Элчи билан учрашув

Пойтахтимизда Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Олган Бекар (Olgan Bekar)нинг мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистлар билан учрашуви ташкил этилди.

Илк бор ўтказилган мулоқот очиқ ва самимий руҳда ўтди. ОАВ вакиллари билан элчи ўртасидаги мулоқотда Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий,  ижтимоий ва маданий йўналишдаги ҳамкорлик алоқалари кўлами хусусида сўз юритилди. Шунингдек тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Хусусан, Туркия элчихонасининг  Маданият ва туризм йуналиши бўйича маслахатчиси Алпарслан Акинжининг айтишича 1983 йилдан бошлаб Туркияда туризм кенг миқёсида ривожланишни бошлаган ва ҳозирги кунда дунёда 6-ўринда туради!

2019 йил Туркия 50 миллион хорижий сайёхни қабул қилди. Ўтган йили пандемия шароитига қарамасдан 16 миллион хорижий туристларга хизмат кўрсатилди. 2023 йилга бориб Туркия Хукумати Хавфсиз туризм лойихасини тўла ҳаётга тадбиқ этган ҳолда 70 миллион хорижий сайёҳларни мамлакатга қабул қилиш йўлида изланмоқда.

Айтиш лозимки, юртдошларимизнинг аксарияти Туркиянинг Истанбул, Анқара, Анталия каби машҳур шаҳарлари, бетакрор тарихий обидалари, туризм салоҳияти, юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотлари, таниқли санъаткорлари, оммабоп фильм ва сериаллари орқали билади. Бир ҳамкасбимиз таъкидлаганидек, Туркия аҳолиси ҳам Ўзбекистонни Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива каби афсонавий шаҳарлари, ноёб ёдгорликлари орқали яхши танийди ёки улар тўғрисида етарли маълумотга эга.

Сайёҳ сифатида Ўзбекистонга келиб, миллий таомларимиздан татиб, халқимизнинг меҳмондўстлик фазилатидан ҳайратга тушганлари, ҳали-ҳануз ўша таассуротларини ёдга олганда, мароқ билан гапириб берадиганлари ҳам кўп. Ўзбекистон тўғрисида “ота юртимиз” деган ибора бот-бот қўлланилади. Бундай меҳрга йўғрилган изҳорларни тинглаганда, Анқарада Амир Темур боғи, “Тошкент” кўчаси, Коньяда Тошкент тумани, Истанбулда ўзбек маҳалласи, Самарқанд маданият маркази, қолаверса, ушбу гўзал шаҳримиз номи билан юритилувчи телерадиоканал борлиги, қатор ҳудудларда ўзбек ошхоналари фаолият юритаётганини кўрганда қалбда ўзгача ҳис-туйғулар жўш уради. Дарҳақиқат, бу икки халқ бир-бирига ҳар жиҳатдан яқин, шунинг учун ҳам бир-бирига “дўстим, қардошим” дея ҳурматини билдиради.

Абдувоҳид Ачилов

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img