Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонЭкспертлар: Қирғизистонда дин борган сари сиёсийлаштирилмоқда

Экспертлар: Қирғизистонда дин борган сари сиёсийлаштирилмоқда

Тез орада, 4 октябр куни мамлакатнинг қонун чиқарувчи органи – Жокорғу Кенешга сайлов ўтказилади. Бу сафар мандатлар учун пойгада анъанавий партиялардан ташқари, “Қирғизистон халқи бирлиги” партияси билан яқингинида бирлашган “Иймон нури” партияси иштирок этади. “Иймон нури” Қирғизистон сиёсий саҳнасида 2012 йилдан бери фаолият кўрсатиб, ўзини адолат ва тараққиёт учун курашадиган сиёсий куч сифатида тасвирлайди. Исломий оқим йўналишига эга диний партия Таблиғи Жамоаат ҳаракатининг бир бўғини сифатида кўрилади. Партиянинг яқинда бўлиб ўтган навбатдан ташқари қурултойида динни сиёсатга айлантириш истагидаги ваъз ва даъватлар янгради, бу ҳам жамиятда асосли эътирозларга сабаб бўлди.

Таблиғи Жамоат бугун Қирғизистондаги энг фаол жамоат саналади – эътиқодлиларнинг деярли 65 фоизини қамраб олгани бот-бот тилга олинади. Бундан ташқари, мустақил исломшунослик илмий-тадқиқот институти олиб борган тадқиқотларга кўра, Таблиғи Жамоат ёшлар орасида ҳам катта эътиборга эга. Қирғизистон муфтийси парламентда “Таблиғи жамоат”нинг экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритилишига қаршилик кўрсатганидан сўнг Бишкекдаги Америка университети мутахасислари мазкур оқим фаолиятини тадқиқ қилдилар. Бундан бир ой олдин Қирғизистон парламентида мамлакатдаги диний вазият муҳокама қилинган ва ҳуқуқ -тартибот тузилмалари “Таблиғи жамоат” ташкилотини тақиқланган оқимлар рўйхатига киритиш таклифини кун тартибига қўйган эди. Қирғизистон муфтийси Рахматулло ҳожи Эгамбердиев ўшанда парламентда қилган чиқишида таблиғчиларнинг экстремист ёки террорчи эмаслигини айтиб, ҳимоя қилган, оқибатда кучишлатар тузилмаларнинг мазкур ташкилотни таъқиқланган оқимлар рўйхатига киритиш таклифи инобатга олинмай қолган.


Шундан сўнг Бишкекдаги Марказий Осиё Америка университети мутахасислари “Таблиғи жамоат” фаолиятини ўрганди. Тадқиқотчиларнинг билдиришича, бугунги кунда “Таблиғи жамоат” Қирғизистоннинг барча вилоятларида кенг томир отган. Вилоятларда бу жамоа аъзолари даъватчилар сифатида танилган. Тадқиқотда айтилишича, “Таблиғи жамоат” 1927 йилда Ҳиндистонда Илёс Кандеҳлави томонидан тузилган. Дастлабки таблиғчилар Қирғизистонда 1990 йилда пайдо бўлган. Бугунги кунда мазкур оқим аъзолари сони Қирғизистонда камида 6 минг кишини ташкил этади. Биргина 2012 йилда таблиғчилар томонидан 600 маротаба қирқ кунлик даъват тадбирлари ўтказилган.    Айрим таблиғчилар даъватга кетаётган пайтда оила аъзоларини пулсиз ва озиқ-овқатсиз қолдираётгани, даъватга чиққанларнинг узун кўйлак кийишлари ва бетартиб сақол қўйишлари ҳам жамиятнинг бир қисмига ёқмаяпти.

Дастлаб, СССР тарқалгач, Марказий Осиё республикаларида пайдо бўлган ҳаракат вакиллари ўзларининг сиёсий мақсадлардан ҳоли эканликларини айтишган. Бош мақсадлари ислом қадриятларини тарғиб этишга қаратилганини айтар экан, даъватни “эшикма эшик юриб” тарқатиш тамойили асосида амалга оширдилар. Ўтган йиллар мобайнида ҳаракат издошлари ўз сафларига янгидан-янги даъватчиларни эргаштириш, ҳатто давлат хизматчиларини ўз сафларига муваффақиятли тарзда жалб этишга эришдилар. Масалан, уч кунлик “даъват”да Талас ҳокими ҳам ўз ишини бир четга суриб, ваъзхонликда иштирок этди.  

