Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонҒарб Украина туфайли Учинчи жаҳон уруши бошланишидан хавотирда

Ғарб Украина туфайли Учинчи жаҳон уруши бошланишидан хавотирда

Кейинги пайтда ғарб нашрларида Украина мавзусида хавотир  уйғотувчи чиқишлар кўпайди. Уларда айтилишича, Донбасс масаласида Киев-Москва ўртасида қуролли тўқнашув бўлиши муқаррар. Айрим экспертлар эса, бу ҳарбий ҳаракатлар ортидан Учинчи жаҳон уруши бошланиб кетиши эҳтимоли йўқ эмаслигини ҳам истисно этмаяптилар. Бундай фикрларга Украинанинг НАТО давлатлари билан мудофаа соҳасида ҳамкорликни жадал ривожлантираётгани, Қора денгизнинг Россия соҳилларига яқин ҳудудларида алянснинг жосуслик учоқлари ва зарба берувчи кемалари фаоллашгани, учувчисиз бошқариладиган жосуслик дронлари маълумот тўплаш ишларини кучайтиргани ҳамда Украина чегарасига яқин жойларда руслар қуроли кучлар бўлинмаларини жойлаштиришни бошлаб юборгани асос қилиб кўрсатилмоқда.

Украина Қуролли Кучлар Бош қўмондони, генерал-полковник Руслан Хомчакнинг бордию Украина Россия ҳужумига учраса АҚШ Киевга ёрдам беришга тайёр эканини кафолатлагани, украин армияси Европанинг ҳақиқий қалқонига айлангани тўғрисидаги баёнотлари ушбу мавзудаги баҳс-мунозараларни янада қизитиб юборди. Москва эса бу чиқишларни иғвогарлик деб аташ баробарида мамлакатнинг турли бурчакларидан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини, зирҳли техникаларини Украина чегарасига яқин ҳудудларига пешма-пеш келтириб турибди. Эшелон-эшелон ташилаётган ҳарбий техникалар бамисоли Россия эрта-индин уруш бошлаб юборади, деган тасаввур уйғотади.

Қолаверса расмий Киевнинг фикрича, Қримни босиб олган, Украина шарқидаги бўлгинчиликларнинг асосий айбдори бўлган Россия агрессив ҳаракатларни давом эттиришдан тўхтамайди. Бундай вазиятда ҳарбий салоҳияти жиҳатдан жаҳонда иккинчи ўринда турадиган мамлакатга қарши курашишда Киевга қудратли давлатларнинг кўмаги зарур бўлади. Украина эса бундай мамлакатлар сифатида АҚШ ва унинг НАТО бўйича иттифоқчиларининг қўллаб-қувватлашига умид билдиряпти. Қўшма Штатлар, Буюк Британия, Туркия, Германия каби алянсга аъзо давлатлар айниқса, 2014 йил воқеаларидан сўнг Украина билан мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантирдилар. Киевга етказиб берилаётган ҳарбий техникалар, ҳамкорликдаги қуруқлик ва денгиздаги ҳарбий машқлар ўртадаги ҳамкорликнинг мевасидир.

Украин журналисти ва мамлакат Мудофаа вазирининг маслаҳатчиси Юрий Бутусовнинг куни кеча қилган чиқишидан ҳам кўп нарсани англаш мумкин. Унинг айтишича, Донбассга Россия ҳужум қилгудек бўлса, АҚШ ва НАТО ҳудудда парвозсиз ҳаво кенглигини таъминлайди.

“Низо юзага келган тақдирда, шак-шубҳасиз, НАТО билан ҳамкорлик ва ҳарбий техника борасидаги ёрдам кўпайтирилади ва янги босқичга кўтарилади. Қуриқликда душманга қарши ўз қўшинимиз билан курашамиз. Бироқ реал вақт тартибида жосуслик маълумотларини олиш, ҳарбий техника етказиб бериш ҳамда жанговар ҳаракатлар ҳудудида парвозсиз кенгликни таъминлаш борасидаги Украинанинг мурожаати, албатта қондирилади.

Биз учун асосий омил – ҳаво.

Ҳаво ҳимоясига таянган ҳолда артиллерия қўлланилиши рақибнинг қуриқликдаги қўшинлари ҳаракатини чеклаб қўяди. Охирги йилларда Украина Қуролли Кучлари “Стугна” ва “Корсар” каби минглаб бошқариладиган ракеталарга эга бўлди. Агар АҚШ ўз базаларидан танкларга қарши “Жавелин” ракеталарини оммавий етказиб берса, Россиянинг ҳар қандай ҳужуми бартараф этилади. Сабаби – Россия танкларининг асосий қисми ҳимоя тизими билан жиҳозланмаган ва юқори аниқликдаги қуроллар қаршисида ожиз”, – деб ёзади журналист.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img