Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонФилиппин Хитой қўйган тузоққа тушди

Филиппин Хитой қўйган тузоққа тушди

Индонезия президенти Жоко Видодо ва унинг филиппинлик ҳамкасби Родриго Дутере Пекин билан турли йўналишларда алоқаларни кучайтиришга ҳаракат қилгани ушбу мамлакатларнинг ўзида, ҳам ташқарисида кескин танқидларга сабаб бўлганди. Танқидларда асосан иккала мамлакат ҳам Пекинга тобе бўлиб қолишидан хавотирлар билдирилган.

Бу борадаги хавотирлар Филиппин мисолида қисман ўзини оқлади. Дутере кўп йиллардан буён Хитойга қуллуқ қилиб келган бўлсада, осмоности мамлакати ваъда қилган биронта йирик сармоя Филиппинга киритилмади. Видодо юритган нисбатан мураккаб стратегия эса мамлакатга Хитой инвестицияси киритилиши ҳажмини кўпайтирди, энг муҳими, Пекин биринчилардан бўлиб Жакартага коронавирусга қарши миллионлаб доза вакцина етказиб берди.

Шуниси ҳам борки, иккала президент ҳам мамлакатларининг ривожлантириш дастурини амалга оширишда Хитойнинг сахийлигига умид боғлаган эди. Бу консерватив кучларнинг асабини ўйнатиб, улар Пекиннинг қўғирчоғига айланиб қолишидан ғазаб отига миндилар. Бу борада ҳам Дутере чув тушди.

Индонезия эса фақатгина Хитойнинг қўлига қараб қолмасдан, дунёнинг қудратли давлатлари билан кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга ҳаракат қилди. Бу саъй-ҳаракатлар хорижлик сармоядорларнинг мамлакатда бизнес қилишга бўлган ишиёқини янада кучайтирди. Филиппин эса Хитойни деб АҚШдек иқтисодиёти қудратли давлатдан ҳам юз ўгирди.

Хитойнинг 24 млрд доллар миқдорида сармоя киритиш ҳақидаги ваъдаси олдида боши айланиб қолган Дутере Пекинга жуда кўп ён бериб юборди. Хусусан, Жанубий Хитой денгизидаги баҳсли ҳудудлар борасидаги арбитраж қарорларини Пекин фойдасига ўзгартириб берди. Бундан ташқари, Филиппин президенти Манила АҚШ билан ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни тўхтатиши ҳақида баёнот берди. Бевосита мамлакатнинг иқтисодий ҳудудидаги энергия заҳираларини Хитой билан баҳам кўришини маълум қилди.

Индонезия президенти Жоко Видодо

Видодо эса филиппинлик ҳамкасбидан фарқли ўлароқ, ҳам Вашингтонга, ҳам Пекинга ташриф буюрди. Ушбу давлатлар раҳбарияти билан бўлган музокараларда хавфсизлик борасида муҳим келишувларга эришди ва бу Индонезия ташқи сиёсатидаги энг муҳим ғалаба сифатида эътироф этилмоқда. Бундан ташқари, Видодо ҳамкори Хитойга ҳаддини билишга ҳам ишора қилди. Гап шундаки, 2019 йилнинг охирларида Пекин Индонезияга қарашли Натун ороллари яқинида ҳарбий кемаларини кўпайтиришга киришган вақтда бу ғаламисликларга жавобан қирувчи учоқларини ва ҳарбий денгиз флотини жанговар ҳолатга келтирди. Камига шахсан оролга ташриф буюриб, Жакарта денгиз ва ҳудудлар борасида ҳеч қандай ён беришларга бормаслиги ҳақида баёнот бериб, Хитойнинг ақлини киритиб қўйди.

Индонезия бу билан ҳатто камбағал давлатлар ҳам қудратли давлатлар чалган ноғорага ўйнамаслиги мумкинлигини яққол исботлатди. Айёрона сиёсат тузоғига тушган Филиппин эса ҳамон айро йўлда қолмоқда…

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img