Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонЭмина Эрдўған: Мафия ва золимларни жамиятга ўрнак сифатида таништирмаслик керак

Эмина Эрдўған: Мафия ва золимларни жамиятга ўрнак сифатида таништирмаслик керак

Туркия Республикаси Президентининг рафиқаси Эмина Эрдўған 25 ноябр куни Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш куни муносабати ўтказилган анжуманда турк киноижодкорларини дунёга қотиллик, мафия ва зўравонликни экспорт қилмасликка чақирди.

Биринчи хоним ўз нутқида аёлларга нисбатан зўравонлик нафақат бизда, балки бутун дунёда дуч келинадиган катта жароҳат, аслида эса бу маълум маънода глобал пандемия эканини маълум қилди.

“Бир аёлга кўтарилган қўл – бу ҳаммамизга кўтарилган қўл. Бир аёлдан тўкилган бир томчи қон, бизнинг бутун томирларимизни қуритади. Шу сабаб аёллар ва зўравонлик сўзлари ёнма-ён келган жумлалар йўқ бўлмагунча, тинчлигимиз абадий бўлмайди. Бу масалага қарши курашда тўхтамай ишлашимиз керак. Энг муҳими, биз бундай ҳодисалар билан ҳар томонлама курашишимиз керак. Ушбу курашда давлат, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва бошқа барча манфаатдор томонлар қатнашиши керак.

Тилингиздан янграган ва қаламингиздан тўкилган энг кичик сўзлар, сизлар кўрсатадиган ижролар бебаҳодир. Шу боис биз оммавий ахборот воситалари ва шу қаторда, телесериалларнинг зўравонликка қарши курашда самарали воситага айланиши учун умумий якдил фикрни шакллантиришни истаймиз”, – деди Эмина Эрдўған хоним.

Биринчи хоним мамлакат киноижодкорларига мурожаатида давом этиб: “Медианинг бугунги кучи мукаммаллиги дегани эмас. Сиз ҳам яхши биласизки, медиада, фильмлар ва сериалларда ишлатиладиган мавзулар, афсуски, зўравонликни озиқлантирувчи жиҳатларга эга. Тадқиқотлар шуни аниқ кўрсатадики, телевизион кўрсатувларда намойиш этилаётган зўравонлик жамиятнинг хулқ-атвори бузилишига олиб келади ва зўравонликни рағбатлантиради. Сарлавҳаларда ишлатилган “ғазабланган эр, ақлдан озган хотин” каби иборалар аслида олдиндан қилинган жиноят учун баҳонадек. Бу ифодаларда зўравонлик ва қўрқув таъкидланган, чунки у кўпроқ эътиборни жалб қилади. Илтимос, рейтинг учун инсон қадр-қимматини қурбон қилмайлик. Қотилларни, мафия ва золимларни жамиятга ўрнак сифатида таништирмаслик керак.
Туркия Америкадан кейин дунёдаги энг кўп сериал экспорт қиладиган мамлакатдир. Келинг, биз бу сериаллар орқали меҳр-шафқат, севги ва инсоний қадриятларни экспорт қилайлик. Шу нуқтаи назардан бизнинг асосий мавзу оила бўлган ва тарихий қадриятларимиз билан бойитилган медиа маҳсулотларига эҳтиёжимиз бор эканини ифода этмоқчиман”, – деди.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img