Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонЭрон-Ўзбекистон: ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бормоқда

Эрон-Ўзбекистон: ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бормоқда

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ҳамид Наййирободий жанобларининг interpress.uz мухбири саволларига жавоблари

Жаноб элчи, Ўзбекистон ва Эрон Ислом Республикаси ҳамкорлигининг бугунги куни ва бу йўлда эришаётган ютуқлари ҳақида тўхталсангиз.

Икки мамлакат ўртасида бетакрор тарихий ва маданий муштаракликлар мавжуд бўлиб, мамлакатларимиз иқтисодиётлари ҳам бир-бирини тўлдиради. Икки мамлакат халқлари ҳам бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббат туйғуларини туйиб, бир-бирлари тўғрисида яхши тасаввурга эгадирлар. Эрон ва Ўзбекистон раҳбарларининг хоҳиш-иродаси ва саъй-ҳаракатлари эса икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга йўналтирилган. Ушбу омилларнинг барчаси икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Амалда ҳам сўнгги бир неча йил ичида икки дўст ва биродар давлат – Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда ва турли йўналишларда ривожланишга эришди. Мамлакатларимизнинг олий ва юқори даражадаги раҳбарлари ўртасида самарали учрашувлар бўлиб ўтди. Ҳатто коронавирус пандемияси даврида ҳам ушбу контактлар икки давлат масъуллари ва мутахассислари ўртасидаги телефон орқали мулоқот ва видеоконференцалоқа шаклидаги учрашувлар кўринишида давом этди.

Умуман олганда, Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар барча йўналишлар, жумладан сиёсий алоқалар, икки давлатнинг олий ва юқори даражадаги раҳбарларининг ўзаро ташрифлари, савдо-иқтисод, инвестиция, транспорт, олий таълим, маданият ва туризм соҳаларида тобора ривожланиб бормоқда ва ёрқин истиқболларга эга.

2019 йили икки мамлакат ўртасидаги савдо айрибошлаш ҳажми ундан олдинги йилга нисбатан 38% ўсиб, 424 млн. АҚШ долларини ташкил этган эди. Афсуски, 2020 йили коронавирус пандемияси бу борада маълум қийинчиликлар туғдирди. Аммо ушбу касаллик устидан ғалаба қозонилганидан кейин икки мамлакат ўртасидаги савдо айрибошлаш ҳажми икки баробарга кенгаяди ва тезлашади, деб умид қиламан.

Эрон ва Ўзбекистон муносабатлари кейинги тўрт йилда қанчалар ўзгарди?

Юқорида эслатиб ўтилганидек, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда маълум даражада ривожланишга эришиб, давлатларимизнинг турли даражадаги раҳбарлари, жумладан Эрон Ислом Республикаси муҳтарам Президенти Ҳасан Руҳоний жаноби олийлари ва Ўзбекистон Республикаси муҳтарам Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари ушбу муносабатларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиб, барча тегишли вазирликлар ва идораларга зарурий кўрсатмаларни берганлар. Шу кунгача ҳамкорликларни кенгайтиришга қаратилган «йўл харита»ларидан айримлари тайёрланди ҳам.

2019 йили Тошкент шаҳрида Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг ўн учинчи мажлиси бўлиб ўтди. Ушбу мажлис давомида икки мамлакатнинг турли соҳалардаги алоқалари учун керакли шарт-шароитлар яратадиган бир неча муҳим ҳужжат имзоланди. Ҳукуматлараро комиссиянинг тез орада Теҳрон шаҳрида бўлиб ўтиши мўлжалланаётган ўн учинчи мажлисига ҳам кўплаб ҳужжатларнинг имзоланиш учун тайёрланиши режалаштирилган.

