Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонҲайдар Алиев хотираси ёдга олинди

Ҳайдар Алиев хотираси ёдга олинди

Озар халқининг буюк ўғлони Ҳайдар Алиев таваллудига бағишлаб  Тошкент шаҳридаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида Озарбайжоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази томонидан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда Озарбайжон диаспораси вакиллари, мамлакатимизнинг адабиёт, маданият, санъат намоёндалари, маҳаллий ва хорижий журналистлар иштирок этди. Тадбир давомида Озарбайжон давлатига бағишланган расмлар кўргазмаси  ҳам намойиш этилди. Кўргазмадаги Ҳайдар Алиев фаолиятига оид расмлар ва у ҳақидаги китоблар йиғилганларда катта тассурот қолдирди.

Қайд этиш керак, умуммиллий лидер Ҳайдар Алиризо ўғли Алиев 1923 йил 10 майда Озарбайжоннинг Нахчивон шаҳрида темирйўлчи оиласида дунёга келган. Нахчивон Педагогика техникумини 1939 йилда битиргандан сўнг Озарбайжон Саноат институтининг меъморлик факултетида таҳсил олган. 1957 йилда эса Озарбайжон давлат университетининг тарих факултетини битирган.

Давлат хавфсизлиги органларида йигирма беш йил хизмат қилган Ҳайдар Алиев 1965 йилда СССР Министрлар Совети ҳузуридаги Давлат Хавфсизлик Қўмитаси Озарбайжон раисининг ўринбосари, 1967 йилдан эса унинг раиси вазифасида ишлаган.

Озарбайжон Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг 1969 йил 14 июлдаги тарихий пленумида 46 ёшли Ҳайдар Алиев Озарбайжон КП МКнинг биринчи котиби этиб сайланган ва 1982 йилга қадар Озарбайжон ССРга раҳбарлик қилди.

У республикага раҳбарлик қилган даврда бошқарувнинг мустаҳкамланиши, кадрларга нисбатан талабчанликнинг ортиши натижасида иқтисодий-ижтимоий соҳада улкан натижалар қўлга киритилди. 1982 йилнинг декабрида Ҳайдар Алиев СССР Министрлар Совети раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган ва иттифоқнинг раҳбарларидан бирига айланган.

1990 йилнинг июлида Озарбайжонга қайтган Ҳайдар Алиев дастлаб Бокуда, кейин эса Нахчивонда яшайди, худди шу йилда Озарбайжон Олий Советига депутат қилиб сайланди. 1993 йил 3 октябрда умумхалқ сайлови натижасида Ҳайдар Алиев Озарбайжон Республикасининг президенти этиб сайланди.

Унинг Озарбайжон раҳбарлигига қайтиши билан мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, социал, иқтисодий, илмий-маданий ҳаётида, халқаро алоқаларида ўзгаришлар содир бўлди, илмий асосларга, халқаро меъёр ва тамойилларга асосланган мустақил давлат қурилиши жараёни бошланди. Ҳайдар Алиевнинг президентлиги даврида миллий армия қурилишида жиддий ўзгаришлар бошланди. Тажовузкор қуролли кучларнинг Озарбайжон ҳудудидаги бош-бошдоқликларнинг олди олинди, ғаддор душманга қарши зарбалар берилди ва 1994 йилнинг майида Озарбайжон-Арманистон, Қорабоғ можаросини ҳал этишнинг дастлабки босқичи сифатида фронт чизиғида отишмаларни тўхтатишнинг эълон қилинишига эришилди.

1995 йилнинг ноябрида умумбашарий демократик қадриятларни ўзида акс эттирган Озарбайжон Республикаси Конституциясининг референдум йўли билан қабул қилиниши 1995 ва 2000-йилларда кўппартиявийлик асосида демократик парламент сайловларининг ўтказилиши, Конституциявий суднинг фаолият бошлаши, Озарбайжонда ўлим жазосининг бекор қилиниши, „Маҳаллий органларга сайловлар тўғрисида“ги қонуннинг ва бошқа бир қатор қонунларнинг қабул қилиниши ва ҳаётга жорий этилиши айнан Ҳайдар Алиевнинг номи билан боғлиқ.

Ҳайдар Алиев 1998 йил 11 октябрда халқнинг юксак фаоллиги шароитида бўлиб ўтган сайловларда 76,1 фоиз овоз тўплаб, янги муддатга Озарбайжон Республикасининг Президенти этиб сайланди. Ҳайдар Алиевнинг ташаббуси, бевосита раҳбарлиги билан 2001 йил 9-10 ноябрда дунё озарбайжонликларининг Бокуда бўлиб ўтган қурултойи Озарбайжон диаспораси фаолиятининг яхшиланиши ва кучайтирилиши соҳасида жуда муҳим тарихий қарорлар қабул қилди. 2003 йилги президент сайловларида ўз номзодининг илгари сурилишига розилик берган Ҳайдар Алиев саломатлиги борасида юзага келган муаммолар туфайли сайловларда иштирок этишдан воз кечди ва ўз номзодлигини Илҳом Алиев фойдасига қайтариб олди.

Озарбайжоннинг умуммиллий лидери Ҳайдар Алиев 2003 йил 12 декабрда АҚШнинг Кливленд клиникасида вафот этган ва 15 декабрда Бокудаги фахрий хиёбонда дафн этилган.

Абдувоҳид Ачилов

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img