Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонФранция терроризмга қарши курашда нотўғри йўлдан бормоқда

Франция терроризмга қарши курашда нотўғри йўлдан бормоқда

Европалик бир қанча шарҳловчиларнинг таъкидлашича, Франция терроризмга қарши курашда нотўғри тактика танлади. Ҳукумат хавф манбаларини аниқлаш, бу борада ижтимоий тармоқларни назоратга олиш ўрнига масжидларга, дин уламоларига ва ислом тарғиботчиларига қарши кураш бошлади.

Хабарингиз бор, муқаддас ислом динини ҳақорат қилгани учун тарих ўқитувчиси Париж яқинида чавақлаб ташланганидан сўнг, шубҳа остига олинган ўнлаб одамлар қамоққа олинди, диний қарашлари учун 260 дан ортиқ шахслар мамлакатдан чиқариб юборилди. Бундан ташқари, радикал тарғибот олиб борилгани баҳонасида бир қанча ислом марказлари ёпиб қўйилди.

Бироқ ҳукуматнинг бу каби чоралари исломий эътиқодли инсонларни ташвишга солмоқда. Қолаверса, Париж зўр бераётган бу чоралар қандай натижа беришини олдиндан айтиш душвор. Франция аҳолисининг нисбатида мусулмонларнинг улуши анча салмоқли бўлгани учун исломга қарши очиқ уруш олиб бориш жамиятда кескин норозиликларга сабаб бўлади. Хусусан, Париж, Марсел, Лион каби йирик шаҳарларда мусулмонларнинг сони кўпайиб бормоқда.

АҚШнинг PEW тадқиқот марказига кўра, 2017 йилнинг охирида Францияда 5 млн 761 минг мусулмон яшаган ёки улар аҳолининг 8,8 фоизини .ташкил этган. Мамлакатдаги мусулмон жамоатчилиги эса Францияда исломга эътиқод қилувчиларнинг сони 15-20 млн дан кам эмаслигини айтиб келади. Бу борадаги рақамларга ойдинлик киритиш мақсадида бир қатор тадқиқотлар ҳам ўтказилган. Жумладан, таниқли фаранг демографи Франсуа Эран ўз изланишлари натижасида мамлакатда 8,4 млн мусулмон яшашини маълум қилган.

Маълумки, Франция дунёнинг бир қатор ҳудудларида диний сепаратизмга қарши кураш олиб бормоқда. Террорчи ташкилотларга ҳарбий зарбалар бермоқда. Октябр ойининг бошларида эса президент Эммануэл Макрон мамлакат ичида ҳам диний терроризмга қарши курашни кучайтириш ва бу борада тегишли қонун қабул қилиш ҳақида гапирди. Ушбу чақириқдан сўнг франциялик мусулмонларнинг бошида қора булутлар айлана бошланди. Улар таъқиб қилинди, исломий муассасалар фаолиятига кескин аралашув бошланди.

Халқаро терроризм бўйича етакчи мутахассис Даниэл Писонинг таъкидлашича, Франция ҳукуматининг исломга қарши кўраётган чоралари франциялик миллионлаб ёш мусулмонларнинг ғазабига сабаб бўлмоқда. Бу эса мамлакатда анча-мунча муаммолар пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img