Бош саҳифаЯнгиликларЖаҳонДунё қисқа сатрларда...

Дунё қисқа сатрларда…

АФҒОНИСТОНда ҳукуматни шакллантиришга киришган “Толибон” радикал ҳаракати раҳбарияти БМТга мурожаат қилиб, ташкилот ваколатхонаси мамлакатни тарк этмаслигини сўради.

АҚШ шошилинч эвакуация жараёнида Афғонистонда қолдириб кетилган ҳарбий техникаларига ҳаводан зарба бериш орқали йўқ қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “Axios” портали маълум қилди.

ИСРОИЛ ҳарбий ҳаво кучлари Сурия ҳудудидаги нишонларга узоқ масофага учувчи ўта аниқликдаги “Delilah” қанотли ракеталари билан зарба берди. Ракеталарнинг асосий қисми Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан уриб туширилди. Буни исроиллик ҳарбий экспертлар ҳам тан олиб, бу Москва Дамашқнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтирганини исботлашини таъкидладилар.

ТОЖИКИСТОН Демократик партияси ҳукуматга ва мамлакат фуқароларига, халқаро ташкилотларга мурожаат қилиб, Афғонистонда юз бераётган воқеаларни “ушбу мамлакатнинг пуштун бўлмаган миллатларига нисбатан толиблар томонидан амалга оширилаётган геноцид” деб баҳолаган. Тожикистонлик демократлар Тожикистон ҳукуматидан “Толибон” ҳаракатига ёрдам бераётган мамлакатларнинг Душанбедаги дипломатик ваколатхоналарини ёпишга чақирган.

ҚИРҒИЗИСТОНлик депутатлар Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда русофобия кучайиб бораётгани ҳақида россиялик ҳамкасблари, сиёсатчи ва тарғиботчилари ҳаддан ортиқ ваҳима кўтараётганини танқид қилдилар. Уларнинг таъкидлашича, ушбу мамлакатлар Кремлнинг аралашувисиз ҳам миллатлараро низоларга йўл қўймаслик имконига эга ва рус ОАВларида Москвани бу ишга бурнини суқишга уринишлари ўзга давлатларнинг ички ишига аралашишдан бошқа нарса эмас.

ҚОЗОҒИСТОН ҳукумати қурғоқчиликдан азият чеккан Манғистай ва Қизилўрда вилояти чорвадорлари ва фермерларига табиий офат туфайли кўрган зарарларини қоплаш учун беғараз ёрдам сифатида 3,5 млрд тенга ажратди.

ТУРКМАНИСТОН педагогика институти илгари ўқишга қабул қилинган 18 нафар афғонистонлик туркман талабага таҳсилни давом эттиришга рухсат бермади. Бу ҳақда «Хроники Туркменистана» портали хабар берди. Қайд этилишича, мазкур олий ўқув юрти ҳар йили Афғонистондан туркман миллатига мансуб 25 нафар фуқарони талабаликка қабул қилган.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img