Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонЕвропа Туркиядан юз ўгирмоқчи

Европа Туркиядан юз ўгирмоқчи

Европа Иттифоқи Туркияни ўз сафига қабул қилиш тўғрисидаги музокараларни тўхтатмоқчи. Европарламент сессиясида сўзга чиққан консерватив Европа халқ партияси раҳбари Манфред Вебер бу музокараларни ҳатто “тарихий хато” деб аташгача борди.

Сиёсатчи бу мамлакат билан муносабатлар учун янги қонуний асос ишлаб чиқишга чақирди. Чоршанба куни очилган ва 10 июл куни якунланган Европарламент сессиясида Европа Иттифоқининг Туркия билан муносабатлари энг асосий мавзулардан бўлди. Европа ҳамжамияти аъзоларининг президент Ражап Тоййиб Эрдағонга жуда кўп саволлари тўпланиб қолган эди. Улар наздида Анқара оқибатларини ўйламай, Туркиянинг Ўрта ер денгизи таъсирини кучайтирмоқдаки, бу минтақа давлатларининг ташвишларига сабаб бўлмоқда. «Турклар мавзуси» сессиянинг бош мавзуси – коровирус инқирозига қарши кураш чораларини иккинчи планга суриб қўйди. Аслида ҳам коронавирусдан жабр кўрган қайси мамлакат қанча пул, молия олиши евродепутатларга боғлиқ масала эмас. Бу 17-18 июл кунлари ЕИ саммитида ҳал бўладиган мавзу.

Туркия – бош нишон. Европарламентдаги энг йирик фракция – Европа халқ партияси томонидан унга нисбатан шикоят келиб тушган. Пайшанба куни Европарламент биносида “Ўрта Ер денгизида барқарорлик ва хавфсизлик ҳамда Туркиянинг салбий роли” ноими остида парламент эшитуви ўтказилди. Греция бош вазири Кириакос Мицотакис, Кипр президенти Никос Анастасиадис ва Болгария бош вазири Бойко Борисов маъруза қилишди. Европа халқ партиясининг Анқарага оид позицияси оддий: у Анқара билан мулоқот тарафдори, аммо кескин мулоқотни истайди. Агар бирор бир манфаатга хилоф иш тутилса, бунга кўз юмиб кетиш мумкин эмас.

Туркияга қарши қўйиладиган биринчи эътироз унинг Шарқий Ўрта Ер денгизидаги ҳаракатларига тегишли. ЕИнинг норозилига қарамай, турклар ташкилотнинг иқтисодий зонасидаги Кипр шелфида бурғалаш ва сейсмик разведка ишларини давом эттирмоқда. Ишлар 2019 йилда тўхтатилиб, бу йилдан яна бошлаб юборилди. Туркия позицияси шундайки, истисноли ҳеч қандай Кипр иқтисодий зонаси йўқ. Анқара тан оладиган, асосан этник турклар яшайдиган Шимолий Кипр бор. Яна греклар яшайдиган жанубий Кипр бор, улар оролнинг барча шельфи ўзига қарашли эканини даъво қилади. Ўз навбатида ЕИ фақат греклар яшайдиган ва ЕИга аъзо Кипрни тан олган холос. Туркиянинг позициясига кўра, шельфнинг мансублиги масаласи икки томонлама музокараларда ҳал қилиниши керак. Кипр, аксинча, бу иш бутун ЕИ иши эканини иддао қилади. Европарламент Кипрнинг шу позициясини ёқлайди.

Европанинг Туркияга оид яна бир эътирози – бу Анқаранинг Ливияга оид сиёсати. Эрдоған кейинги пайтларда очиқчасига Ливия можаросини тинч йўллар билан ечишни ёқламаяпти, яъни можародаги томонлардан бирини қўллаб-қувватлайди. У Фаиз Саррожнинг Миллий бирлик ҳукуматини ва унинг қуролли бўлинмаларини фаол дастаклашни кучайтирган. Айнан Анқара ёрдами билан генерал Халифа Хатар кучлари Триполидан анча ортга сиқиб чиқарилди. Фронт линияси “нефть ярим ойи” деб ном олган Сирт яқинидан ўтган. Бу ерда Ливия нефти экспорти учун терминаллар жойлашган. Унинг эгалланиши мамлакатдаги кучлар тақсимотини ўзгартириб юборади. Эрдағон нуфузли дунё ўйинчилари қандай муносабат билдиришидан қатъий назар, ҳеч кимга эътибор қилмаяпти.