Қисқаси, Таблиғи Жамоат фаолияти Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистонда таъқиқланган. Бу ҳаракатнинг фаолиятини собиқ совет маконида биринчилардан бўлиб қонунан таъқиқланган давлат Тожикистон бўлди. 2006 йилда таблиғчилар учун барча каналларни ёпган Тожикистон бутун мамлакат бўйлаб уларнинг барча мадрасаларини беркитди, бошқа мамлакатларда диний таълим олган ёшлар Ватанга қайтарилди. Расмийлар диний ташкилотларнинг, шу жумладан Таблиғи Жамоат ва Ислом уйғониш партиясининг таъсирини камайтириш мақсадида бу каби чораларга қўл урди.   

Орадан уч йил ўтиб, 2009 йилда Россияда ҳам таъқиқ киритилди. Россия Олий Суди таблиғчилар фаолиятини экстремистик деб топди, Россия жамиятида миллатлараро ва конфессиялараро барқарорликка, РФнинг ҳудудий яхлитлигига таҳдид солиши таъкидланди. Айнан ўша 2009 йилда Таблиғи Жамоат фаолияти Ўзбекистонда ҳам таъқиққа тушди. 2013 йилда Таблиғи Жамоатни қонундан ташқарида деб эълон қилган Қозоғистон ҳам қўшниларидан ўрнак олди. ШҲТнинг яна бир аъзоси Хитойда ҳам ҳаракат фаолияти таъқиқланди.

Аммо таъқиқларга қарамай, Қозоғистонда ҳам, Россияда ҳам ҳанузгача ҳаракат издошларини аниқлашади. Улар махфий даъватларни олиб боришади, таъқиқланган адабиётларни тарқатишади, ўз сафларига янги мухлисларни ёллашади.

Мантиқан, Қирғизистон бундай таъқиқ бўлмаган минтақанинг ягона мамлакати. Табиийки, диний гуруҳлар даъватларини бемалол олиб боришади, махсус адабиётлар ҳам чекловларсиз чоп этилади. Фаолияти ман этилган “Ҳибут-таҳрир” ҳам бирмунча эркин. Адолат нуқтаи назаридан айтиш мумкинки, Қирғизистонда таблиғчилар фаолиятини таъқиқлаш уринишлари бир неча марта амалга оширилган. Масалан, 2009 йилда Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик Кенгаши олий судга Таблиғи Жамоат фаолиятини таъқиқлаш тўғрисидаги масалани ушбу ташкилот хавфли ва миллий хавфсизликка салбий таъсир кўрсатиши нуқтаи назаридан ўрганиб чиқишни тавсия этган. Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти ҳам қўшни мамлакат эътиборини таблиғчиларнинг потенциал тахдидига қаратишга уринган, аммо Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ва Қирғизистоннинг дин ишлари бўйича Давлат комиссияси таъқиқ қўйишга эриша олмади.  

Боз устига, маҳаллий экспертларнинг бир қисми ҳаракат фаолияти ман қилиниши ҳақидаги қарорни бемаънилик деб атар экан, “Қирғизистон учун у ҳеч қандай хаавф туғдирмаслигини, аксинча, ғоявий жиҳатдан ваҳҳобийлик ва салафий оқимларга қарши туриши”ни таъкидлашган. Ўша кезлардаёқ россиялик политолог Е. Егоров Қирғизистонни унинг хавфи ҳақида огоҳлантирган: ”узоқ муддатли нуқтаи назардан мазкур ҳаракатнинг диний-сиёсий вазиятга таъсирини инкор этиш мумкин эмас. Айнан бошқарувнинг демократик тизими ва даъватчиларнинг оддий тили ташкилотга аҳолининг барча қатламларини жалб этади. Ҳаракат сиёсатда иштирок этишдан намойишкорона воз кечмоқда, аммо улар фаолиятининг стратегик мақсадлари айнан сиёсат ва ҳокимият билан боғлиқлигини таъкидлашга асослар етарли”. Бироқ уни тинглашмади.

