Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонЭронда минглаб маҳкумлар озод этилди

Эронда минглаб маҳкумлар озод этилди

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий бир гуруҳ маҳкумларни афв этиш ёки жазосини енгиллаштириш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Ушбу инсонпарварлик ҳужжати таъсирига 1849 киши тушиши маълум қилинди.

Афв этиш ҳақидаги фармон қабул қилинишига Эрон олий суди раҳбари Иброҳим Раиснинг мамлакат раҳбариятига ёзган хати асос бўлган. У олий раҳбариятга қилган мурожаатида афв этишга муносиб маҳкумлар масаласида муносабат билдиришни сўраган.

Шунга кўра оятуллоҳ Али Хоманаий шиалар ҳаётидаги муҳим воқеа – имом Маҳдий таваллуд топган сана ва Республика куни муносабати билан афв этиш ҳақидаги фармонни имзолади. Инсонпарварлик ҳужжати таъсирига тушган маҳкумларнинг барчасига мамлакатнинг турли даражадаги судлари томонидан жазо белгиланган. Афв этилганлар орасида 2019 йилда ёнилғи нархи кескин кўтарилиб кетганидан намойиш ўтказган ва митинг давомида тартибсизликларни юзага келтириб, юзлаб банклар, дўконлар ва бошқа муассасаларни талаган 100 нафарга яқин фуқаролар ҳам бор.

Оятуллоҳ Али Хоманаий Ислом инқилобига 42 йил тўлиши муносабати билан жорий йилда маҳкумларни жазодан озод этиш ёки жазосини енгиллаштириш бўйича ҳам кўрсатма берган ва 3840 нафар маҳкум афв этилган эди. 2020 йилда эса Наврўз байрами муносабати билан 10 минг нафар маҳкум афв этилиб, озодликка чиқарилган.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img