Эрон ва Ўзбекистон муносабатлари ҳар доим дўстона бўлган. Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиб бораётганлигининг белгиларидан бири ушбу муносабатларнинг диверсификациялашаётганлигидир. Ҳозирги кунда икки мамлакат муносабатлари сиёсий, савдо-иқтисодий ва транспорт соҳаларидаги яхши алоқалар ҳамда минтақавий ва халқаро масалалардаги ҳамкорликдан ташқари парламентлараро алоқалар ва олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорликни ҳам ўз ичига олади. Яқин орада ушбу муносабатлар оммавий ахборот воситалари, кинематография ва санъат соҳаларидаги ҳамкорликни ҳам қамраб олади ҳамда ушбу соҳаларда икки мамлакатнинг ихтисослаштирилган ташкилотлари ва бўлинмаларининг ҳам ҳамкорлигига гувоҳ бўламиз, деб умид қиламиз.

Ўзбекистонда элчилик фаолиятингизда савдо-иқтисодий муносабатлар ва транспорт коммуникация алоқаларига қанчалар эътибор қаратасиз?

Икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдирувчи бўла оладилар. Эрон йўналиши Ўзбекистоннинг очиқ денгиз портларига чиқиши учун энг қулай йўл ҳисобланади. Эрон ва Ўзбекистоннинг бир юз йигирма миллион кишилик улкан бозори ҳамда икки мамлакатда мавжуд бўлган товарлар ва маҳсулотлар хилма-хиллиги икки мамлакат тадбиркорлари учун яхши бир имкониятдир. Томонлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик потенциали жудаям катта. Яқин келажакда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айрибошлаш ҳажми 1 млрд. евродан ошиб кетади, деб умид қиламан. Эрон ва Ўзбекистонўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлисларининг мунтазам тарзда ўтказиб борилиши, икки мамлакат ўртасида ўзаро савдо имтиёзлари тўғрисидаги битим лойиҳасининг имзолаш учун тайёрланиши, мамлакатларимиз хусусий секторлари вакиллари ўртасида алоқалар ўрнатилиши ҳамда икки давлат фуқароларининг ўзаро борди-келдилари учун енгилликлар яратиш бунга ёрдам беради.

Икки мамлакат хусусий секторлари вакилларининг фаоллашуви ҳамда икки давлат фуқароларининг қийинчиликларсиз ўзаро борди-келди қилишлари мамлакатларимиз ўртасидаги савдо алоқалари ва туризмнинг ривожланишига хизмат қилади. Бунинг натижасида эса ҳар иккала томон манфаатлари таъминланади. Албатта бу нарса икки давлат ўртасида визани бекор қилиш, автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти транзити имкониятларини кенгайтириш, божхона тарифларини камайтириш ҳамда бир қатор қонунлар ва қоидаларни шаффофлаштиришни талаб қилади. Икки мамлакат ўзаро савдода нисбий имтиёзларга эгадирлар. Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо алоқалари табиий равишда ривожланиб бораётган бўлса-да, айрим чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ушбу алоқаларнинг тезлашиши ва кенгайишига ёрдам беради.

Бир йил олдин Теҳрон ва Тошкент шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри парвозлар йўлга қўйилди. Ҳатто коронавирус пандемияси даврида ҳам ушбу парвозлар чартер шаклда давом этди. Икки мамлакат муносабатлари янада кенгайиши билан парвозлар сони ва йўналишлари ҳам янада кўпаяди, деб умид қиламан.

Эрон ва Ўзбекистон тадбиркорлари ўртасида ҳам яхши алоқалар ўрнатилган бўлиб, ушбу алоқаларни кучайтириш учун катта рағбат мавжуд. Ушбу тадбиркорлар дуч келадиган муаммоларни ўрганиш ва ечишга мўлжалланган тузилмалар тузиш катта фойда келтиради.

Транспорт-коммуникация масаласи, халқаро уммонларга чиқиш Ўзбекистон учун устувор вазифа. Бу борадаги тўрт томонлама Ашхобод битими қайси босқичда?

Транспорт ва транзит мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқалари ривожланишининг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Барча томондан қуруқлик билан ўралган Ўзбекистон учун эса очиқ денгиз ва океанларга чиқиш устувор ва стратегик вазифалардан ҳисобланади. Эрон йўналиши эса бу борада энг қулай, энг хавфсиз, энг қисқа ва энг арзон йўналишдир. Тез орада тегишли инфратузилма имкониятларининг такомиллаштирилиши билан Ўзбекистон Эрон йўналиши орқали Форс қўлтиғи ва очиқ денгизга чиқади, деб умид қиламан.