Яна бир қизиқ факт. Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев бир неча марта таблиғчиларга ўзининг ижобий муносабатини намойиш этган. Боз устига, айнан улар мамлакатга радикал кайфиятдаги кучларнинг кириб келишига йўл қўймасликда ёрдам бераётганлигига ишонч билдирганди.

Таблиғи Жамоатга олий муфтий раҳбарлигидаги Қирғизистон мусулмонлари диний идораси ҳам очиқ қўллов кўрсатмоқда, экспертлар фикрига кўра, айнан у ҳаракат етакчиларидан саналади. Бу ҳам таблиғчиларга ўзини эркин ва бемалол тутишига имкон беради. Бир вақтлар сиёсатдан узоқлигини айтиб, бугун Жокорғу Кенешга сайланиш учун қарор қилганликлари қандоқ бўлди?

Агар улар ғалаба қозонса нима бўлади? Қирғизистонда Таблиғи Жамоат издошлари ва уларга хайрихоҳ инсонларнинг катта армияси ҳисобга олинса, бу амалга ошиши эҳтимоли юқори. Оқибати нима бўлади?

Очиқ эътироф этиш керак, Таблиғи жамоатнинг диний таълимотлари ва эътиқоди маҳаллий менталитет, анъаналар ва ханафий мазҳабига зид. Масалан, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда Жўқорғу Кенешга “Иймон нури” партияси келса, қирғиз аёллари хижоб кийишга ўтади, қабилидаги постлар пайдо бўлаётгани бежиз эмас. Бу қизғин баҳсларни келтириб чиқармоқда, бу эса жамиятда мазкур ғоянинг барқарор тарафдорлари кам эмаслигидан далолат беради.   

Экспертларнинг ташкилот мафкураси ваҳҳобийлик оқими радикаллиги билан ўхшашлигини ҳам гапираётганлари бежиз эмас. Таблиғчилар янгиликларни қабул қилишмайди, ўзгача фикрлашга йўл қўймайди. Гарчи очиқ қарама-қаршилик ва жиҳодга чақириқлар йўқ бўлсада, уларнинг даъватлари тинчлик ва барқарорликни сақлашга қаратилган бўлса, давлат тарафдори сифатида майдонга чиқиб, ҳокимиятга интилмаётган бўлса, у ҳолда нега парламент учун интилмоқда?  Ахир мақсад чинакам иймон ва эътиқодга эришиш бўлар экан, қонунга итоаткорлик қани? Фаолияти таъқиқланганига қарамай, нега ўша давлатларда яширинича иш тутмоқда?

Саволлар жавоби юқорида. Барча намойишкорона ҳамжиҳатлик, тинчликпарварлик, келишувчанлик позицияси – бу қалқондан бошқа нарса эмас. Улар ўз мақсадлари – ўз сафларига имкони борича кўпроқ барча тоифадаги, ёшдаги ва миллатдаги одамларни жалб этиш ниқоби остида яшириниш.

Гарчи таблиғчиларнинг ўзлари давлат сиёсатига аралашувни рад этсаларда, уларнинг жимгина, бора-бора миллат яхлитлигига раҳна солмасликларига кафолат йўқ. Масалан, улар армия сафларида хизмат қилиш заруратини инкор этадилар, аёлларнинг ижтимоий ҳаётда ва жамоат ишларида иштирокига қаршилар, болаларни мактабга эмас, мадрасаларга беришга чақирадилар, давлат байрамлари улар учун аҳамиятга эга эмас, янги йилни байрам қилишга ҳам таъқиқ мавжуд. Бу ҳаракатнинг бошқалардан ажраб турадиган жиҳати, ўз тарафдорларига таклиф этадиган турмуш тарзи. Қолаверса, қулай шароитларда ўз позициясини мустаҳкамлаб олиб, ҳаракат издошлари адоватини намойиш этиб, давлатдаги қонунийликка қарши чиқиши мумкин. Яна ўша Қирғизистон бунга яққол мисол бўла олади. Бир неча йил илгари Жокорғу Кенешнинг депутатларидан бири жума куни тушлик вақтини тақводорлар намозга бориб келишларига имкон яратиш мақсадида узайтиришни таклиф этганди. Аммо қонун лойиҳаси кўпчилик овоз билан рад этилди. Шундан сўнг депутат ва Қирғизистон диний уламолар идорасининг собиқ раҳбари Чубак Жалилов ижтимоий тармоқларда ғазабкорона пост қолдириб, лойиҳага қарши овоз берган ҳамкасбларини лаънатлаган эди. Уларни ўзининг жаноза намозига таклиф этилмасликлари учун қайғуриши ҳақида таҳдид қилганди. Изоҳга ҳожат бўлмаса керак. 

