Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонГенерал Сулаймоний қандай ўлдирилган эди?

Генерал Сулаймоний қандай ўлдирилган эди?

Бу ҳақда “Yahoo News” ахборот агентлиги АҚШ жосуслик хизмати ҳисоботига асосланган тафсилотларни эълон қилди. Унда 2020 йилнинг январ ойида Эроннинг “Қудс” махсус бўлинмаси қўмондони, генерал Қосим Сулаймонийни жисмонан йўқ қилишга қаратилган махсус амалиёт жараёни ҳақида маълумотлар берилган.

Маълум бўлишича, Америка жосуслик хизматлари мобил телефонларга ўрнатилган махсус дастурлар ёрдамида Қосим Сулаймонийнинг доирасидаги одамларни аниқлага муваффақ бўлган. Бироқ, телефон аппаратлари тез-тез алмаштириб турилгани учун бу иш фойда бермаган. Генерал ўтирган махсус учоқ Боғдод аэропортида қўнишидан 6 соат аввал Исроил америкалик ҳамкасбларига айни пайтда Сулаймоний ва унинг атрофидагилар фойдаланаётган учта мобил телефон рақамларини етказган. Рақамлар шу заҳоти Боғдоддаги Марказий жосуслик хизмати ходимлари томонидан назоратга олинган.

Зудлик билан ишлаб чиқилган операцияга кўра, аэропортнинг шарқий қисми тезкорлик билан ёпиб қўйилган ва бу ҳақда Ироқ ҳукуматига махсус “машқ” ўтказилиши муносабати билан шундай қарорга келингани маълум қилинган. Ҳудудга “Делта” снайперлар махсус бўлинмасининг учта гуруҳи жойлаштирилган ва улардан бири камералар ёрдамида штабга операция жараёнини узатиб турган. У аэропорт ҳудудидан 600 – 900 метрча узоқликда жойлашган бўлган.

Амалиёт жараёнида ва ундан кейинги маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш билан АҚШ махсус операциялар қўмондонлигининг “Task Force Orange” гуруҳи шуғулланган. Учоқ аэропортга қўнганидан сўнг Сулаймонининг шахси аэропорт техник ходимларининг кийимидаги курд махсус бўлинмаси жангарилари томонидан тасдиқланган. Улардан бири ҳатто, Сулаймонийга жуда яқин масофада бўлган.

Бу пайтда Боғдод осмони бўйлаб парвоз қилаётган учта MQ-9 Reaper учувчисиз бошқариладиган дрони тегишли буйруқни кутиб турарди. Ўт очиш ҳақида буйруқ берилгач, дронлар орқали Қосим Сулаймоний ва Абу Маҳди ал-Муҳандис кетаётган йўл танлмас автомобилига иккита “Hellfire” ракетаси билан зарба берилади. Шундан сўнг иккинчи автомобилнинг ҳайдовчиси зарбадан қочиб қутулиш учун тезликни кескин оширади. Бироқ бир неча метрдан сўнг ҳайдовчи “Делта” снайпери томонидан нишонга олинади ва тўхтаб қолган бу машина ҳам ракета зарбалари ёрдамида йўқ қилинади.

Ироқ полицияси кийимидаги курд махсус бўлинмаси ходими ҳужум оқибатида яксон этилган автомобилларни суратга туширди ва ДНК тести ўтказиш учун намуналар олиб, воқеа жойида ғойиб бўлади.

Шу тарзда Эрон Қуролли кучларининг енгилмас қўли деб таърифланган генерал Қосим Сулаймоний йўқ қилинади.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img