Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонХалқ ўз қаҳрамонларини унутмайди

Халқ ўз қаҳрамонларини унутмайди

Арманистон ҳарбийларининг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (ОДКБ) доирасида Қозоғистонга кириши турли гап сўзларни келтириб чиқарди. Чунки Туркистон мухториятида содир этилган воқеаларни кўпчилик унутгани йўқ. Туркистон мухторияти парламент аъзолари большевикларни тан олишдан бош тортганидан сўнг 1918 йил февраль ойида Қўқонга етиб келган қуролланган большевиклар Туркистон мухторияти тарафдорларини артиллерия билан йўқ қилишга киришиб кетди. Ҳокимиятни эгаллаб олгач, большевиклар Туркистон мухторияти ҳукуматини тугатди. Илгари айтилганидек, мазкур ҳукуматда турли миллатга мансуб ерли аҳоли вакиллари бор эди. Келажакда улар ҳам ўлка бошқарувига жалб этилиши ваъда этилди. Шу билан большевиклар жадидлар бошлаган халқ-демократик мақсадларни амалга ошириш жараёнини узиб қўйди.  

Қўқон аҳолисини қириш бўйича жазо операциясини ўтказиш чоғида большевиклар билан бир қаторда дашноқлар муҳим роль ўйнади. Большевиклар «Дашнакцутюн» партиясидан қуролли талончи ва қотиллар тўдаларини жалб этди. Бу тўдалар унга қадар Кавказда ва Шарқий Анатолияда ғайриинсоний террорчилик актларини содир этиб улгурган эди. Туркистонда большевиклар томонидан совет режимининг ўрнатилиши маҳаллий аҳоли орасида салбий кайфиятларни уйғотди ва умумхалқ аксилсовет исёнига омил бўлди. Бир муддатдан сўнг, 1918 йилда бошланган ва Иккинчи Жаҳон уруши йилларигача давом этган миллий озодлик уруши бошланди. Мазкур қонли урушнинг келиб чиқишидаги айбнинг каттагина қисми армани миллатпарастларини ўз ичига олган «Дашнакцутюн» партияси зиммасидадир!

Туркистонда миллий озодлик ҳаракати юзага келиши билан боғлиқ тарихий муаммонинг бундай изоҳланиши шу билан тасдиқланадики, дашноқлар Жанубий Кавказда ҳам айнан шу усулларда маҳаллий аҳолини қирғин қилган ва мусулмонларга қарши ялпи қотилликлар уюштирган эди. 1918 март-апрелида Бокуда, Шамахада, Муғонда, Губада ва Лангаронда минглаб озарбайжонлар дашноқлар томонидан ўлдирилган, ўн минглаб одамлар бошпанасиз қолган ва уйларидан қувиб солинган. Айниқса, дашноқлар томонидан Боку ва Шамахада уюштирилган қонли террор тадбирлари ниҳоятда даҳшатли тус касб этган эди. Бокуда 30 мингга яқин одам ўта шафқатсизлик ва ваҳшийлик билан ўлдирилган. Шамахада дашноқлар 58 қишлоқни вайрон қилган, 7 минг нафар тинч аҳоли вакилини, шу жумладан, 1653 аёл ва 965 болани қиличдан ўтказган. Губа губерниясида 122 қишлоққа ўт қўйилган, уларнинг барида мусулмон нуфуси истиқомат қилар эди. Қорабоғнинг тоғли қисмида 150 дан ортиқ қишлоқ ер юзидан супуриб ташланди. Дашноқлар томонидан ушбу қишлоқларда ўтказилган қонли акцияларнинг фожиавий кўлами инсоният тарихидаги энг ваҳший ва шафқатсиз жиноятлар қаторида кўрилади. Дашноқлар Зангизурда ҳам шу йўл билан 115 қишлоқни талон-тарож қилиб, сўнг уларни вайрон қилди ва ёқиб юборди, 7700 мусулмон ўлдирилди, 2500 минг нафари яраланди, 50000 киши уйларидан ҳайдалди. Иравон (Ереван) губерниясида 211 қишлоқ, Карсда 92 қишлоқ ер билан яксон қилинди. Туркистон ва Жанубий Кавказ минтақаларидаги айнан мана шундай даҳшатли акциялардан сўнг маҳаллий аҳолининг Совет ҳокимиятига қарши оммавий қуролли чиқишлари фаоллашади. Умуман, большевиклар экспансияси Туркистон ва Кавказда миллионлаб инсон қурбон бўлиши билан якунланди.Туркистон тарихида дашноқларнинг тинч аҳолига нисбатан зўравонлиги ва даҳшатли жиноятлари билан боғлиқ мисоллар жуда кўп. Улар 1988-1992 йилларда ҳам Тоғли Қорабоғ ва унга туташ ҳудудларда геноцид содир этишди.

