Бош саҳифаДолзарбДўст бошга синов тушганда билинади

Дўст бошга синов тушганда билинади

Ўзбекистон, ўзбек халқи миллати, динидан қатъи назар, бошига кулфат, оғир синов тушган бирон халққа беътибор бўлган эмас. Бунга тарихимиздан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Кўп узоққа бормайлик, ён қўшниларимиз Қирғизистон, Тожикистонда табиий офат юз бериб, аҳолиси мушкул аҳволда қолганда Ўзбекистон биринчи бўлиб ёрдам қўлини чўзди. Жафокаш Афғонистон халқига бир неча маротаба инсонпарварлик ёрдами кўрсатилди.

2008 йилда Россия бўлгинчиларни дастаклаб Грузияга қарши уруш очганда Ўзбекистон инсонпарварлик ёрдами юбориш орқали гуржи халқи билан бирдам эканини намоён этди. Ўзбекистон томонидан кўрсатилган бу дўстона ёрдам Грузия олий ҳукумати томонидан бир неча бор эътироф этилди.

Куни кеча тарқалган хабарларга кўра, айни пайтда Ватанининг ҳар бир қарич ерини, қишлоқлари, шаҳарлари, кўчаларини мардларча ҳимоя қилиб, фавқулодда жасорат ва бирдамлик кўрсатаётган Украина халқига ҳам мамлакатимиз томонидан инсонпарвалик ёрдами кўрсатилган. Бу ҳақда гапирган Украинанинг мамлакатимиздаги элчиси Николай Дорошенко 28 тонналик гуманитар ёрдам учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирган.

Аввалроқ Ташқи ишлар вазиримиз Абдулазиз Комилов Вашингтонда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан ўтказган мулоқотида Қўшма Штатлар расмийси Ўзбекистоннинг Афғонистон ва Украинага кўрсатаётган инсонпарварлик ёрдамини олқишлаши ва бундан миннатдор эканини маълум қилган эди.

Шуни ҳам алоҳида эътироф этиш керакки, Ўзбекистон бошқа давлатлар ўртасидаги ҳар қандай низоли ва зиддиятли масалалар тинч, музокаралар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан келиб чиққан ҳолда ҳал этилишини маълум қилиб келади. Бу энг тўғри, адолатли ёндашув бўлиб, мамлакатимиз ташқи сиёсати моҳиятига тўла мос келади.

PS: иллюстратив сурат

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img