Шу йил июнида Ўрта ер денгизида турк ва француз кемалари ўртасида жанг юз беришига оз қолди. Турклар Ливияга қурол-яроғ етказиб бериш эмбаргосини бузгани учун французларнинг текширувга тўхташ буйруғини бажаришдан бош тортишди. Франция президенти Эммануэл Макрон мазкур ҳодиса учун Туркияни жазолаш умидидан қайтгани йўқ. У бу ишни НАТО линияси бўйича амалга оширришга уринди, аммо эплолмади. Энди Макрон бу масалани муҳокама қилиш учун Россияга отланмоқда. Туркия Шимолий Атлантика альянсига киради, Европа Иттифоқига эса йўқ, лекин Эрдағон ЕИга аъзо бўлиб кириш бўйича стратегик вазифани бекор қилмади. Дарвоқе, Европа халқ партияси Туркиянинг ЕИга кириши борасидаги масала узоқ муддатга қолдирилиши тарафдори сифатида майдонга чиқмоқда.

Яна бир гап. Туркиянинг Ливияга оид сиёсати Ғарбнинг Россия билан муносабатларига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. АҚШ ва ЕИнинг Эрдағонга қандайдир таъсир кўрсата олишга лаёқатсизлиги Москвани асабийлаштирмоқда. 8 июль куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Конго Демократик Республикаси, Миср ва Жанубий Африка Республикаси (Африка иттифоқига кирувчи давлатлар) дан бўлган ҳамкасблари билан видеоалоқа вақтида Ливиядаги вазият нотўғри йўналишда ривожланаётганини қистириб ўтди. Унинг айтишича, Ливия миллий армияси олдинроқ ўзининг қудратидан келиб чиқиб, ярашув тўғрисидаги келишувни имзолашдан бош тортганини айтди. Бироқ мана энди фронтдаги вазият ўзгаргач Миллий бирлик ҳукумати муаммони ҳарбий йўл билан ечиш позициясида қатъий. Европарламент сессияси очилиши арафасида Туркия президентининг матбуот котиби Ибрагим Калин “Анадолу” агентлигига интервью берди. Ундан маълум бўлишича, Эрдағон ҳеч қандай ён бермайди. У Саражни қўллашдан воз кечмайди ва Кипр қирғоқларидаги бурғулаш ишларини тўхтатмайди. Туркия Ўрта Ер денгизи ресурсларининг адолатли тақсимоти тарафдори.

Яқинда АҚШ ҳам Анқарадан бурғулаш ишларини бас қилишни талаб қилди. Айтиш керакки, сўнгги йилларда минтақавий сиёсатдаги тафовутлар ва ўзаро ишончсизлик туфайли Туркия ва АҚШ муносабатлари совуқлашган. Анқаранинг Ливия можаросига чуқур кириб бориши бу муносабатларни қайта тиклаш учун имконият сифатида кўрилмоқда. Январ ойида Туркия Триполидаги БМТ тан олган Миллий келишув ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун Ливияга ҳарбийларини киритди. Бу орада Ливия шарқида жойлашган генерал Халифа Ҳафтар бошчилигидаги кучлар Триполини эгаллаш ҳаракатларини давом эттирмоқда эди. Ҳафтарнинг Ливия Миллий армияси Миср, Россия ва Бирлашган Араб Амирликлари томонидан қўллаб-қувватланади. Анқаранинг ҳарбий аралашуви ортидан Ҳафтар кучлари Триполи яқинидан суриб чиқарилди. Миллий келишув ҳукумати кучлари энди мамлакат энергия манбаларини назорат қилишнинг калити бўлган Сирт шаҳрини эгаллашга ҳозирлик кўрмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, Туркиянинг Ливияга аралашиши Вашингтон билан тил топишишга ёрдам бермоқда. Чунки Ливиянинг шарқий қисмига рус жангариларининг жойлаштирилиши Американи безовта қилди. Туркия ва АҚШ энди бирга ишлашлари мумкин. Москва Ҳафтарга ҳарбий ёрдам берилганини расман рад қилмоқда, аммо АҚШнинг май ойида эълон қилган баёнотига кўра, Вагнер гуруҳига алоқадор россиялик 1200 га яқин ёлланма жангчи Ливияга кирган.

Иккинчи Жаҳон уруши тугаганидан бери Россия Ливияни ўз таъсирига ўтказишга интилади. Кузатувчиларга кўра, Москва Ўрта ер денгизида Суриядан ташқари яна бир ҳарбий-денгиз базасини очиш ниятида.