Биринчи Жаҳон уруши йилларида дашноқларнинг Усмонли империяси ҳудудлари бўлмиш Шарқий Анатолияда, Совет ҳокимияти ўрнатилиши йилларида Кавказ ва Туркистондаги асосий машғулоти талончилик, зўравонлик, болалар, қуролсиз кексалар ва аёлларни ўлдириш бўлган. Қўрқитиш тадбирлари чоғи, яъни террорчиликда дашноқлар большевиклар томонидан онгли равишда қўлланди. Тинч аҳолини йўқ қилиш ва террор дашноқлар учун одатий иш эди. Дашноқларнинг Фарғона водийсидаги жиноятлари ҳақида турли муаллифларнинг кўплаб ишларида батафсил ҳикоя қилинади. Лекин, дашноқларнинг Туркистондаги жиноятлари ҳақида хабар қилган асосий муаллифлардан бири Мустафо Чўқай, Иккинчи Жаҳон уруши бошлангунига қадар у Европада бу масалада китоб ва мақолалар чиқариб борди. Армани дашноқларининг Туркистондаги ғайриинсоний хатти-ҳаракатлари келтириб чиқарган оқибатларнинг бевосита гувоҳи Турор Рисқулов эди – у муфассал ҳисобот тайёрлаб, китобининг алоҳида бўлимини шу масалага бағишлади. Мазкур фожиа ҳақида Шарқий Туркистон Республикасининг биринчи президенти, ўзбеклардан чиққан биринчи маршалл – Алихонтўра Соғуний «Туркистон қайғуси» китобида чуқур изтироб билан ёзган.  

Дашноқларининг Туркистондаги жиноятларининг таҳлили Турор Рисқулов эсдаликларида: «Исённи бостириш баҳонасида тўққиз кун давомида Қўқонда талончиликлар содир этилди. Ҳисоб-китобга уста дашноқлар дарҳол пул ишлаш илинжига тушди, ва шаҳар бафуржа “тозалаш”дан ўтказилди. Жумладан, Қўқонда дашноқлар келганидан сўнг арманиларнинг савдогар қатламлари ҳам тўсатдан ашаддий “инқилобчи”лар бўлиб чиқди ва, отряд таркибига қўшилиб, шаҳарни вайрон қилишга киришиб кетишди. Барча дўконлар кунпаякун қилинди, озгина қиймати бўлган ҳамма нарса омборхоналарга ташиб кетилди, қолгани ёқиб юборилди. Оммавий қотилликлар содир этилди. Андижонда исёндан сўнг “яна ўша дашноқлардан иборат гарнизон бутун эски шаҳарни талади. Бир ҳафта давомда талончилик, қотиллик ва зўравонликлар тинмади.  

1897 йили Қўқон аҳолиси 120.000 кишини ташкил қилар эди, 1926 йили эса бу кўрсаткич 69.300 гача қисқариб кетди. Туркистондаги миллий озодлик ҳаракатини тадқиқ қилган ҳар бир тарихчи большевикларнинг арман дашноқлари қўли билан Фарғона водийсида амалга оширган этник тозалаш фактига дуч келади.  1918 йили арман дашноқларининг Фарғона водийсидаги тинч аҳолининг ваҳшийларча ўлдириши Туркистон маҳаллий аҳолисининг норозилигига ва советларга қарши 1917 йилдан 1944 йилгача давом этган қўзғалонларга сабаб бўлди. Бу муддатда 5 миллион 600 мингдан ортиқ бегуноҳ инсон нобуд бўлди.

