Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонФедерациянинг ҳийласи ўтмади, адолат қарор топди

Федерациянинг ҳийласи ўтмади, адолат қарор топди

Олий суд матбуот хизматининг тасдиқлашича, Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди Нурхон Нафасовни Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси (ЎКМФ) раҳбарлигидан ноқонуний бўшатилган деб топган ва уни лавозимга тиклаш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози, қора белбоғ 6-ДАН соҳиби Н.Нафасов 1996-2006 йиллар мобайнида федерацияни бошқарган ва 2018 йилда яна Ўзбекистон ташкилот раҳбарлигига сайланган. Бироқ орадан тўрт ой ўтмай, у лавозимдан четлатилади.

Бундан норози бўлган Н.Нафасов судга мурожаат қилади. Узоқ давом этган суд, ниҳоят, 2019 йил сентябрда Каратэ миллий федерациясининг 26.09.2018 йилдаги йиғилиш баённомаси ва қарорини ҳақиқий эмас, Нурхон Нафасовни федерация раҳбарлигидан озод этиш ҳақидаги буйруқни ғайриқонуний деб топади.

Суднинг ҳал қилув қарори юқори инстанцияларда ҳам кўрилиб, ўзгаришсиз қолдирилади. Судда ютқазган ЎКМФ мутасаддилари эса (А.Муллаев ва бошқалар) 2019 йилнинг 28 декабрь куни Миллий федерациянинг навбатдан ташқари йиғилишини чиқариб, унда ташкилий масала кўриб чиқади ва ташкилотнинг янги раҳбар органини сайлашади. Шу тарзда А. Муллаев яна ЎКФМ раҳбарлигини сақлаб қолади.

Нурхон Нафасов яна бир бор судга мурожаат этиб, федерациянинг 2019 йил 28 январдаги навбатдан ташқари конференцияси баёни ва қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ва ўзини ЎКМФ раҳбарлигига тиклашни сўрайди.

Суд, юқорида айтилганидек, даъвони қаноатлантириб, конференция баённомаси ва йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда Нурхон Нафасовни федерация раислигига тиклаш ҳақида ҳал қилув қарорини чиқарди.

Қонунчиликка кўра, ишга тиклаш ҳақидаги суд қарори дарҳол ижро этилиши лозим.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img