга қаратилаётган эътибор намунаси ҳамдир. Мавзуга тўхталаётганимизнинг боиси бор. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пойтахтимиз яқинида улкан манзарали боғ барпо этилмоқда. Жорий йил 25 февраль куни ушбу боғ лойиҳаси муҳокама қилинган эди. 1 май куни унга илк кўчатлар экилди.

  Энди ушбу баҳаво жойда 104 гектарлик боққа асос солинди. Президентимиз жамоатчилик билан бирга янги боққа кўчатлар ўтқазди. Боғнинг номи ҳам ўзига хос – “Янги Ўзбекистон”.   Янги боғ нафақат манзараси, ландшафти, балки мазмуни билан ҳам алоҳида эътиборга молик. Боғнинг умумий кўриниши худди улкан дарахтнинг бешта шохи шаклида бўлади. Бу Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишини ифодалайди. Боғни оддий парк эмас, энг аввало, юксак маданият ва маънавият масканига айлантириш мақсад қилинган. Бу ерда одамлар табиат қўйнида осуда дам оладиган сўлим ҳудудлар яратилади. Каштан, эман, чинор, лола, липа боғлари барпо этилиб, ноёб манзарали дарахтлар, буталар ва гуллар экилади. Сунъий кўл, спорт майдонлари, болалар ўйингоҳлари, фавворалар қурилади. Тошкент вилоятининг Қибрай туманида,  “Тошкент-Шарқий” аэродроми яқинида барпо этилаётган боғ лойиҳасини ишлаб чиқишда дунё мегаполисларидаги машҳур паркларнинг ландшафти, қулайликлари ўрганилган. Бу боғ фақат дарахтзор, бута ва гуллардан иборат ўзига хос дендропарк бўлиши кўзда тутилган. Бу пойтахтимиз экологиясига катта таъсир кўрсатадиган, аҳоли ва меҳмонлар сайр қиладиган “яшил ҳудуд” бўлади.

Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишланган Истиқлол мажмуаси ҳам шу ерда барпо этилади. Президентимиз бу мажмуанинг тарихий-ғоявий аҳамиятини таъкидлади. Бу йил мустақиллигимизнинг 30 йиллигини нишонласакда, аммо давлатчилигимиз тарихи 3 минг йиллик илдизга эга. Бу ана шу буюк тарихни кўрсатадиган мажмуа бўлади.  Боғ Ўзбекистоннинг янги қиёфасини, улкан салоҳиятини, кўпмиллатли халқимизнинг жипслиги ва аҳиллигини намоён этадиган мажмуа бўлади.

   Шубҳасиз, яшиллик мусаффо табиатнинг бақувват илдизи. Кўкка бўй чўзиб турган дов-дарахтлар, майсазорлар табиатни тоза ҳаво билан таъминлайди. Мутахассисларнинг таҳлилига кўра, бир туп дарахт кунига икки килограммга яқин кислород ажратади. Йўл четларидаги дарахтлар эса карбонат ангидрид газининг 30 фоизигача бўлган қисмини ютади. Албатта, кўчат экишда жойни танлай билиш, ниҳолни тўғри парваришлаш алоҳида эътиборни талаб этади.

Боз устига, Президентимиз ташаббуси билан кейинги пайтларда экологияни асраш, Оролни қутқариш борасида қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда. Хусусан, бундан уч йил аввал муҳтарам Президентимиз ташаббуси остида Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо қилинишига киришилган эди. Бугун у ерга борган киши катта кўламда бажарилган ишлар туфайли ҳудудни танимайди. Ўтган қисқа вақт мобйнида Орол денгизининг қуриган тубида 1,5 миллион гектардан ортиқ ҳудудда ўрмонзорлар юзага келди, бу шубҳасиз, минтақани яшил маконга айлантириш ишига хизмат қилади. Бундан ташқари, юртимиз бўйлаб экологик марафонлар, экологик ташаббуслар ўтказилмоқда.

Кенг жамоатчилик иштирокини қамраб олган бундай ташаббуслар юртимизни янада обод қилиш, “яшил ҳудудлар” кўламини янада кенгайтириш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади.

–  Биласизми, бу боғнинг қурилишини тарихий ҳодиса десак ҳам янглишмаймиз. Негаки, бу боғнинг барпо этилишини халқимиз қанчалар орзиқиб кутди. Боғ янги, замонавий, кўркам, энг асосийси, барча ёш-у қари учун бирдек қулай маскан бўлишига ишонаман.

Эслатиб ўтамиз, Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишланган Истиқлол мажмуаси ҳам шу ерда барпо этилади.

Тошпўлат МАТИБАЕВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари,
социология фанлари доктори, профессор

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img