1878 йилгача арман масаласи деган муаммо умуман йўқ эди. Усмоний давлатида ҳам ҳеч қандай арман муаммоси ва арман ташкилотлари бўлмаган. Чунки Усмоний давлатида арманлар парламентда ҳам, ҳукуматда ҳам мавжуд эди. Европа давлатларининг аралашуви билан арманлар алоҳида ташкилотларга тўплана бошлашди. Дунё державаларининг бундан ягона мақсади Усмоний империясини парчалаш эди. Ҳолбуки улар арман давлати қуришни ўйлаб ҳам кўришмаган эди. Европа давлатлари манфаати учун Усмоний империясини парчалашда арман қўмиталарининг маркази айнан арман черкови бўлди. 1878 йили Швейцарияда “Гинчаг” номли арман миллатчи ташкилоти қурилди. Усмоний империясини парчалашда Россиянинг манфаати учун 1890 йили Кавказда “Дашноқцутюн” номли арман миллатчи ташкилоти қурилди. Улар ушбу ташкилотлар орқали Усмоний империяси ичида исён чиқаришга киришишди. Конгресснинг биринчи қарори Усмоний қўшини сафидаги арманлар ҳеч қандай шароитда қуролларини топширмаслиги керак ва Россия армияси етиб келганда Усмоний аскарларига қарши жанг қилиши керак эди. Иккинчи қарори эса Усмоний аскарларининг қишлоқларда қолган оилаларига босқинлар уюштириш эди. Учинчи ва асосий қарорлари қандай йўл билан бўлмасин, Усмоний давлатини мағлубиятга учратиш эди. Усмоний давлатининг генераллари Рашид бошо, ҳарбий вазир Анвар бошо, ички ишлари вазири Талъат бошо бу режалардан хабардор эди.  

1914 йил декабрь ойидан 1915 йил январь ойининг охиригача давом этган Турк-Рус “Сариқамиш” жангида арманларнинг хиёнати очиқчасига маълум бўлди. Бу воқеадан кейин Усмоний ҳукумати арманларни чегара ҳудудлардан бошқа жойга кўчиришга мажбур бўлди. Чунки арманлар ташқи кучлар ёрдамида давлат ичида тинмай террор ва қўпорувчилик ишларини олиб бораётган эди.  1915 йили 24 апрелда Усмоний империяси “Гинчаг” ва “Дашноқцутюн” арман ташкилотларининг фаолларини ҳибсга олишга қарор қилди. 1915 йил 27 майда арманларни чегара ҳудудлардан ичкарироқ вилоятларга кўчириш бошланди. Усмоний султонининг фармонига кўра, арманларга ўзлари билан барча кўчар мулкларини олиб кетиш ҳуқуқи берилди. Бу учун етарли даражада аравалар ажратилди. Уларга кўчмас мулкларининг нархлари белгиланиб, баҳоси тўланди.   Бундан ташқари, агарда келажакда кўчирилган арманлар қайтишни истасалар, уларга кўчмас мулклари қайтариб берилиши қарорлаштирилди. Агарда аскарлардан биронтаси арманларга зарар етказадиган бўлса, ҳарбий трибунал олдида жавобга тортилиши қатъий равишда белгилаб қўйилганди.  

1915 йили Усмоний империяси арманларни кўчириш учун 25 миллион турк лираси, 1916 йили 86 миллион сарфлади. Ўша вақтда фронтда турк аскарларига озиқ етишмаётган эди. Европалик муаллифларнинг ёзишича, немис журналистлари ўша вақтда арманлар кўчирилган Сурияга боришган. Усмоний аскарлари оч қолаётган бир вақтда турк ҳукумати арманларга барча нарсани таъминлаб бераётганининг гувоҳи бўлишган.  

Ўша вақтда Усмоний империяси капитуляция бўлиб, Буюк Британия, Франция, Италия, Руминия ва Греция унинг ҳудудларини бўлиб олмоқда эди. Усмоний империясининг душмани бўлган ғарб давлатлари арманларнинг оммавий қирғини ҳақидаги уйдирмани ўйлаб топишди. Бу Усмоний давлатига босим ўтказиш ўйлаб топилган нарса эди. “Геноцид” атамасини бу воқеларга нисбатан ишлатиш тўғри эмас. Чунки бу атама илк бор 1943 йил қўлланишга киритилди. Халқаро ҳуқуқий статусга эса 1948 йил, иккинчи жаҳон урушидан кейин, киритилди.  