Ашхобод битими, Термиз – Мозори Шариф – Ҳирот – Чобаҳор темир йўли лойиҳаси ҳамда Шимол – Жануб йўлаги томонларнинг транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорлиги учун муҳим рамкалардан ҳисобланади. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан томонларнинг транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорлигида сезиларли бир ўзгаришнинг гувоҳи бўламиз, деб умид қиламан.

Ўрта Осиё ва Форс қўлтиғи минтақалари ўртасидаги юк ташишни енгиллаштириш мақсадида янги халқаро транспорт ва транзит йўлаги яратиш учун тузилган Ашхобод битимини амалга ошириш бўйича музокаралар ва маслаҳатлашувлар давом этмоқда. Айрим бошқа давлатлар, масалан Ҳиндистон ва Қозоғистон бу лойиҳага қўшилишга истак билдирдилар. Мазкур йўлакнинг ишга туширилиши Ашхобод битимига аъзо давлатлар, айниқса Ўзбекистон ва Эрон учун катта аҳамиятга эга бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ривожида муҳим ўрин тута олади.

Эрон ва Ўзбекистоннинг янада чуқурроқ ҳамкорлигига, ўзаро савдо айирбошлаш ҳажмини  кўпайтиришига нималар тўсқинлик қилмоқда? Уларни олиб ташлаш учун нималарга эътибор қаратиш керак?

Умуман олганда, айтиш мумкинки, бу соҳада фундаментал ва жиддий тўсиқлар йўқ. Бироқ икки мамлакат тадбиркорларининг бир-бирларининг мамлакатларидаги савдо-иқтисодий имкониятлар ва салоҳиятлар тўғрисида кўпроқ маълумотга эга бўлишлари ҳамда икки мамлакат ўртасида қўшма лойиҳаларни ишга тушириш имкониятларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши керак. Масалан, икки мамлакатнинг тарихий обидалари ва муштарак буюк шахслари мақбараларини бориб кўришга қизиқувчилар учун муштарак зиёрат турлари ташкил этиш ҳар икки томон учун ўта фойдали бўлади. Қувонтирадигани шуки, икки халқ ўртасидаги тарихий ва маданий муштаракликлар ҳамда икки халқ вакилларининг бир-бирлари тўғрисидаги ижобий тасаввурларидан ташқари ҳар иккала халқ тилларида кўплаб муштарак сўзлар ҳам учрайди. Икки мамлакат халқлари ўртасида алоқа ўрнатиш унчалик қийин иш эмас. Ўзбекистонда яшовчи форсийзабон ва эроний халқлар вакиллари ушбу мамлакатда яшовчи корейс миллатига мансуб кишилар каби икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама алоқаларнинг ривожида муҳим ўрин тута оладилар. Элчихонамиз ҳам икки мамлакатнинг энг муҳим ва керакли қонунларини форс ва ўзбек тилларига таржима қилиб, қизиқувчилар эътиборига ҳавола қилишга ҳаракат қилмоқда.

Икки давлат раҳбарларининг барча соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш, айниқса савдо айрибошлаш ҳажмини оширишга бўлган иродаси ҳамда азму қарори ушбу муносабатларни ривожлантиришда ҳаётий роль ўйнайди. Икки мамлакатнинг савдо алоқаларини ривожлантириш учун савдо тарифлари соҳасида айрим енгилликлар яратиш ҳамда транзит йўналишларини диверсификациялаш лозим. Эрон томони ушбу тарифларни мумкин бўлган энг қуйи даражага туширишга тайёрлигини маълум қилади. Қувонтирадигани шуки, икки мамлакат ўртасида ўзаро савдо имтиёзлари тўғрисидаги битим лойиҳаси устидаги ишлар ҳам ниҳоясига етай деб қолди.

