Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонЭронда ядрочи физик олим ўлдирилди. Теҳрон бундан ғазабда

Эронда ядрочи физик олим ўлдирилди. Теҳрон бундан ғазабда

Айни пайтда жаҳон матбуотининг асосий мавзуси эронлик ядрочи олим Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилишига оид тафсилотлар бўлиб турибди. Унинг номи мамлакат ядро дастури муаллифларидан бири сифатида тилга олинади. Олимнинг ўлдирилиши муносабати билан БМТ томонларни босиқликка чақирди. Европа Иттифоқи эса воқеани теракт сифатида баҳолади ва марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди. Эрон эса бу ишда Исроилнинг қўли борлигини таъкидламоқда. Тел-Авив эса оғзига талқон солгандек, жим, айбловларга бирон муносабат билдиргани йўқ.

Теҳрон кўчаларида одамлар АҚШ президенти Доналд Трампнинг суратларини, Қўшма Штатларнинг байроғини намойишкорона тарзда ёқиб юбормоқда. Эронликлар ядро соҳасида мамлакатнинг етук олимининг ўлдирилишига шу тарзда норозиликларини намоён этмоқдалар.

Қотиллик юз берган жойдан олинган илк тасвирларда шаҳар ташқарисидаги йўл, қон ва буюмларнинг парчалари акс этган. “Nissan” автомобилининг ойналарида ўқ изларини кўриш мумкин. Олимга ҳатто тансоқчилари ёрдам бера олмаган. Уларнинг машинасига гранатомётдан зарба берилган. Кейин эса уларнинг ёнидаги ўтин ортилган ва мина жойлаштирилган юк машинаси портлатилган.

Йўл четида тўхтаб турган йўлтанламас машинасидан қуролланган 6 киши тушиб ўт очишни бошлаб юборган. Портлаш шундай кучли бўлганки, юк машинасининг эшигини 300 метр нарига улоқтириб юборган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, террорчилардан бири қамоққа олинган.

Физик олим Муҳсин Фахризода шундай даҳшатли ҳужум уюштирилган бўлсада, дарҳол жон бермаган. Воқеа жойидан у санитар тикучарда олиб кетилган, бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қололмаганлар. Олимнинг ўлими ҳақида илк бор Эрон Мудофаа вазири Амир Ҳотамий телевидение орқали маълум қилган.

“У менинг ўринбосарим ва Мудофаа вазирлигининг Тадқиқотлар ва инновациялар маркази раҳбари эди. Узоқ йиллар мамлакатимиз ҳимояси йўлида меҳнат қилиб келди. Кўплаб талабаларга устозлик қилган эди”, – деб таъкидлаган Ҳотамий ўз чиқишида.

Ғарб матбуоти эса уни “Эрон атом бомбасининг отаси” деб атаб келган. Ядрочи-физикнинг суратлари қоидага кўра, камдан-кам намойиш этилган. Мана, олимларнинг Оятилла Ҳумойний билан учрашувида у хонанинг узоқ бурчагида ўтирибди. Мумкин қадар кўзга ташланмасликка ҳаракат қилган. Бироқ ғар жосуслик хизматлари уни дарров таниб олганлар. Қотилликдан бир неча соат ўтгач, Эрон Ташқи ишлар вазири Зариф: “Террорчилар таниқли эронлик олимни ўлдирди. Бу қабиҳ иш ортида катта эҳтимол билан айтганда Исроил турибди ва бу иш уларнинг жиноий қилмишларини яна бир марта исботлади”, – деб суиқасд ортида Тел-Авив турганини очиқ-ойдин таъкидлади.