Яна бир ҳолат. Покистон ва Ҳиндистонда қўним топган “Алмадхажу” террорчилик ташкилоти Таблиғи Жамоат “сафи”дан чиқиб келган. Аслида бу ташкилотнинг ўчоғи ҳам Ҳиндистон, Покистон ва Бангладешда. Айтиш жоизки, сўнгги пайтларда қирғизистонлик ўсмирларнинг ўқиш учун Бангладешга кетиши кўпайган. Бу ёшлар аксар вақтини Қуръон ёдлашга сарфламоқда. Бангладеш ҳудуди Қирғизистондан ҳам кичик, бироқ бу мамлакатда ҳаддан зиёд – 163 миллион киши истиқомат қилади.
Сиёсий беқарорлик, тарихининг чигаллиги ва таълим тизимидаги қолоқлик маҳаллий аҳолининг мамлакат Конституциясида қайд этиб қўйилган секуляр демократия йўлида ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.

Ўқиш пайтида домлалар талабаларнинг онгини бутунлай ўзгартиришга уринадилар. Масалан, улар Толибон ҳаракатининг дин учун курашдаги роли, уларнинг сиёсати ва хатти-ҳаракатлари талабалар учун ўрнак бўлиши лозимлиги ҳақида билдиришлари мумкин. Кўплаб маҳаллий журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва жамиятдаги эътиборли кишилар расмийларга бу мадрасаларнинг салбий роли ҳақида айтиб келади. Бироқ ҳукумат ҳеч қанақа чора кўрмаяпти. Билъакс, бундай диний таълим даргоҳлари сони ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайиб бораяпти. Сиёсий партиялар ва ҳукумат уларга қарши бирор-бир чора кўришдан тийилмоқда, чунки акс ҳолда улар сайловчиларнинг каттагина қисми дастагидан маҳрум бўлади. Демакки, эртага Қирғизистонда ҳам вазиятга шу аҳволга келмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Қирғизистон қонунларига мувофиқ, 16 ёшга тўлмаган ўсмирларни диний таълим даргоҳларида ўқиш учун хорижга жўнатиш тақиқланади. Айни пайтда, махсус хизматлар маълумотига кўра, Бангладешга 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар ўқишга кетаяпти. Даккада жойлашган масжид қошидаги мадрасада ўқиш учун асосан “Таблиғи Жамоат” аъзоларининг болалари ёки ҳаракат даъватчиларининг яқинлари юборилмоқда. Бу бошбошдоқликларнинг барчаси ота-оналарнинг саводсизлиги, расмийларнинг чорасизлиги ва диний муассасалар фаолиятини тартибга солувчи давлат ташкилотларидаги коррупция туфайли содир бўлаётганидан кўз юмиб бўлмайди.

Қирғизистонлик талабалардан бирининг хорижий мухбирлар билан суҳбатда айтишларича, уларга телевизор кўриш, газета ўқиш ва интернетдан фойдаланиш қатъиян тақиқланган. Улар билан қилинган суҳбат асносида бу ўсмирлар, гарчи ўзлари тан олмасалар-да, савия жиҳатдан ўз тенгдошларидан ортда қолиб кетганини сезиш қийин эмасди. Бангладешнинг ўзида эса экспертлар бундай мадрасаларда ўқиган кўп сонли талабалар армияси келажакда мамлакат тараққиёти учун фойда бермаслиги ҳақида гапирмоқдалар.

Жўқорғу Кенеш сайловлари эшик қоқмоқда. Натижалар қандай бўлади, буни вақт кўрсатади. Аммо бир гапни очиқ айтиш керак, қонунчилик органида Таблиғи Жамоат каби фаолияти кўп давлатларда таъқиқланган ташкилот аъзоларининг ўрин олиши Қирғизистон учун ҳам, Марказий Осиё минтақаси учун ҳам хавф сололмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди.

Абдували Сайбназаров   

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img