5 июл куни Ҳафтар назоратидаги ҳарбий самолётлар Туркия қўллаб-қувватлови билан яқинда қўлга олинган авиабазага зарба берди. Натижада Ал-Ватия ҳаво базаси жиддий зарар кўрди. Ҳозир Анқара база мудофаасини кучайтирмоқда. Можаро авж олаётгани ортидан Анқара Вашингтонга ёрдам умиди билан юзланмоқда. Бу эса Россия билан сўнгги йилларда илиқлашган алоқаларга яна раҳна солиши мумкин.

Таҳлилчиларга кўра, Туркия сўнгги йилларда бир қатор ҳарбий можароларга аралашгани боис ҳозир ёрдамга муҳтож. Туркия Шимолий Ироқда, Сурияда, Шарқий Ўрта ер денгизи ва Ливияда 3-4 та ҳарбий операцияларни ўтказмоқда. Туркия кўпайиб кетган ҳарбий ҳаракатларини давом эттира олиши учун Россиядан эмас, АҚШдан кўмак кутмоқда. Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғанга қарши 2016-йил муваффақиятсиз ҳарбий тўнтариш амалга оширилиши ортидан Туркия АҚШдан узоқлашиб, Россияга яқинлашиш йўлини тутди. Анқара Туркиядаги тўнтаришда АҚШнинг ҳам қўли бор деган тахминда. Вашингтон бундай иддаони кескин рад этади. Россия АҚШ-Туркия ўртасидаги тарангликдан фойдаланишга уринди. Москванинг “С-400” мудофаа тизимини Туркияга сотиши Анқара ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларни янада ёмонлаштирди. Натижада Туркия АҚШнинг “Ф-35” қирувчи самолётини тайёрлаш ва сотиб олиш дастуридан четлаштирилди. Вашингтоннинг таъкидлашича, “С-400” тизими “Ф-35” самолётининг махфийлик технологиясини бузади.

Анқара яна Вашингтон теварагига қайтиши мумкинлиги ҳақида ишора бермоқда. Бир миллиард долларлик “С-400” ракета тизимини ишга туширишнинг кечиктирилиши АҚШ томонидан Туркияга иқтисодий санкциялар қўйилишининг олдини олди. Нью-Йорк жанубий округи бўйича прокурор Ричард Берманнинг ўтган ой Трамп томонидан ишдан олиниши Анқарада илиқ кутиб олинди. Берман Туркия давлатига қарашли Халқ банкига қарши Эрон санкциясини бузгани учун жиноий иш қўзғаган эди. Анқара айни пайтда Американинг суюлтирилган табиий газини сотиб олаётгани Вашингтонда ижобий қарши олинмоқда. Суюлтирилган газнинг 40 фоизи Америкадан келади. Европада фақат Испаниядан кейин иккинчи ўринда. Туркия Россия газига бўлган қарамлигини камайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Сўнгги ойларда Эрдоған, шунингдек, Америкага қарши кескин баёнотлар қилишдан ўзини тиймоқда. У диндор сайловчилар қатламининг кўнглини олиш учун Вашингтонга нисбатан тез-тез танқидлар ёғдириб турарди. Иқтисодий вазият ҳам Анқаранинг Вашингтонга нисбатан қарашлари юмшаётганида муҳим аҳамиятга эга. “CОВИД-19” пандемияси аллақачон заиф турк иқтисодиётига катта зарар етказмоқда. Иқтисодиётни ушлаб туриш учун Эрдоған молиявий ёрдамга муҳтож. Бу йил қарз тўловлари бор. Туризм ҳамма жойда бўлгани каби Туркияда ҳам камаймоқда. Иқтисодиёт ҳақиқатдан ҳам жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Шунинг учун Эрдоғанга пул керак. Бу пул Пекин ёки Москвадан келмайди. Демак, АҚШ Эрдоған ҳукумати суяниши мумкин бўлган ягона мамлакат.

Россия-Туркия муносабатлари ҳозир яхши бўлса ҳам, Сурияда ва Ливияда таранглик юқори. Ўтган ой Истанбулда Сурия ва Ливияни муҳокама қилиш учун ўтказилиши белгиланган юқори даражали Россия-Туркия дипломатик учрашуви сўнгги дақиқаларда бекор қилиниши томонлар ўртасида келишмовчилик кучайиб бораётганининг белгиси сифатида кўрилмоқда.

Абдували Сайбназаров

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img