Совет босқини даврида “Дашноқцутюн” миллатчи ташкилотидан фойдаланиш арманлар билан маҳаллий халқ орасида низолар келиб чиқишига сабаб бўлди. Шароб сотувчи, сартарош, қассоб ва шу каби соҳаларда ишлайдиган арманлар бирданига революционерга айланиб қолишганди. 1918-1919 йилларда Фарғона водийсида дашноқ арманлари томонидан водийнинг барча шаҳарлари ва 180та қишлоқ талон-тарож қилинди ва вайронага айлантирилди. Қўқон шаҳрида уч кунда 10 минг, Марғилонда 7 минг, Андижонда 6 минг, Наманганда 2 минг, Бозорқўрғон ва Қўқон орасидаги жойда 4,5 минг тинч аҳоли қириб ташланди.  

1918 йили 13 февралда Қўқон ва атрофидаги қишлоқларда тинч аҳолига қарши қирғин уюштирилди. Дашноқ арманлари йўлида дуч келган мусулмонни ўлдириб, уйларини ва дўконларини таладилар. Маҳалла  ва қишлоқларга ўт қўйилди, тортиб олинган нарсалар эса вокзалга келтирилди. Қўқон мухториятининг асосий ҳимоячиси бўлган ўзбекларгина эмас, балки форслар, яҳудийлар ва ҳатто Туркистон мухторияти тарафдори бўлган руслар ҳам ёш-қари демай ўлдирилди. Ўлдириш ташаббуси дашноқлардан чиқди. Кейинчалик Қўқон арман жамоатининг вакиллари ўзларини оқлаш учун мусулмонларнинг жиҳод эълон қилиши бунга туртки бўлганини айтишди. Дашноқ қўмитачиларининг асосий кучи Қўқондаги тинч аҳолини ўлдириб, шаҳарни ўртади. Дашноқларнинг бошқа отряди эса, Сузоқ қишлоғига босиб кириб, у ердаги барчани қиличдан ўтказди. Қизил армиянинг учинчи ортяди эса, Бозорқўрғон ёнида миллий озодлик ҳаракати ҳимоячилари билан тўқнашиб, ортга чекинишга мажбур бўлди. 20 кун давомида бу минтақадаги барча қишлоқларга ҳужум қилиниб, эркак мусулмонларнинг барчаси ёш-қари демай ўлдирилди. Тирик қолганлар ўлганларни дафн қилишди, лекин дашноқлар қайта келиб уларни ҳам ўлдиришди, ҳатто жаноза ўқиётганларни ҳам ўққа тутишди.

1918 йилда ўтказилган Туркистон компартиясининг биринчи съездида дашноқларга ўлкадаги революцияда иштироки учун расмий ташаккурнома билдирилди. Дашноқцутюн бунга жавобан совет ҳукуматига ёрдамга келишга тайёрлигини билдирди. “Қийин вақтларда биз сизга ишонамиз, сизлар эса бизга ишонинглар…”. Апрель ойида Туркистон компартиясининг мусулмон бюроси совет ҳукуматининг Дашноқцутюн билан ҳамкорлигини қоралади. Фарғона водийсидаги зўровонликни тўхтатишни ва Қизил армия сафларини арман фитначиларидан тозалашни талаб қилди. Зулмдан зулм ва қасос туғилди. Туркистон миллий озодлик ҳаракати қўмондонлари Фарғона водийсининг мусулмон аҳолисини Усмоний туркларидан ўрнак олишга чақиришди.

Миллий озодлик ҳаракати вакиллари ўз даъватларини исботлаш мақсадида Мадаминбек қўрбоши бошчилигида Наманган гарнизонидаги қизил аскарларни асир олишди. Уларнинг орасида совет ҳукуматига хизмат қилаётган бир нечта рус, 49 нафар арман, 13 нафар мусулмон бор эди. Барча арман ва мусулмонларни шу жойнинг ўзида қатл этишди, русларни эса қуролсизлантириб қўйиб юборишди. 1918 йил ноябрь ойида Мадаминбек ва Холхўжа қўрбошилар ҳазрати Айюб пайғамбар қабрини зиёрат қилиб қайтишда Жалолобод банкини ўмаришди. Шу ерда совет ҳукуматининг 13 нафар ходимини ўлдиришди. Улардан 11 нафари арман эди. Бу дашноқларнинг Сузоқ қишлоғи қирғинига жавоб эди. 1918 йилда Андижондан Туркистон совнаркомига юборилган махфий хабарда Дашноқцутюн мусулмон аҳоли билан совет ҳукумати орасида низо чиқаришда айбдор эканлиги, шаҳардаги “миллий” сиёсатга масъул бўлган арман раҳбар шароб ишлаб чиқарувчи ширкат, кинотеатр ва бир нечта уйга эга бойвачча эканлиги билдирилганди.

