Бош саҳифаЯнгиликларДавлат мукофотлари топширилди

Давлат мукофотлари топширилди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳи ҳарбий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди. Бугун давлатимиз раҳбари юксак мукофотларни ўз эгаларига топширди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, божхона тизими ва ички ишлар органлари ходимлари иштирок этди.

Мамлакат президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони йиғилганларни, барча ҳарбийларни, уларнинг оила аъзоларини байрам билан муборакбод этди.

“Армия фақат қурол ва аслаҳа билангина кучли ҳисобланмайди, балки она Ватан учун жонини аямайдиган ҳарбийлар – аскар ва офицерлар, генераллар билан қудратлидир. Армиямизнинг имкониятлари ва жанговар салоҳиятини белгилайдиган асосий омил мана шу, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз”, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Олий Бош Қўмондон йиғилганлар тимсолида бугун жойларда юксак давлат мукофотларини қабул қилиб олаётган барча ҳарбий хизматчиларни самимий табриклади.

Президент Шавкат Мирзиёев унвон тўғрисидаги гувоҳномаларни, орден ва медалларни тантанали равишда топширди. Ватан ҳимоячиларига сиҳат-саломатлик, зиммасидаги олижаноб вазифаларни самарали адо этишда улкан зафарлар тилади.

Мукофотланганлар юксак эътибор, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари қўллаб-қувватланаётгани учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди, дейилади хабарда.

Алоқадор мақолалар

Кўп ўқилган

spot_img