Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонҒазодаги уруш: Фаластинга ҳам, Исроилга ҳам қимматга тушди

Ғазодаги уруш: Фаластинга ҳам, Исроилга ҳам қимматга тушди

Ўн бир кун давом этиб, 21 май куни соат 02:00 да давом этган Исроил ва ҲАМАС Фаластин ҳаракати ўртасидаги қуролли тўқнашувлардан кўирлган зарарлар бўйича дастлабки маълумотлар эълон қилинди. Юзлаб одам ўлган ва ярадор бўлган, минглаб аҳоли уйларидан жудо бўлган урушда кўрилган моддий зиён миқдори ҳали номаълум.

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Ғазо секторидаги 11 кунлик уруш давомида 248 киши, жумладан, 66 нафар бола, 39 нафар аёл ва 17 нафар қария ҳалок бўлган. Қарийб 1900 нафар фаластинлик турли даражада жароҳатланган.

ҲАМАС ахборот хизматига кўра, саноат инфраструктураси, хусусан, заводлар ва индустриал ҳудудларнинг вайрон этилиши оқибатида 40 миллион доллар миқдорида зарар етказилган. Энергия тизимида кўрилган талофат миқдори эса 22 миллион долларни ташкил этган. Қишлоқ хўжалигига исроиллик ҳарбийлар томонидан етказилган зарар ҳажми 27 миллион долларга баҳоланган.

Фаластинликларга тегишли уйлардан 16,8 мингтаси яҳудийлар томонидан берилган бомба, ракета ҳужумлари оқибатида зарар кўрган бўлиб, улардан мингдан зиёди тўлиқ вайрон бўлган, 1,8 мингтаси эса яшашга яроқсиз ҳолатга келган. Бу борада кўрилган зарар ҳажми ҳали тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмаган бўлсада, БМТнинг қочқинлар бўйича агентлиги аҳоли тураржойларини тиклаш учун 38 миллион доллар кераклигини таъкидлаган.

Шунинг билан бирга ҲАМАСнинг қарийб 100 километрлие ерости коммуникация тизимлари Исроил ҳарбийлари томонидан яксон этилган. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бундай қурилманинг бир километри учун тахминан 0,5 миллион доллар сарфланган. Шу тарзда,  Фаластин томони қарийб 50 миллион доллар зарар кўрган.

Ғазодаги тўқнашувлар давомида ҲАМАС Исроил томонга 4360 та ракета учирган бўлиб, уларнинг асосий қисми кичик масофага учувчи ракеталар ҳисобланади. Уларнинг ҳар бири тахминан 300-800 доллар туради. Бундан ташқари, бир донаси 1500-2500 доллар турувчи олисга учувчи ракеталар ҳам ишга солинган. Исроил Мудофаа вазирлиги томонидан Ғазо ҳудудидаги 340 та учириш платформаси яксон қилинган.

Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, шу тарзда Ғазо ҳудуди камида 180 миллион доллар зарар кўрган.

Исроил томонига кўра, фаластинликлар томонидан берилган зарбалар натижасида 12 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 350 нафари яраланган. “Al-Khaleej Online” ахборот-таҳлил маркази тарқатган хабарда айтилишича, 11 кунлик уруш давомида Исроил кўрган иқтисодий зарар ҳажми тахминан 2,14 миллиард долларга етган. Жумладан, 3424 та бино, 1724 та транспорт воситаси ва қишлоқ хўжалиги иншоотларига зарар етган.

Исроил томонидан авиаҳужумларда ҳар бирининг баҳоси 4-16 минг доллар турадиган JDAM туркумига кирувчи бомбалар, шунингдек бир донаси қарийб 40 минг доллар турувчи юзлаб бомбалардан фойдланилган. Ғазода учирилган 4360 ракетадан 3400 таси Исроил чегарасини кесиб ўтган. 680 таси анклавдан ташқарида портлаган бўлса, яна 280 таси денгизга қулаб тушган. «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан 3000 та ракета уриб туширилган. Мудофаа ракеталарининг ҳар бири тахминан 20-50 минг  доллар атрофида экани айтилган.

Айни пайтгача Исроил Марказий банки, Молия вазирлиги ва саноатчилар уюшмаси кўрилган зарар ҳақида бирон ахборот тарқатгани йўқ. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакат иқтисодиётида 6,5 фоиз пасайиш кузатилган бўлса, ҳарбий харажатларнинг ортгани тикланиш жараёнини янада секинлаштиради.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img