Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонДунёнинг глобал муаммоси

Дунёнинг глобал муаммоси

Сув танқислиги муаммоси ҳақида 1970 йиллардаёқ халқаро миқёсда гапирила бошланганди. Сув танқислиги ялпи очарчилик, глобал иқлим исиши, фойдали қазилмаларнинг йўқолиб бориши каби замонавий дунёнинг энг долзарб муаммолари қаторига киритилган. Орадан ўтган 50 йил мобайнида халқаро ташкилотлар томонидан сув муаммосини бартараф этишга қаратилган қатор дастурлар, чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Бироқ…

Бироқ, чучук сув, яъни ичимлик суви етишмаслиги муаммоси тобора кескинлашиб борди. Бу эса халқаро экология ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларни, айрим давлатларни катта ташвишга солмоқда. БМТнинг Сув заҳираларига бағишлаб ўтказилган конференциясида (1977 йил), Ичимлик суви ва санитария таъминоти халқаро ўн йиллиги (1981-1990 йиллар), «Ер сайёраси» бутунжаҳон олий даражадаги учрашуви (1992 йил), 2005-2015 йиллар «Сув ҳаёт учун» халқаро ўн йиллиги ҳаракати деб эълон қилиниши каби тадбирларда истеъмол ва қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун тоза сув етишмаслиги аср дардига айланиб бораётганлиги қайд этилган.

Юқорида номлари қайд этилган ташкилотларнинг сув муаммосини ҳал этиш бўйича саъй-ҳаракатлари бесамар кетмади. ЮНИСЕФ маълумотига кўра, ҳозирги вақтда сайёрамиз аҳолисининг 91 фоизи ичимлик суви (сув қувурлари ёки сув тарқатиш тарқатиш тармоқлари) билан таъминланган. Жумладан, 1990 йилдан буён 2,6 млрд. одам ёки ривожланаётган давлатлар аҳолисининг 42 фоизи тоза сувдан фойдаланиш имконига эга бўлди. Сифати яхшиланган ичимлик суви билан шаҳарлар аҳолисининг 96, қишлоқ жойларда яшовчиларнинг 84 фоизи таъминланган.

Шунинг билан бирга, ЮНИСЕФ ва Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилотининг таъкидлашича, дунёдаги ҳар ўнинчи одам (785 млн.) тоза сувдан фойдаланиш имконига эга эмас. 144 млн. киши эса ичтерлама, вабо, гепатит А каби аллақачонлар ўтмишга айланиши керак бўлган касалликлар ўчоғи бўлган очиқ ҳавзалардаги фойдаланишга яроқсиз сувлардан ичишга мажбур бўлмоқда. Агар 2000-2015 йиллар давомида сув тармоқларидан фойдаланиш имконига эга бўлмаган аҳоли сони 1,7 млрд. дан 2,1 млрд. га кўпайган бўлса, 2017 йил ҳолатига кўра ерликлардан 3 млрд. нафари ҳатто уйида қўлни ювиш шароитига эга эмас.

Юқорида қайд этилган айрим муваффақиятларга қарамасдан, афсуски, ўтган 50 йилдан буён ичимлик суви етишмаслиги муаммоси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда. БМТ маълумотига кўра, 2 млрд. дан ортиқ одам сув танқислигидан азият чекаётган давлатларда яшаяпти. Бундан ташқари, дунёда турли мақсадларда фойдаланилаётган сувларнинг 80 фоизи қайта ишланмасдан ва зарарсизлантирилмасдан сув ҳавзаларига чиқарилмоқда ва мазур ҳолат сайёрамиз экотизимига жиддий хавф туғдирмоқда.

Оби-ҳаёт масаласидаги келажак башоратлари ҳам қувонарли эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, 2025 йилга бориб дунё аҳолисининг ярми сув танқис бўлган мамлакатларда яшайди. Ер аҳолиси тўхтовсиз ўсиб бориши баробарида, ичимлик суви камайиб бормоқда. Ҳозирда ерликларнинг ҳар бирига 750 куб. м. оби-ҳаёт тўғри келаётган бўлса, 2050 йилга бориб бу рақам 450 куб. м. ни ташкил этади. Боз устига глобал иқлим исиши ҳам сайёрамизда чучук сув заҳиралари озайиб кетишига таъсир кўрсатмоқда.

Турли манбаларга кўра, Ердаги чучук сув миқдори барча сувларга нисбатан 2,5-3 фоизни ташкил этади ва унинг ҳам 85-90 фоизи муз кўринишидадир. Сайёрамизда оби-ҳаёт заҳираси энг кўп давлатлар сифатида Бразилия, Россия ва Канада эътироф этилади. Жаҳон озиқ-овқат ташкилоти (ФАО)га кўра, дунё сув заҳираларининг асосий қисми (28,3%) Жанубий Америка давлатлари ҳиссасига тўғри келади.

Тоза ичимлик суви муаммосига дуч келаётган мамлакатлар сафи ортиб борар экан, оби-ҳаётдан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни қишлоқ хўжалиги, саноатга кўпроқ жорий этиш устида изчил ишлар олиб борилмоқда. АҚШ, Хитой, Исроил, Туркия каби давлатлар экспортида бу турдаги технологияларнинг улуши ўсиб боряпти. Иккинчи томондан, табиий заҳиралар соҳасига алоқаси бўлмаган йирик компаниялар ҳам сувни мукаммал тозалайдиган, сув тежовчи технологияларни яратиш бўйича йирик лойиҳаларга қўл урмоқда. Бунга, Американинг компютер техникалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган IBM компаниясини мисол сифатида келтириш мумкин. Ҳозирда ушбу ширкат оқава сувларни қайта ишлаш бўйича энг илғор технологияларини тақдим этмоқда. Қишлоқ хўжалиги экинларига кам сув сарфлаган ҳолда, кўпроқ ҳосил олиш борасидаги изланишлар ҳам деярли барча илғор давлатларга хос анъанага айланиб бормоқда. Хулоса сифатида айтадиган бўлсак, ҳаёт манбаи бўлган сувдан тежаб-тергаб, оқилона фойдаланиш, қатраси тиллога тенг бўлган оби-ҳаёт исроф бўлишига йўл қўймаслик, аксарият давлатлар кун тартибидаги муҳим масала бўлиб қолмоқда ва келажакда муаммо янада долзарб аҳамият касб этиши турган гап.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img