Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонЕОИИ: навбатдаги қадам ягона пул бирлиги

ЕОИИ: навбатдаги қадам ягона пул бирлиги

Кўпроқ Россиянинг сиёсий босим воситаси сифатида таърифланадиган Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзо давлатлари иштирокида ягона пул бирлигини жорий этиш ҳақида гоҳ-гоҳида таклифлар илгари сурилмоқда. Таҳлилчилар бу режа амалга ошса, иқтисодий жиҳатдан кўра, кўпроқ сиёсий характерга эга бўлишини таъкидлашаяпти. Қайд этилишича, ЕОИИ ҳудудида ягона пул бирлиги муомалага киритилса, бир қатор салбий ҳолатлар юзага чиқади.

Мазкур таклиф ташаббускорлари Европа Иттифоқининг бу борадаги муваффақиятли тажрибасини мисол сифатида келтиришни ёқтиришади. Бироқ, ҳозирда ҳам ЕИ давлатлари ўртасида ўз миллий валютасига қайтишни истаётганлар йўқ эмаслигини ҳам ёдда тутиш ва бунга нималар сабаб бўлаётганини ўрганиш лозим.

Экспертларга кўра, ЕОИИ ҳудудида ягона пул бирлигининг жорий этилиши (катта эҳтимол билан айтганда, бу вазифани рубл бажаради) аъзо давлатларнинг мустақил пул-кредит сиёсатини йўққа чиқаради ва бунинг ортидан эмиссияни амалга ошириш, ставкаларни белгилаш, пул ҳажмини назорат қилиш ва бошқа механизмлар ўтмишга айланади. Иқтисодий муаммолар билан курашиш имкониятлари сезиларли даражада камаяди. Бунга ЕИ аъзоси, молиявий муаммолар ва қарз гирдобида қолган Грецияни мисол сифатида келтириш мумкин.

Нафсиламбирини айтганда, ҳозирча аъзо давлатларнинг бўлиб ўтган йиғилишларида бирон марта ЕОИИ пул бирлигини жорий этиш масаласи кун тартибида қўйилгани йўқ. Ташкилот сардори бўлган Москва бу борада иттифоқчиларини чўчитиб юбормаслик учун ҳушёрлик қилмоқда ва аввало, иттифоқ сафини кенгайтириб, мустаҳкамлаб олгач, бу мавзуни муҳокама столига қўйишни кўзламоқда. Бундан ташқари, мазкур тажриба Россиянинг ўзига қандай салбий таъсир этиши ҳолатлари ҳали ўрганилмаган.

Рублни ЕОИИ ҳудудида ягона пул бирлигига айлантириш Москванинг буюк орзуларидан бири эканини иттифоқнинг бошқа аъзолари яхши билади ва бу орзу амалга ҳеч қачон амалга ошмаслигини ҳам жон-жон деб исташади. Улар бу ҳол юз берса, Кремл яна бир кучли босим кўрсатиш воситасига эга бўлишини яхши тушунади. Шу боисдан, ЕОИИга аъзо давлатлар, хусусан, Қозоғистон ва Қирғизистон савдо алоқаларида ҳисоб-китобни АҚШ долларида амалга оширишни маъқул кўрмоқда.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img