Ядро дастури Эронда АҚШнинг кўмаги билан йўлга қўйилган. Бироқ мамлакатда инқилоб юз бергач, Қўшма Штатлар атом соҳасида ҳамкорлик қилишни тўхтатиш билан бирга Теҳроннинг ашаддий душманига айланган. Мана, 30 йилдан ортиқ вақт бўляптики, Теҳрон атом бомбага эгами-йўқми, деган саволга жавоб изланади. Халқаро атом агентлиги (IAEA) ўз ваколатлари доирасида текширув олиб бориб, 2003 йилда Эронда ядро қуроли мавжуд эмаслиги ҳақида хулоса берди.

Бироқ Исроил бунга ишонмайди: у Теҳрон ядро дастурини ривожлантиришда давом этмоқда, деган фикрда. Икки йил муқаддам Бенямин Нетаняху унинг жосуслик хизмати бу борада 55 минг варақ ҳужжат тўплаганини маълум қилганди. Шунинг билан бирга, Бош вазир яҳудий жосуслик хизматлари асосий нишон сифатида кимни кўришларини ҳам яшириб ўтирмади. У: “Доктор Муҳсин Фахризода – “АМАД”нинг бош лойиҳачиларидан. Бу номни эслаб қолинг. Айнан у ёпилган “АМАД” лойиҳасини тиклашни тавсия қилган. Бу борадаги изланишлар эса илмий тадқиқотлар сифатида ниқобланиб келинмоқда”, – деган.

Қайд этиш керак, охирги 10 йил давомида Эрон ҳарбийларига алоқадор деб кўрилган беш нафар олим хориж жосуслик хизматлари томонидан ўлдирилган. Жорий йилнинг январ ойида эса АҚШ ҳарбийлари томонидан Ироқ аэропорти яқинида Эрон Мудофаа вазирлиги Махсус кучлари қўмондони, генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилган, у ҳақдаги маълумотлар америкалик ҳарбийларга исроиллик жосуслар томонидан етказилгани айтилган эди. Бу воқеа ортидан шусиз ҳам таранг бўлиб турган АҚШ-Эрон муносабатлари янада кескинлашди.

АҚШ Марказий жосуслик бошқармасининг собиқ раҳбари Жон Бреннан Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилиши муносабати билан билдирган фикрида олимнинг ўлими ортида қандайдир давлат турган бўлса, бу давлат терроризми сифатида баҳоланишини таъкидлади.

Ғарб матбуотида ҳозирда эронлик олимнинг ўлдирилиши қизғин муҳокама этилмоқда. Хусусан, “Нью-Йорк Таймс” газетасида чоп этилган мақолада Фахризоданинг ўлдирилиши Оқ уйнинг янги раҳбари ва Теҳрон ўртасидаги алоқаларни мураккаблаштиради, дейилган. Чунки, АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден Эрон билан муносабатларни қайта кўриб чиқиш ва яхшилаш тарафдори эканини маълум қилган эди. Бу эса Исроилга ёқмаслиги кундай равшан.

“Нью-Йорк Таймс” тахминига кўра эронлик олимнинг ўлими ортида америкалик ёки исроиллик махсус хизмат кучлари турибди. Журналистларга кўра, улар олимни йўқ қилиш борасида ҳамкорлик қилган бўлишлари ҳам мумкин.

Исроил ОАВларида чоп этилган мақолаларда ҳам Муҳсин Фахризода Исроил жосуслик хизматларининг асосий нишони бўлгани таъкидланган. Матбуотдаги чиқишларда суиқасд олимнинг Моссад билан яқин алоқада бўлган ёрдамчилари кўмагида амалга оширилгани ҳам маълум қилинган.

Расмий Теҳрон мамлакатнинг етук олимининг ўлдирилиши жавобсиз қолмаслигини, бу ишга алоқадор шахслар ва давлатлар муносиб жавоб олишлари муқаррар экани ҳақида баёнот берди. Бу чиқишлар ортидан Исроил хавфсизлик чораларини кучайтирган бўлса, АҚШ Яқин Шарқдаги базаларини жанговар ҳолатга келтирди. Хуллас, Эрон-АҚШ-Исроил ўртасидаги зиддиятлар янада чуқурлашди.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img