Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонЭронликлар мамлакатнинг етук физик олимини сўнгги йўлга кузатдилар

Эронликлар мамлакатнинг етук физик олимини сўнгги йўлга кузатдилар

Эронликлар ядро физикаси соҳасида етук олим Муҳсин Фахризодани сўнгги йўлга кузатдилар. Тантанали дафн маросими карантин чораларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилди: кўчаларда, масжидларда ижтимоий масофа сақланди, маросим иштирокчиларидан тиббий ниқобда бўлиш талаб этилди. Расман шаҳид деб тан олинган Муҳсин Фахризода жанозасининг биринчи сафидан Эрон олий раҳбариятининг барча аъзолари жой олди.

Дафн маросими марҳум ҳурматига катта иззат-икром кўрсатилган ҳолда ўтказилди. Олимнинг ўлими Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В)нинг севимли невараси имом Ҳусайннинг вафотига тенглаштирилди.

Ядро соҳасидаги етук мутахассис – Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилиши деярли барча давлатларда кескин қораланди. Ҳатто, АҚШ бундан таассуф билдириб, қотилик ортида Исроил махсус хизматлари турган бўлиши мумкинлигини билдирди. Теҳрон ҳам айнан шундай фикрда. Тел-Авив эса айбловларга ҳамон сукут сақлаш билан жавоб қайтармоқда.

Эронлик терговчиларга кўра физик олимни ўлдирган қурол айнан Исроилда ишлаб чиқарилган. Яҳудий жосуслик хизматлари уни қарийб 20 йилдан буён таъқиб қилиб келган. Махсус хизматлари олимни қўриқлаб келган бўлса-да, ҳаётини сақлаб қола олмади.

“Афсуски, бу электрон қурилмалардан фойдаланган ҳолда амалга оширилган ўта мураккаб операция бўлди. Воқеа жойида бирон кимса бўлмаган. Биз далилларни топдик ва операцияни ким режалаштирганини аниқладик. Бу жиноий иш ортида сионистлар режими ва “Моссад” турибди”, – деди Эрон Олий хавфсизлик миллий кенгаши котиби Али Шоҳмоний.

Қотиллик масофадан бошқариладиган ва “иш” битгандан сўнг ўзини-ўзи йўқ қиладиган пулемёт ёрдамида амалга оширилган. Қурол олимнинг машинасидан 150 метрча нарида тўхтаб турган пикапнинг томига ўрнатилган. Кетма-кет узилган ўқлар оқибатида олим ўлар даражада жароҳатланган, автомобили эса портлаб кетган. Бу Эрон махсус хизматларининг дастлабки хулосаси.

Эронлик ёзувчи ва публицист Жавад Моғийнинг ҳарбий доиралардаги манбасига таяниб хабар беришича, Муҳсин Фахризода снайперлар томонидан узилган ўқлардан ҳалок бўлган. Уларга маҳаллий жосуслар ёрдам берган бўлишлари мумкин.

Эрон Мудофаа вазири Амир Ҳотамий теракт ташкилотчиларига мурожаат қилиб: “Бирон бир жиноят, биронта қотиллик ёки аҳмоқона ҳаракат Эрон томонидан жавобсиз қолдирилмайди. Биз жиноятчиларни топиш учун охиригача борамиз. Улар қилмишларига яраша муносиб жавоб олишлари муқаррар”, – деди.

Эрон инқилоби муҳофизи махсус кучлари қўмондони генерал Қосим Сулаймонийни ўлдиргани учун АҚШ жазоланмасдан қолгани эътиборга олинса, Исроилни ҳам шу қисмат кутиб турибди. Лекин, қасос қачон, қандай тартибда олиниши номаълум, лекин бу кўп куттирмаса керак. Айнан шунинг учун Тел-Авив Қуролли кучларини мамлакат мудофаасига шай ҳолатга келтириб қўйди. Исроил анчайин хавотирга ҳам тушган. Қолаверса, ғарб давлатлари эронлик олимнинг ўлимида Исроилнинг қўли борлиги исботланса, яҳудийлар давлатидан ҳафсалалари пир бўлишини маълум қилдилар.

Форс кўрфази давлатлари, жумладан, БАА гарчи норасмий тарзда яқинда Эронга қарши Саудлар давлати билан иттифоқ тузган бўлса-да, Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилишини кескин қоралаб чиқиб, бу каби ҳаракатлар минтақада беқарорликни келтириб чиқаришини таъкидладилар.

Мухтасар қилиб айтганда, Исроил томонидан ядро физикаси соҳасида етук мутахассис Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилиши Форс кўрфазида ҳарбий ҳаракатларнинг бошланиб кетишига сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Минтақа, қолаверса, ғарб давлатларини ташвишга солаётган муаммо ҳам шу. Ўйиндан ўт чиқишида айбдор бўлиб қоладиган Исроил эса ҳамон сукутда…

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img