Икки мамлакат ўртасидаги савдо айрибошлаш ҳажмининг ошишига хизмат қиладиган, аммо ҳозирги пайтда мавжуд имкониятларга мос тарзда ривожланмаган яна бир соҳа – бу икки мамлакат транспорт тармоқлари билан боғлиқ масаладир. Яқин келажакда бу соҳада ҳам катта муваффақиятларга эришамиз, деб умид қиламан. Транспорт йўналишларини диверсификациялашга бўлган эҳтиёж айниқса коронавирус пандемияси даврида сезилмоқда.

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Ҳамид Найрободий жанобларининг хоббиси…

Менинг фикримча ишдан бўш вақтлар оилага тегишлидир. Менинг ишдан ташқари вақтлардаги севган машғулотим табиат бағрида сайр қилиш, ўт-ўланлар, тоғ-тошлар, ариқлар, қушлар ҳамда меҳрибон Аллоҳ томонидан яратилган бошқа гўзал мавжудотлар ва чиройли манзараларни айланиб кўриш ва томоша қилишдан иборат. Албатта коронавирус пандемияси қадимий ва гўзал Ўзбекистоннинг барча жойларини бориб кўришга имкон бермади. Аммо Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги табиат гўзалликлари, Тошкент денгизи, Чирчиқ дарёси, Чимён тоғлари, Амирсой ва Чорвоқ дараси ҳамда Ғазалкент шаҳри билан танишишга улгурдим.

Менинг севган яна бир машғулотим Фирдавсий, Ҳофиз Шерозий, Саъдий Шерозий, Хайём Нишопурий, Аттор Нишопурий, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний ва Хоразмий каби адабиёт ва фан улуғлари асарлари, шеърий девонларини ўқишдан иборат. Албатта буларнинг кўпчилиги икки мамлакат халқлари учун муштарак буюк шахслар ҳисобланадилар. Менга қувонч бағишлагани шуки, кейинги йилларда Алишер Навоий ва Паҳлавон Маҳмудларнинг шеърий девонларини ҳам ўқиб чиқишга муваффақ бўлдим ҳамда улар тўғрисида кичикроқ мақолалар ҳам ёздим. Ушбу мақолалар Ўзбекистондаги айрим оммавий ахборот воситаларида ва сайтларда эълон ҳам қилинди. Ҳозирги кунларда Наврўз байрами ҳамда икки мамлакат учун муштарак бўлган ушбу байрам билан боғлиқ маросимлар тўғрисида бир мақола ёзяпман. Бу мақолам Наврўз байрамига қадар тайёр бўлиб, эълон қилинади, деб умид қиламан.

Икки мамлакатнинг муносабатларини тарғиб этишда матбуот ва ОАВнинг ўрни беқиёс. Бизнингча, Эрон элчихонаси ана шу ҳамкорликни кучайтириши керак.

Бугунги кунда ҳамма матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари қаторидаги тўртинчи ҳокимият сифатида мамлакатлар тараққиётида муҳим роль ўйнашига ишонади. Назаримда оммавий ахборот воситалари мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар ривожи ҳамда жаҳонда тинчлик ва фаровонлик ўрнатилиши учун замин тайёрлашга ёрдам бера оладилар. Эрон ва Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда ҳаётий ва зарурий ролни ўйнай оладилар. Элчихонамиз билан Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ўртасида яхши ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Биз ушбу ҳамкорликни кучайтиришга бўлган ҳар қандай қадамни олқишлаймиз.

Элчихона икки мамлакат оммавий ахборот воситалари ўртасида алоқалар ўрнатилишига ёрдам беришга ҳаракат қилади. Зеро шунда улар икки мамлакатда юз берайтган воқеалар тўғрисида бошқа хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари хабарлари таржимаси орқали эмас, балки тўғридан-тўғри биринчи қўл манбалар орқали хабардор бўлиш имкониятини қўлга киритадилар.

Ушбу фурсатдан фойдаланиб, сиз ва сизнинг ходимларингизга миннатдорчилик билдириш асносида Ўзбекистоннинг улуғ ва меҳмондўст халқига фаровонлик, соғлик ва вақтичоғлик тилаб қоламан.

Абдували САЙБНАЗАРОВ суҳбатлашди

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img