Дашноқлар тарафидан қишлоқ ва уйларига ўт қўйилган кўплаб водий аҳолиси Туркистон миллий озодлик ҳаракатига қўшилиб кетди. Совет ҳукумати вакиллари уларни ноҳақ “босмачи” деб атаганди. 1919 йил февраль ойида Андижондаги гарнизонга миллий озодлик ҳаракатининг ҳужумидан кейин буни эски шаҳарнинг мусулмон аҳолисидан кўришди. Ҳафта давомида мусулмон аҳоли уйларида тинтув ниқоби остида қотилликлар, зўрлашлар ва ўғриликлар давом этди.  

Кенг миқёсли ва даҳшатли қўпорувчилик ҳаракатлар халқ норозилигининг портлашига олиб келди, эндиликда ушбу ҳаракат Туркистон миллий озодлик ҳаракатидан большевикларга қарши чинакам ғоявий сиёсий, ҳарбий курашга айланиб кетди. Яъни Туркистон мухториятининг йўқ қилиниши ва маҳаллий аҳолининг дашноқлар томонидан қирғин қилинишига жавобан маҳаллий аҳоли орасида миллий озодлик руҳидаги партизанлик ҳаракати кенг қулоч ёзди. Бу жараён совет тарихшунослигида «босмачилик»деб аталди. Яъни, Ўз халқининг озодлиги ва мустақиллиги йўлида курашган, шарафига романлар яратилган, халқ ривоятлари тўқилган қаҳрамонларни большевиклар камситиб «босмачи» деб атар эди.

 Совет мустабит тизимига хизмат қилувчи ўз элимиздан чиққан сотқинлар ва келгинди шовинистлар томонидан ўйлаб топилиб, миллий норозилигимизга ва мустабит тизимга қарши курашган инсонларга ва ҳаракат намояндаларига ҳеч қандай асоссиз қўлланилган «Босмачи», «босмачилик», «бандитизм» ва «босқинчлик» сингари атамаларни ҳеч қачон халқимиз тўла тўкис қабул қила олмади. Шунинг учун, Туркистон Миллий Озодлик ҳаракати иштирокчиларининг истиқлолчилик ҳаракатларига нисбатан қандай ибора ёки қандай атама қўлланиш зарурлиги ҳақидаги масала Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қайта тиклаган даврнинг бошидаёқ, расмий жиҳатдан ҳал қилинди.

 Совет тарихшунослари томонидан ноҳақ айбланган ва «босмачи» атамаси билан белгиланган шахслар аслида миллат ори ва номуси йўлида курашган ўзимизнинг жасоратли ва мард йигитларимиз, улар биз учун «Миллий Қаҳрамонлар». Камситилиб, обрўсизлантириш учун «босмачилик» деб кўрсатилган ҳаракат аслида Ватан озодлиги ва халқ ҳуррияти учун олиб борилган мужодаладир. Бу кураш ва жанглар халқимизнинг Миллатпарвар ва Ватанпарвар намояндалари томонидан «Туркистон Миллий Истиқлолчилик Ҳаракати» ва «Туркистон Миллий Озодлик Ҳаракати» ўлароқ баҳоланади.

 «Дашнакцутюн» миллатпараст шовинистик партияси томонидан авж олдирилган кўп йиллик уруш натижасида Туркистонда миллионлаб маҳаллий аҳоли вакиллари қирилиб кетди. Уларнинг мутлақ кўпчилик қисми, табиийки, ҳеч қандай гуноҳи йўқ тинч аҳоли вакиллари эди.

Абдували Сайбназаров

                                                                   

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img