Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонЕвропа Иттифоқи Туркияга қарши бирлашмоқда

Европа Иттифоқи Туркияга қарши бирлашмоқда

Берлинда Иттифоқ Ташқи ишлар вазирларининг муҳим учрашуви бўлиб ўтди. Унда Брюссел Анқарга 24 сентябргача Шарқий Ўрта Ер денгизида бурғулаш ишларини тўхтатиш талабини илгари сурди. Анжуманда ЕИ Туркиянинг мазкур ҳудуддаги ҳаракатлари ноқонуний экани борасида юнонлар билан ҳамфикр экани маълум қилинди. Анқара эса, аксинча, геология-қидирув ишларини ўзининг континентал ҳудудида олиб бораётганини таъкидламоқда.

Йиғилишда сўзга чиққанлар мавзу юзасидан ўз мамлакатларининг муносабатларини билдирдилар. Хусусан, Германия Ташқи ишлар вазири Хайко Маас Шарқий Ўрта Ер денгизидаги ҳаракатлар юзасидан Берлин санкция киритилишини қўллаб-қувватлашини, бироқ ИЕнинг 24-25 сентябрда бўлиб ўтадиган саммитигача Анқарага имконият бериш лозимлигини таъкидлаган.

ЕИ дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел эса анжуманга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида Иттифоқ Туркия Шарқий Ўрта Ер денгизида ноқонуний бурғулаш ишларини олиб бораётгани учун санкциялар механизми ишлаб чиқарилишини жадаллаштираётганини маълум қилди.

Албатта, анжуман кун тартибида кўрилган масала ва унинг иштирокчилари томонидан ўртага ташланган фикр-мулоҳазалар Афинани жуда мамнун қилди ва Греция Ташқи ишлар вазири иттифоқдошларидан бу борада миннатдор эканини билдирди.

Ўз навбатида, Туркия томонидан ЕИ томонидан илгари сурилган талаблар кескин рад этилди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Хами Оқсой ЕИнинг Шарқий Ўрта Ер денгизида геология-қидирув ишларини тўхтатиш ҳақидаги талабини инобатга олмаслигини ва ЕИ давлатларини «Грециянинг халқаро ҳуқуқ меъёрларига тўғри келмайдиган талабини қўллаб-қувватламасликка чақирди».

Хўш, воқеалар ривожи қандай кечади? Шарқий Ўрта Ер денгизи масаласида узил-кесил якдил фикрга келаётган ЕИ мамлакатларининг босими остида Анқара бурғулаш ишларини тўхтатадими ёки давом эттиради? Афтидан, томонларнинг муросага келишига умид йўқдек. Чунки, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Берлинда бўлиб ўтган ЕИ мамлакатлари ТИВ раҳбарларининг учрашувидан бир неча кун илгари, Анқара Шарқий Ўрта Ер денгизидаги бурғулаш ишларини ҳар қандай шароитда ҳам тўхтатмаслигини ва бунинг учун керак бўлса эҳтимолий тўқнашувларга ҳам тайёр эканини маълум қилди.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img